“Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлган ўқувчилар олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кирди

17:48 03 Август 2018 Жамият
434 0
Иллюстратив фото

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 19-20 май кунлари Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ёшларнинг чин ватанпарвар, улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлиш истагини шакллантиришга хизмат қилувчи янги қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича кўрсатма берди.

Мана шу ҳарбий қисмнинг ўзи мисолида оладиган бўлсак, бу ерда иккита ўқув биноси, ошхона, ётоқхона, асосий бино қайта таъмирдан чиқарилган. Барча объектлар 34 турдаги мебеллар билан жиҳозланди. Жами 18855 квадрат метр бўлган саф майдони ва йўлаклар асфальтланди. Яна 24 объектда қурилиш ишлари амалга ошириши режалаштирилган. Жами 16 миллиард сўм маблағ мана шундай мақсадли ишларга йўналтирилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларни олий ўқув юртларига киришга тайёрлаш учун физика, математика, инглиз, немис, рус тиллари бўйича қўшимча дарс соатлари ўтилади. Ҳарбий қисмда 2500 китоб базасига эга бўлган электрон кутубхона, интернет хонаси, информацион технологиялардан фойдаланиш хонаси, 5000 дан ортиқ китоб фондига эга кутубхона мавжуд.

Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида тузилган меморандум асосида ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларини ўқиш соатлари, ижодкор-зиёлилар билан доимий давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Ёшларнинг китобга бўлган қизиқишларини ошириш орқали уларнинг маънавий оламини бойитишга алоҳида эътибор қаратиляпти, ижодкор аскарларга таниқли адиблар томонидан маҳорат дарслари ўтиш йўлга қўйилди. “Ёш китобхон”, “Китобхонлар беллашуви”, “Китоб – билим булоғи”, “Энг ибратли ҳарбий китобхон” танловларида Алишер Каримов, Равшан Шерманов, ХушнудПаттоев, Одилбек Эсбўганов, Абдуманноб Ҳайдаров, ЁрқинбекЖўраев каби ижодкор ҳарбий хизматчилар фаол қатнашиб, ғолиб бўлдидар.

— Урф-одатларимизга, маънавиятимизга ёт иллатлар таъсиридан ёшларни ҳимоя қилиш учун уларнинг маънавий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, — дейди Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-аҳлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, полковник Шуҳратжон Абдуллаев. — Ёшлар тарихий-бадиий китобларни ўқиш орқали аждодларимизнинг ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонликларидан ўрнак оладилар. Маънавияти бутун, ёт ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитети шаклланган етук ватанпарварларни тарбиялаш олий мақсадимиздир.

Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейи асосан водий вилоятларидан ўқувчилар қабул қилади. Жорий йилда тўққизинчи синфни тамомлаб, вилоятлар мудофаа бошқармалари томонидан ўтказилган бир неча босқичли синовлардан ўтган 600 га яқин ёшлар ичидан 150 нафари лицейга қабул қилинди. Ҳарбий лицейда жами 443 нафар ўқувчи уч босқичда таҳсил олади.Жанговар тайёргарлик кўникмаларини шакллантириш билан бирга мактаб ўқувчилари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бу ерда пухта тайёргарлик кўрадилар. Лицей битирувчилари Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлиги муҳандислик билим юрти, Жиззах ҳарбий олий билим юрти ва юртимиздаги бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар.

Жорий йилнинг 12-16 май кунлари Урганч шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да иккала ҳарбий лицей ўқувчилари ўртасида “Амир Темур авлодлари” ҳарбий спорт мусобақалари ўтказилди.

— Қизғин ва муросасиз баҳслар, ўзаро кучли рақобат тарзида олти йўналишда бўлиб ўтган мусобақаларда ўқувчилар ўртасида кучлар тенг келди, бу, албатта, яхши натижа, — дейди “Темурбеклар мактаби” Фарғона ҳарбий лицейи директори, подполковник Юнусали Тўрақулов. — Бундай мусобақалар, ўқувчиларимизнинг ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, жанговарликка, собитқадамликка ундайди, ватанпарварлик туйғулари янада юксалишига ёрдам беради.

“Темурбеклар мактаби”да Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда китобхонлик тадбирлари ўтказилиб турилади. “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлган ўқувчилар Билолиддин Ғуломқодиров ва Сарвар Раҳимов бу йил Чирчиқ олий танк қўмондонлиги муҳандислик билим юртига, Музаффар Умаралиев эса Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар академиясига ўқишга киришга муяссар бўлдилар.

Президентимиз таклифига кўра 2019 йилда Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам ташкил этиладиган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейлари ватанпарвар ёшларимизни ўз бағрига олиши режалаштирилган. Бу эса ёшларимиз учун янада янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан бўлган ҳарбий хизматчи Муҳаммаджон Рўзибоев вилоятда ўтказилган китобхонлик танловида фахрли биринчи ўринни қўлга киритганди. У жаҳон, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини севиб ўқиш билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланади.Бу йил у ҳарбий хизматни якунлаб, Республика Қуролли кучлар академиясига юқори балл билан ўқишга кирди. Муҳаммаджон, Алишер, Равшан, Билолиддин, Сарвар, Музаффар каби бўй-басти келишган, ҳарбий либослари ярашган изланувчан, иқтидорли, ватанпарвар ўғлонлар Ватанимизнинг ёруғ юзи, суянч тоғларидир!

Хуршида ВАҲОБЖЖОН қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар