«Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш»

09:47 14 Ноябрь 2018 Маданият
287 0

«Азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда тутиниб, кўз-қошдек яқин қўшничиликда яшаб келаётган халқларимизнинг мустаҳкам дўстлик ришталари ҳақида сўз борар экан, энг аввало, икки муаззам сиймо — Шарқ адабиётининг забардаст вакиллари мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Алишер Навоийнинг биродарлик муносабатлари ёдга тушади».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

"Халқ сўзи" ва "Народное слово" йўлланмаси билан

Марказий Осиёда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ягона тарих, умумий келажак йўлида бошлаб берган оқилона сиёсати туфайли “ишонч етишмовчилиги синдроми” барҳам топди. Бу ҳол минтақа барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга молик эканлигини дунё аҳли эътироф этмоқда. Эшик-деразалар очиб юборилганда тоза ҳаво киргани каби тоза нафас жамият муҳитида тинчлик-хотиржамликни таъминлаб, барқарорлик, бунёдкорлик, тараққиёт омили бўлиб хизмат қила бошлади. Ўзбек-тожик халқлари муносабатлари ҳам шу жараёнда азалий ўзанларида ривожлана бошлади, икки қўшни давлат аҳолиси қувонч ва шодиёналиги, дуо ҳамда олқишлари диллар бирлашганда, тиллар ўртасидаги тафовут сезилмай кетишини исботлаётгандек туюлади. Халқларимиз ҳаётида янгича мазмун-моҳият олиб кирган муносабатлар шаҳарлар қиёфасида, кўчалар, хиёбонлар номланишида, дўстлик рамзи сифатидаги ёдгорликлар бунёд бўлишида акс этмоқда.

Туркий тилли ва форсий забон шоирлар орасида мутафаккир шоир Алишер Навоий номи ўзгача жаранглайди. Улуғ шоир ижодининг теранликларига сингиб кетган юксак маърифатпарварлик, эзгулик ғоялари асрлар давомида банибашариятга хизмат қилиб келгани сингари бугунги кунда ҳам қалбларда акс садо бериб турибди.
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш.

Дунёда турфа услубларда, турли пардаларда, турли оҳангларда куйлаб ўтган шоирлар кўп, аммо дўстлик, аҳиллик, иноқлик, миллатлар ўртасидаги муштарак туйғуларни бу қадар юксак пардаларда куйлаганлар оз. Айниқса, икки қардош ва жондош ўзбегу тожик халқлари ўртасидаги ҳамфикрлик, якдиллик ҳақида сўз кетса, дарҳол Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Алишер Навоий муносабатлари, меҳр-садоқати,саховатли шогирднинг устоз ҳолидан ҳамиша хабардорлиги, чексиз ҳомийликлари тасаввурингизда жонланади.

— Алишер Навоийнинг “Хамса”си яратилиши замонаси учун, бутун жаҳон адабиёти учун катта ижобий ҳодиса эканини даставвал Абдураҳмон Жомий эътироф этган эди, — дейди Халқаро журналистлар конфедерациясининг аъзоси, Тожикистон матбуоти аълочиси Абдужалил ўафуров Душанбе шаҳридаНизомиддин Алишер Навоий номидаги боғнинг очилиши катта маданий ҳодиса эканлигини эътироф этиб. — Абдураҳмон Жомий фикрича, “Хамса” муаллифининг туркийда ёзиши форсигўйлар учун бахтдир; агар Алишер Навоий ҳам ўз “Хамса”сини форсча ёзса эди, бошқаларга сўз айтиш учун мажол қолмас эди.

Ҳақиқатан ҳам, инсоний ва ижодий муносабатлардаги бу янглиғ елкадошлик, дилдошлигу сирдошлик бугунги қалам аҳли учун ибрат мактабидир.

Душанбе шаҳрида боғлар кўп. Уларнинг аксарияти улуғ ижодкорларнинг номлари билан аталади. Абу Абдулла Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Аҳмад Дониш, Садриддин Айний маданият ва истироҳат боғлари қаторида Восе номидаги ҳамда “Ёшлар”, “Ёшлар кўли”, “ўалаба”, “Эрам”, “Пойтахт” боғлари мавжуд.Давлатимиз раҳбари жорий йил сентябрь ойида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон Республикасига ташрифи чоғидаТожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Низомиддин Алишер Навоийномидаги маданият ва истироҳат боғини очди. Низомиддин Алишер Навоийноми берилган мазкур боғда Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилган. Тожикистонлик ҳайкалтарош ўафур Жўраев лойиҳаси асосида маърифат рамзи сифатида еттита зина устига ўрнатилган мазкур ёдгорликда Алишер Навоий янги асарини устози Абдураҳмон Жомий билан муҳокама қилаётгани акс эттирилган. Ёдгорлик асосидаги мармар тошлар ҳар иккала миллатга хос нақшлар билан безатилган. Сарв, магнолия, заранг, арча ва турли нина баргли 600 дан ортиқ манзарали дарахтлар,кўкаламзорлаштирилган 14 минг метр майдон, соя-салқин жойларга ўрнатилган 80 дан зиёд ўриндиқлар, 50 ўринга эга замонавий кафедан ташқари аттракционлар, болалар ўйингоҳлари ўзбегу тожик халқлари азалий дўстлигининг рамзи сифатида жорий йилни “Туризмни ривожлантириш ва ҳунармандчилик йили” деб эълон қилган қўшни давлатда дунё сайёҳларини ҳам ўзига жалб этмоқда.

Зуллисонайнлик Алишер Навоийдан бошланган

Ўзбек-тожик халқларининг дўстлиги рамзи сифатида Самарқандда Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоийҳайкали қад ростлаб турарди. Энди Душанбе шаҳрида Низомиддин Алишер Навоий номидаги боғ бунёд этилгани, бу ерда ҳам Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани, бағрикенглик сиёсати билан Тожикистон халқининг ҳам юксак ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мазкур боғнинг очилиши катта рамзий маънога эгадир.

— Тарихан олиб қараганда, ўзаро дўстлик, ижодий яқинлик зуллисонайнлик, яъни икки тилда асарлар ёзиш орқали ривож топиб келган, — дейди Тожикистон Республикаси Ёзувчилар иттифоқи раиси, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, таниқли тожик шоири Низом Қосим. — Адабиётда бу эзгу анъана ҳам Алишер Навоийдан бошланганини унутмаслигимиз керак. Бу буюк зот адабиёт ва санъат аҳлининг ҳимоячиси сифатида ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр, Хуросон ҳамда Эрон халқларифани, адабиёти ва санъатининг ривожланишига муносиб замин тайёрлашга катта ҳисса қўшгани эътироф этилади. Форс-тожик ғазалнавислари орасида ҳам энг пешқадамлардан бириАлишер Навоийнингюксак истеъдоди, фаросати, ақл-заковати, шеър тилига эътиқоди, чинакам сўз санъаткори эканлиги, ҳамзабонликдан ҳамдилликни юксак қўйиши ибрат сифатида намоён бўлади. Икки қўшни давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли тожик сўз санъаткорларининг асарларини ўзбек тилига, ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини тожик тилига таржима қилиб нашр этиш ишлари яна азалий ўзанларига тушмоқда. Алишер Навоий номи билан аталадиган маданият ва истироҳат боғимиз ижодкорларимиз бошини қовуштирадиган маскан сифатида ҳам хизмат қилишига ишончимиз комил.

Шундай дея, Низом Қосим ўзбек тилида чоп этилган “Дўстдирмиз” деган шеъридан ушбу сатрларни ўқиб берди:
Замин бирдир, само бирдир,
Макон бирдир, саро бирдир.
Имон бирдир, Худо бирдир,
Сухан бир ва нидо бирдир.
Икки дона — бир мағиз, пўстдирмиз,
Ҳам қариндош, ақрабою дўстдирмиз.

Улуғ шоир издошлари
Тожикистонда яшаб ижод қилаётган ўзбек ижодкорларининг аксарияти икки тилда бемалол ижод қила олишгани туфайли уларни Алишер Навоийнинг зуллисонайнликдаги издошлари дейишади.

—2,23 гектар майдонда Низомиддин Алишер Навоий номидаги боғнинг барпо этилиши бизни ниҳоятда қувонтирди, — дейди Абулқосим Лоҳутий мукофоти совриндори, ўзбек шоири Эркин Шукур. — Бу ерда икки тилда мушоиралар бўлиши, навоийхонлик кечалари ўтказилиши бизнинг орзуимиз эди. У амалга ошганидан қувончимиз чексиз.

Бошқа бир ўзбек шоири Неъматилло Иброҳим эса мазкур боғ ташкил этилганидан илҳомланиб, “Умрбоқий дўстлик мадҳи” деб номланган самимий ғазалҳам битибди:
Бизга хуросоний ҳаво Жомий-Навоийдан келур,
Субҳи саҳарда хуш ҳаво Жомий-Навоийдан келур.

Олдим сурур девонидан, ҳадсиз ғазаллар конидан,
Кўнглимга бу руҳий сафо Жомий-Навоийдан келур.

“Хамса” маним жону дилим, “Ҳафт авранг”дир таҳсилим,
Руҳимга беш асрий садо Жомий-Навоийдан келур.

Лайли қани? Ширин қани? Айлабдилар ошиқ мани,
Бу дардима ёлғиз даво Жомий-Навоийдан келур.

Таъбимни тоблар ҳикмати, кўҳна кўмакдош санъати,
Дастимга чун чангу сато Жомий-Навоийдан келур.

Ислом бу — Жомий дастури, иймон — Навоий дастури,
Халқу Ватанга чўнг вафо Жомий-Навоийдан келур.

Ориф — улар, устод — улар, менга муборак ёд улар,
Келса, бу назмимга баҳо Жомий-Навоийдан келур.

Тожикистон Қаҳрамони Мирзо Турсунзоданинг “Дўсти, Дўстлик сўзлари тожик ва ўзбек халқлари учун қадим замонлардан маълум ва машҳурдир” деган каломи ўзбеклар орасида қанча машҳур бўлса, Ўзбекистон халқ шоири ўафур ўуломнинг “Бу дўстликнинг янада ривожланиши менинг эзгу орзуимдир”, деган сатрларининг амалдаги исботи сифатида бу эзгу ташаббус улуғ аждодларимиз руҳини шод этади.
Шойим БЎТАЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тошкент — Душанбе — Тошкент


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар