Ёнаётган газета

19:14 15 Январь 2019 Жамият
776 0

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида газета ва газетхон, интернет ҳамда мутолаа маданиятининг бугунги тенденциялари ҳақида таҳлилий мақола чоп этилибди. Мазкур мақолани сиз, азиз муштарийларимизга ҳам улашишга қарор қилдик. Марҳамат, ўқинг, уқинг ва мулоҳаза қилинг (аслида, ҳар қандай мутолаадан мақсад мулоҳаза экани ҳеч кимга сир эмас ахир).

 

Шу кунларда босма ОАВ вакиллари бир-бирлари билан одатдагидек “Соғлиғингиз яхшими?” тарзида эмас, “Обунангиз қандай?” деб сўрашаётгани бежиз эмас.

Афсуски, бу жараён бутунлай нотўғри ва асоссиз қарашларни ҳамда бир талай англашилмовчиликларни ҳам келтириб чиқарди (бу хусусда қуйироқда тўхталамиз). Бу борадаги баҳслар ўзаро давралардан тортиб, ОАВ эфири ва саҳифаларига ҳам тошиб чиқди. Аҳвол шу даражага етдики, ўтган йил мавсум давомида худди бу жиноятдай бирон кишига “Газетага обуна бўлинг”, дея олмай қолдик. Дарров оғзимизга урадиганлар топилди. “Обунасизлик” “тегирмон”ига эса қатор интернет сайтлари тинмай “сув қуйиб” турди.

Хўш, бундан ким ютди-ю, ким ютқазди? Газетчими? Газетхонми? Ташкилотчими? Тарғиботчими? Мухбиру муҳаррирми? Муассисми? Чоп этувчими? Тарқатувчими? “Чат”дагиларми, “сайт”дагиларми?! Мавзуимиз мана шу хусусда.

“Бола”ларига мағлуб бўлган “ота”лар

Аввало айтиб қўяй, ўзимнинг ҳам ҳар куни кузатиб борадиганим бир қатор севимли интернет-нашрларим бор. Босма нашр вакили сифатида “интернетдагилар ё блоггерлар бизга анчагина “тош” отибди, мен ҳам ҳеч бўлмаса “кесак қайтарай”, деган фикрдан йироқман. “Эътирозларим шунга ўхшаб қолмасмикан”, деган истиҳолада узоқ вақт ушбу қораламаларни қоғозга тушира олмасдан юрдим. Бироқ... Буёғи ошиб кетяпти-да. Ҳатто нафсониятингга, ғурурингга тегишдан ҳам тап тортишмаяпти “интернетчи” ҳамкасбларимиз. Мана, биргина мисол…

Оддий арифметика: агар х=5 экани аниқ бўлса, тенгламадаги барча х лар ўрнига бешни қўйиб ҳисоблашга тушамиз. Шу оддийгина қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, нуфузли сайтларнинг бирида эълон қилинган мавзуга доир мақоладаги “даврий нашрлар”, “босма нашрлар”, “газета” сингари сўзлар ўрнига “оталар”, “интернет нашрлар” сўзи ўрнига “болалар” сўзини қўйиб, ўқиб кўрдим. (Нега дейсизми? Кинонинг “ота”си театр, ТВнинг “ота”си радио бўлгани каби интернет журналистикаси ҳам осмондан осилиб тушгани йўқ. У даврий (ёки босма) нашрларнинг “фарзанд”и).

Хуллас, мақолани “х=...” услубида ўқиб кўришга ҳаракат қиламиз:

“Ўлиб бораётган оталар”

Тўғрисини тан олиш керак, бугунги кунда “оталар” жамики позицияларда “болалар”га мағлуб бўлиб улгурди. “Оталар”нинг “паймонаси тўлгани”га ишонгиси келмаётганларгина бу фикрга қарши чиқишади, албатта. Мен буни чўкаётган инсоннинг хасга ёпишишига менгзайман. Аслида “оталар”нинг ҳаётда тутган ўрни тугаб бораётгани бутун дунёда кузатилаётган ҳолат. ... фаол “оталар” ҳам мажбурликдан “болалашмоқда”. Биздаги “оталар”ни энди қўяверинг...”

Агар публицистикадаги бу “инновацион услуб”ни номлаш керак бўлганида, менимча, номи “бетгачопарлик” ёки “андишасизлик” бўларди...

Агар отасини “Қариялар уйи”га олиб бориб қўйганлар уйига бориб, қарсак чалиб, рақс тушишгача борсалар, муаллифга ҳам бошқа эътирозимиз йўқ...

“Курашади икки тўлқин...”

Бир пайтлар рэпперлар ва эстраданинг янги “юлдузча”лари мақомчиларга қараб уларни ким танийдию ким эшитаяпти, қабилида тош отиб қолишувди... Ваҳолонки, эшитадиганлару тушунадиганлар кам бўлгани — бу бугун дунё тан олаётган ва интилаётган мақом санъати ва мақомчининг айби эмаслиги ҳаммага аён ҳақиқат. Биздаги вазият ҳам шунга ўхшаб кетяпти.

Ўзи бу икки “тўлқин” қаердан пайдо бўлди? Этни тирноқдан айириб бўладими? Газеталар интернет нашрларининг арпасини хом ўрувмидики, бунчалик маломат, бунчалик кину адоват?!

Боринг, ана, газеталар йўқ бўлди, дейлик. Интернет нашрларининг кўчасида байрам бўладими? Ё шунча газетхон гуррр этиб сайтларга ёпириладими? Ёхуд реклама берувчи компаниялар “Илтимос, шартнома тузайлик”, деб уларнинг эшигини қоқадими? Ё газеталардаги профессионал кадрларга қармоқ ташлашяптими улар?

Ахир ҳали-ҳануз кўпгина интернет сайтлари газеталардаги материалларни инсоф қилса, манбасини қўйиб, бўлмаса, сўраб ҳам ўтирмасдан кўчириб босиб ётибди-ку. “Тузини еб...” бўлаяпти-ку бу ёғи...

Қолаверса, “янги соҳа”да ишлаётганларнинг аксариятини суриштирсангиз, илгари газетанинг қаттиқ нонини еб юрган бўлиб чиқади...

Бугун “Ҳуррият”ни ёқса...

Машҳур фантаст ёзувчи Рэй Брэдбери қаламига мансуб “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарининг бош қаҳрамони Гай Монтэг — оддий ўт ўчирувчи. Аслини олганда унга ўт ўчирувчи деган эмас, аксинча ўт ёқувчи деган таъриф тўғри келади. Чунки унинг вазифаси хавф-хатар сигнали олинганидан сўнг дарҳол “самандар” машинасида тегишли манзилдаги уйга етиб бориш, уйнинг эшик ромларини синдириб бўлса-да ичкарига кириб… “ўз вазифасини бажариш”. Фақат резина шланглардан сув ўрнига керосин отилади. Ўтсочарлар у ва у яшаётган жамият учун ўта хавфли бўлган бир буюмга йўналтирилади. “Бу ёмон иш эмас, — дейди унинг ўзи бу хусусда бамайлихотир. — Душанба куни Эдна Миллей китобларини ёқамиз, чоршанба куни Уитманни, жума куни Фолкнерни куйдирамиз”. Ҳа, унинг кундалик иши — китобларни ёқиш!

Газетчиларни маломат қилаётган ҳамкасбларимиз Монтэгга ўхшаб кетмаяптиларми? Бугун “Ҳуррият”ни ёқишар, эртага “Маърифат”, индинга “Жамият”ни... Ваҳолонки, босма ОАВ вакиллари ҳурриятимизнинг мустаҳкамлиги, маърифатимизнинг камоли, жамиятимизнинг равнақи йўлида хизмат қилаётганларнинг олд сафларида...

Ёнаётган газеталар тафтига қанча вақт исиниш мумкин? Бу аланга атрофида қанча пайтгача байрам қилиб бўлади ўзи?

Ирмоқлар қўшилса, дарё бўлади

— Интернет журналистикасининг устунлик жиҳатларини ҳам тан олишимиз зарур, — дейди “Олтин қалам” мукофоти совриндори Абдунаби Абдиев. — Масалан, тезкорликда унга етадигани йўқ. Бироқ, кўп ҳолларда таҳлилнинг йўқлиги, борининг ҳам ўта саёз ва хомлиги, ахборотнинг ишончлилик даражаси камлиги ва тез ўзгарувчанлиги, янгилик етказишдаги шошмашошарлик, моҳиятга эмас, шаклга боғланиб қолиш уни вазмин қария олдидаги ҳовлиқма ўсмирга ўхшатиб қўйиши ҳам бор гап. Бугун айтайлик, ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги воқеаларни тарихчиларимиз қаердан тиклашяпти? Ҳеч шубҳасиз, газета саҳифаларидан! Мисол учун, “Олтин қалам” халқаро танловининг Бош Миллий мукофотига энг биринчи бўлиб сазовор бўлган “Қашқадарё” газетасининг салкам тўқсон беш йиллик тарихи бор. Унинг турган-битгани — солнома. Юз йилдан сўнг интернет нашрдаги ахборотлар сақланиб туришига ким кафолат беради?

Мана, айрим босма нашрларимизда “Ижтимоий тармоқларда” деган рукнлар пайдо бўлди. ЎзА вилоят нашрларидаги зўр мақолаларни кўчириб бера бошлади. Демоқчиманки, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка нима етсин?!

Шу ўринда машҳур мультфильмдаги “Болалар, келинглар, дўст-иноқ бўлиб яшайлик”, деган ибора ёдимизга тушади.

Ҳа, тўлқинлар бирлашса — ирмоқ, ирмоқлар туташса — дарё бўлади!

Томоққа тиқилган нон

Афсуски, айримлар ўзларини мажбурий обуна жабрдийдаларининг жасур ҳимоячиси сифатида намоён этишга ўрганиб қолдилар. Гўё мамлакатдаги юзлаб газета-журналларда ризқини териб юрганларнинг ҳаммаси юлғич каззобу, ёлғиз ўзлари “авлиё”…

Тўғрисини айтсам, бугун пешона теримнинг маҳсули — газетчиликдан топган ноним томоғимга тиқилиб қолаяпти (ўзи шундоқ ҳам бу соҳанинг “нони қаттиқ” дейдилар). Гўё тепамда минглаб одамлар бармоғини бигиз қилиб, “Сен муттаҳам, газетчи, бечора ўқитувчининг нонини яримта қилиб, бола-чақа боқаяпсанми?” деяётгандай…

Ваҳолонки... Баралла айта оламиз: нонимиз ҳалол! Бировдан муттаҳамчилигимиз йўқ. Ўз ишимизни виждонан бажараяпмиз. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида айнан бизнинг газетамизда бундан беш йил илгари анча шов-шувли мақолалар берилган эди...

Яқинда газетамизда ўтган йил давомида эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларнинг 40 таси (аслида улар бундан уч баравар кўп эди) яна бир бор эслатилиб, таҳлил қилинди. Ҳамкасбларим ҳали ун ва йўлкира нархининг асоссиз оширилиши, ҳали бозордаги нарх-навою тарози, ҳали исимаётган мактаблару қабулдаги “навбат”и бузилаётган боғчалар, ҳали ер ололмаётган фермеру сарсон бўлган тадбиркор... сингари одамларни қийнаётган ташвиш ва муаммоларни холисона, ўзига хос маҳорат билан, дадил кўтариб чиқишди. Ва... бу орқали профессионал бурчларини бажаришди. Бунинг тагида қанчалик машаққатли меҳнат борлигини бошидан ўтказган билади. Бошқа бир қатор нашрларда ҳам ана шундай заҳматкаш ҳамкасбларимиз зиммаларига элнинг юкини ортмоқлаб меҳнат қилишяпти. Ҳеч шубҳасиз, бу заҳматкашларнинг ЎЗ ОБУНАЧИЛАРИ ОЛДИДА ЮЗЛАРИ ЁРУҒ!!!

Аслида...

Кўплаб корхона, ташкилот ва муассасаларда обуна учун масъул бўлган айрим нопок шахслар ялтироқ шиорлар билан маърифат ва зиё ҳақида оғиз кўпиртириб, назоратсиз оқиб ётган обуна “ариғи”га челак солишарди. Ундан кейин мавсум пайтида ўртада даллол бўлиб, кейин на таҳририятга пул, на обуначига газета берадиган тарқатувчилар... Оқибатда таҳририятгача етиб келадиган “ариқ”даги жилдираган “сув” “эгатни лойлаш”га ҳам етмасди. Мухбирнинг улуши эртакдаги тулки “тақсимлаган” пишлоққа ўхшаб қоларди. Янаям жайдарироқ айтганда, бундай пайтларда газетчи йил бўйи меҳнат қилиб, бозорда устомон олибсотарга маҳсулотини ярим нархига олдириб қўйган деҳқоннинг аҳволига тушарди.

Бир пайтлар газета тарқатиш бизнесини бошлаган танишимга “Шу ҳам иш бўпти-ю”, деганим рост. Бироқ бугун биргина вилоятимизда матбуот нашрларини тарқатиш билан шуғулланадиган, таҳририят билан шартнома тузмасдан туриб ҳам унинг номидан обуна пулини қабул қилаверадиган ташкилотларнинг сони қисқа вақтда йигирмадан ошиб кетгани газета чиқарадиганлардан кўра тарқатадиганларнинг “капгири мой устида” эканидан далолат бермайдими?

Тузланган бодринг “этикетка”си фойдалироқ...ми?

Воҳамиздаги туман газеталаридан айримларининг адади мажбурий нусхага ҳам етмайдиган бўлса, бошқасини босадиган бўлсангиз, қоғоз рулонидан чоп этиш ускунасигача бўлган масофада “тугаб қолади”... Ишонмайсизми? Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси маълумотларига кўра, “Чироқчи” газетаси 44, “Насаф” газетаси 50 нусхада обуна тўплаган, холос...

— Бу асло газеталар ёмон чиқаётганини англатмайди, — дейди “Қамаши” газетаси бош муҳаррири Темирпўлат Тиллаев. — Кўпга келган “тўй”, бу йил тўплаган обунамиз 400 тага ҳам етмади. Бироқ баралла газетхон истаган нарсаларни бера олаяпмиз, дея оламан.

— Яқинда олий ўқув юрти домлаларидан бири қизиқ гап айтиб қолди, — дейди “Қашқадарё спорти” газетаси бош муҳаррири Акбар Раҳмонов. — “Янги йилдан бери деканатга кираман-чиқаман, бир нарса етишмайди денг. Нималигини билолмайман. Қарасам, бирортаям газета-журнал йўқ. Обуна бўл, деб биров айтмабдиям...”

4000 дан ортиқ ададда чиқишни кўзлаётган “Хазина”, 2020 та обуна тўплаган “Ғузор ҳаёти” сингари нашрларнинг аҳволи бугун вилоятдаги бошқа таҳририят вакилларининг “кўзини ўйнатадиган даражада”...

Шунингдек, “Ҳуррият” чиқмай қолган, “Маърифат” ўтган йилдагига нисбатан 4 баробар, “Ёшлар овози” 5 баробар камайган, “Жамият”, бор-йўғи, 1500, “Оила даврасида” 900 та адад йиққан бу йилги шароитда ҳам вилоятлар газеталаридан “Зарафшон” (Самарқанд) 19 минг 780, “Дўстлик байроғи” (Навоий) 11 минг (ўз босмахонасига эга бўлган бу таҳририятдагилар яна хафаям бўлиб ўтиришибди, айтишларича, ўтган йили обуна 20 000дан зиёд бўлган), “Андижоннома” 7 минг нусха чиқаётгани биз, “қашқадарё”чилар кўнглида озгина бўлса ҳам ҳавас ва умид чироғини ёқади...(Дарвоқе, янги йилдан даврийлигини қисқартирган “Қашқадарё” 2172 нусхада босиляпти, ҳафтада бир марта чоп этилиб турган “Новости Кашкадарьи” эса чиқмай қолди. Қиёслаш учун: Самарқанд, Навоий, Андижон, Хоразм сингари бир қатор вилоятларда рус тилидаги вилоят газеталари ҳафтасига икки мартадан чиқиб турибди).

Босмахонадагиларларнинг ҳам кайфиятлари шунга яраша. Беш юз ё мингта газета пластинасини фалон минг доллар турадиган ҳайҳотдай чоп этиш машинасига илгандан кўра, тузланган бодрингга “этикетка” чиқариш фойдалироқ эмасми?!

Хусусий нашрлар-ку, ўз кунларини ўзлари кўришга ўрганиб қолишган. Аммо таҳририятларни ДУКка айлантирган давлат нашрлари муассислари гўё ўз нашрлари билан тузган шартномаларида фақат газетанинг эмас, ўзларининг ҳам бир талай мажбуриятлари белгилаб қўйилганлигидан бехабардай...

— Вазият анча мушкул, — дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Ботир Мусулмонов. — Бир қатор газеталар чиқмай турибди (агар бу ҳолат 6 ой давом этса, уларнинг гувоҳномаси қонуний асосда бекор қилинади), айримлари иложсизликдан ўн беш кунда битта сонини чиқариш тараддудида... Балки ўн бир ойлик обуна якунларидан бир ёруғлик чиқиб қолар?!

Энг қизиғи, соҳада шунча муаммо ёниб ётибди-ю, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими деган дабдабали ном остидаги идорадагиларнинг парвойи фалак, гўё “Бағдодда ҳаммаёқ тинч...”дай “птичка” учун ўтказиладиган тадбирлари ёхуд ўзлари (!) ташкил этган газеталарни ва газета тарқатиш тузилмаларини “тирилтириш” ҳамда ривожлантириш йўлларини излаш билан овора...

Оқибат...

Юқорида қўйган саволимизнинг жавоби аниқ. Ҳаммамиз ҳам ютқазяпмиз. Бепарвогина бўлиб бебаҳо бойлигимизни бой беряпмиз.

Оқибат қаерга қараб етаклаяпти? Буни тасаввур этиш қийин эмас. Одамларни — маърифатсизликка. Босма ОАВни — боши берк кўчага (кўпгина таҳририятлар аллақачон бу кўчага кириб бўлди).

Шунча гапни фақат таҳририятлардаги “бир ҳовуч” одамнинггина эртанги тирикчилигини ўйлаб айтаётганимиз йўқ. Масалан, бизнинг мухбирларимиз ўз фаолиятларини таълим, тадбиркорлик соҳаларида ёхуд ташкилотларнинг матбуот хизматларида давом эттириб, бундан яхшироқ даромад топишлари мумкин. Аммо... улар ўз тақдирларини газета билан боғлаганлар. Босмахона бўёғининг ҳиди анқиб турган мана шу тўрт варақ қоғозни ҳаётларининг мазмуни деб биладилар. Асл ҳузур-ҳаловатни мана шу касбларидан топадилар.

Энг муҳими... Газеталар инқирози жамиятда маърифатдан ташқари бошқа қатор соҳаларда ҳам бир талай муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Мана улардан айримлари:

иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши кескин пасаяди;

матбаачилик соҳасида катта йўқотишлар юз беради (босмахона фаолияти билан шуғулланадиган ишбилармонлар хориждан жуда катта миқдордаги валюта эвазига келтирган замонавий чоп этиш ускунасининг ҳали харажатини ҳам қоплаб улгуришгани йўқ);

шундоқ ҳам мушкул вазиятда қолган почта тизими, шунингдек, газета-журнал тарқатиш билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорлик субъектлари янги муаммолар гирдобига ғарқ бўлади;

шундоқ ҳам табриклару майда эълонлар, кимошди савдоларидан нарига ўта олмаётган реклама бозори яна “оқсайди”;

сиёсий партиялар сайловолди тарғиботларида муҳим таянчларидан маҳрум бўладилар;

зиёли қатлам ўртасида ишсизлик даражаси ошиб кетади...

Дарвоқе, Брэдберининг яна бир ҳикмати бор: “Китобни оловда ёқишдан ҳам ёмонроқ жиноятлар бор. Мисол учун уни ўқимаслик”.

Ҳеч шубҳасиз, ГАЗЕТАни ҳам...

Нуриддин Эгамов, “Қашқадарё” газетаси бўлим муҳаррири​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019