Ёнадиган тошдан гапирадиган роботгача...

11:54 13 Ноябрь 2018 Жамият
512 0

“Яшнобод” инновация технопарки турли йўналишдаги илмий тадқиқотлар, тажриба ва ишлаб чиқариш синовлари ўтказиш, инновацион маҳсулотлар намуналарини ўзлаштиришга ихтисослаштирилган марказдир.

Ҳозирда бу ерда кимё технологиялари, биотехнология, фармацевтика, тиббиёт биотехнологияси, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, манбашунослик, металларни қайта ишлаш технологиялари, зилзилабардошлилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати, энергия тежаш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, электрон ўлчов қурилмалари, робототехника, машинасозлик, электротехника каби соҳалар бўйича ўндан ортиқ резидентлар фаолият кўрсатмоқда.

Интерфаол роботлар ишлаб чиқарувчи “Interactive Robot Solutions”, маҳаллий патентланган имплантлар устида ишловчи “Turon Silk Pharm”, композицион полимер елим ишлаб чиқарадиган “Interkompozit”, ёруғлик таратувчи тошлар тайёрловчи “City Light”, сим-карталар ишлаб чиқарувчи “Vades group”, 3D принтерларга ихтисослаштирилган “Greencode”, микробиологик ўғитга мослаштирилган “Baykal-KMU”, ёруғлиги созланадиган, кўчаларга ўрнатиладиган чироқлар ишлаб чиқарувчи “Comfort Engineering”, иссиқлик ва товушларни изоляция қилувчи қуруқ аралашмалар тайёрловчи “Penodekor Service” корхоналари бугун кўпчиликка яхши таниш.

Дарвоқе, мазкур резидентлар яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган “InnoWeek — 2018” инновациялар ҳафталигида жаҳоннинг элликдан ортиқ мамлакатлари вакилларига ўз маҳсулотларини намойиш этди. Табиийки, иштирокчилар ушбу инновацион товарларга юқори баҳо беришди. Қолаверса, ҳамкорликда ишлашга қизиқиш билдиришди.

Айни шу технопаркда яратилган “Adbot” роботи одамларга йўл кўрсатиши, саволларга жавоб бериши, бир марта гаплашган кишини эслаб қолиши, реклама материалларини намойиш этиш функцияларига эга. Уни одамлар кўп тўпланадиган майдонлар, супермаркетлар, умумий овқатланиш жойлари, банкларга қўйиш мумкин. Ушбу “ақлли” қурилма керакли маълумотлар беришдан ташқари, инсонларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши билан эътиборга лойиқдир.

Ҳозирча юртимизда ягона бўлган ҳамда туркум равишда ишлаб чиқарилаётган 3D принтерлари сифати ва харидоргирлиги билан ички бозоримизга кириб келди. Ҳатто қўшни давлатларда ҳам бунга талаб ўсиб бормоқда. Уни тайёрлашда 70 фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланилади. Битта принтернинг нархи тахминан уч миллион сўм. Ундан таълим муассасалари кўргазмали қуролларни яратишда фойдаланишлари мумкин.

“City Light”нинг ёруғлик тарқатувчи тошлари ҳам кўпчиликнинг диққатини тортиши табиий. Ҳақиқатан ҳам, ғаройиб тошлар кундузи брусчаткага (кўчага ётқизиладиган чорқирра тошлар) териб қўйилади. Улар кун давомида ёруғликдан қувват олади. Кечаси эса олинган ёруғлигидан нур таратади. Мўъжизанинг ўзгинаси!

“Яшнобод” технопарки маъмурияти ва резидентлари амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бутун фаолият кўрсатиш даврида ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилади. Бундан ташқари, ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжи учун четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хом ашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) ҳам тўламайди.

Буларнинг барчаси инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш кўламини кенгайтириш, пировардида мамлакатимизни янада равнақ топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлардир.

Дилмурод СОДИҚОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019