Енгилишни билмаган “Қоя”

14:00 20 Май 2020 Спорт
550 0

Марсель Десайи 1968 йилда Ганада туғилган. Онаси франциялик дипломатга турмушга чиққанидан кейин шу мамлакатга кўчиб келишган. Франция фуқаролигини қабул қилган. Бундай футболчиларни одатда, “Чинакам курашчи”, дея таърифлашади. Ҳимоя чизиғида тўп сурган Десайига “Қоя” лақаби ҳам бежиз берилмаган.

Марсель ҳайрон қоларли даражадаги катта жисмоний кучга эга эди. Чарчоқ нималигини билмасди. Майдонда позиция танлашда камдан кам ҳолда адашарди. Унинг ноёб қобилияти илк бор “Нант” клубида кўзга “ярқ” этиб ташланди. Бу жамоадаги ишончли ўйинлари сабаб уни “Марсель” клуби ўз сафига қўшиб олди. Ўша пайтларда “Марсель” нафақат Франциянинг, балки Европанинг энг кучли клубларидан саналарди. Марсель Десайининг мардона ўйини клуб шон-шуҳратининг янада ошишига хизмат қилди. Клуб 1993 йилда ўзининг биринчи ва ҳозирча ягона бўлиб турган йирик соврини — Европа Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритди. Финалда французлар “Милан”ни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиққандилар. Бунгача эса улар мамлакат чемпиони бўлишганди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай “Марсель” ўйинларни сотиб олганда айбланиб, чемпионлик унвонидан маҳрум этилди. Лекин бу жазонинг Европа Чемпионлар лигасига дахли бўлмади.

Ҳимояда тик қоядек туриб берадиган, рақиб ҳужумчиларига дарвозага зарба йўллаш имконини қолдирмайдиган бу ҳимоячини “Милан” ўз сафига қўшиб олиш ҳаракатига тушди. Ниятига етди ҳам. Қаҳрамонимиз Италия А сериясининг дастлабки ўйинлариданоқ жамоанинг ажралмас бир бўлагига айланди. Аслида унинг ўзи ҳам “Милан” даражасидаги клубга эҳтиёж сезаётганди. Бу жамоа сафида ҳам у Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Эътиборлиси, ҳал қилувчи баҳсда киритилган тўртта голнинг биттасини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Десайининг 1992—1994 йилларда клуб даражасида эришган ютуқлари унга нафақат бу ердаги, балки терма жамоадаги мавқеини ҳам мустаҳкамлади. У илк бор 1993 йилда терма командага жалб этилди. Бироқ французларнинг 1994 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги икки омадсиз ўйини бўлмаганида қаҳрамонимиз мундиалнинг кашфиётига айланиши мумкин эди. Ўшанда Франция терма жамоаси саралаш босқичида кутилмаганда ўз майдонларида Исроил ҳамда Болгария терма командаларига ютқазиб қўйишди. Оқибатда жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолишди.

Келинг, Десайининг клубдаги ишларига қайтайлик. ”Милан”нинг ўша пайтдаги устози Фабио Капелло унга мунтазам тарзда ишонч билдирар ва қаҳрамонимиз бу ишончни рисоладагидек ўйини билан оқларди. Шунга қарамай, жамоанинг ишлари юришмай қолди. ”Ювентус”нинг чинакам рақобатчига айланиши, бошқа жамоаларнинг “Милан”га қарши жон-жаҳдларини бериб ўйнашлари унинг турнир жадвалидаги мавқеига таъсир ўтказди. Бунинг устига жамоа Чемпионлар лигасида “Аякс”дан икки бор мағлубиятга учради. 1995 йилга келиб “Милан” учинчи бор Европанинг энг нуфузли саналган турнири финалига чиқди. Бу ерда унга яна “Аякс” рўпарў келди. ”Милан” яна енгилди.

Начора, футбол нуқул ғалабадан иборат эмас. Акс ҳолда у ўз жозибасини йўқотган бўлур эди. Учрашувлар Десайига ўз маҳоратини ошириш нуқтаи назаридан фойдали кечди. Бу эса 1998 йилда Францияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида унга жуда қўл келди. Кутилганидек, Марсель Десайи терма жамоа ҳимоя чизиғида метин қоядек туриб берди. Мундиал финалида французлар Бразилия терма жамоасига ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Франция ўз тарихида илк бор жаҳон чемпиони бўлди.

Шу мундиалдан кейин Десайи муҳитни ўзгартириш фикрига келди.Италияни тарк этиб, Лондонга йўл олди.”Челси” билан шартнома тузди.Бу пайтда “Челси” эндигина куч йиғаётган, аммо клуб тепасига ҳали Роман Абрамович келмаган эди. Шунга қарамай, Десайи 1998 йилнинг августида “аристократлар” билан Европа Суперкубогини қўлга киритишга муваффақ бўлди. У бу ерда ҳеч қийналмай ўз ўйинини топиб кетди. Жамоа сардорига айланди.Франк Лебёф, Вильям Галлас, Клод Макелеле сингари таниқли футболчилар билан у билан сафдош эдилар. ”Марсель – ноёб футболчи,- дея эслаганди кейинчалик Жон Терри. — Ўйинни аввалдан ўқий оладиган бунақанги футболчини мен илгари учратмаганман. У гўёки ўзига издош тайёрлаётгандек, бор билимини менга берди”.

Воқеалар ривожи ҳам худди шуни кўрсатди. Десайи “Челси”дан кетгач, унинг ўрнини Жон Терри эгаллади. Мутахассислар фикрича, агар майдон ҳимоя марказида Десайи — Терри жуфтлиги ўйнаганида дунёда бундан кучли дуэтни топиш мушкул эди. Яна бир жиҳати борки, қаҳрамонимиз нафақат ҳимоя марказида, балки таянч ҳимоячи позициясида ҳам бирдек ишончли тўп сура оларди. Десайи кетгач, “Челси” унга ўхшаган маҳоратли футболчиларни харид қилган ҳолда Англия чемпионлигини қўлга киритди.

Десайи “Челси”да ўйнаб юрган кезларида терма жамоа билан яна бир катта ютуққа эришди. 2000 йилда Европа чемпиони бўлди. 2002 йилги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди. Эсласангиз, бу мундиал французлар учун ўта омадсиз якун топган, улар гуруҳ баҳслариданоқ ортларига қайтишга мажбур бўлишганди.

Қаҳрамонимиз фаолиятининг якуний қисмини Қатарда ўтказди. Ҳатто “Қатар” (Доха) жамоаси билан мамлакат чемпиони бўлишга ҳам улгурди. Кейин эса телевидениеда футбол эксперти вазифасида ишлади. У тренерлик қилиши ҳам мумкин эди. Таклифлар йўқ эмасди. Масалан, ўзи учун бегона бўлмаган Ганадан терма жамоани бошқариш таклифи тушди. Десайи ишонч учун миннатдорлик изҳор этиб, шу ҳамда бошқа таклифларни қатъиян рад этди.

— Ҳозирча мен тиғиз режим асосида ишлашга тайёр эмасман,— дея ўз қарорини изоҳлади Десайи. — Мен афтидан футболдан шунақанги чарчаганманки, унга бир оз чеккадан туриб қарашни маъқул кўряпман. Балки вақти келиб мураббийлик қиларман. Дўстларим бунинг учун сенда ҳамма нарса бор, дейишди. Имкониятларим қанақалигини билмайману, аммо мен жуда хотиржам инсонман. Бу мураббийликда қўл келиши керак.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, Десайи ўтган асрнинг энг кучли ҳимоячиларидан саналади. Қоидани бузмаган ҳолда кескин ўйнаш, совуққонлик, позицияни тўғри танлаш борасида ундан ўтадигани йўқ эди. Марселдаги бу фазилатлар жамоанинг ўзига бўлган ишончини оширар, футболчиларнинг кучига куч қўшарди. ”Футбол қироли” Пеле Десайини жаҳоннинг энг кучли 100 нафар энг кучли футболчиси рўйхатига киритгани ҳам бежиз эмас.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?