«Яшнобод» инновацион технопарки янги биносининг расмий очилиш маросими бўлди

12:40 28 Август 2020 Жамият
232 0

27 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги «Яшнобод» инновацион технопарки биносининг очилиш маросими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ва вазирлик ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Инновацион Ўзбекистон: келажакка интилаётган мамлакат» мавзусида ахборот технологияларини қўллаган ҳолда масофавий анжуман ўтказилди.

Анжуманда сўнгги йилларда инновацион ривожланиш йўлида амалга оширилган ишлар сарҳисоби қилинди. Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши муносабати билан соҳада белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги ишлар кўламини белгилаб олинди. Шунингдек соҳада олиб борилаётган ишларнинг ижобий натижаси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан барпо этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги «Яшнобод» инновацион технопарки биносида яратилган шароитлар, технопарк резидентлари фаолияти билан таништирилди.

Ушбу тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари – депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти вакиллари, масъул раҳбарлари ва ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

«Яшнобод» инновацион технопарки юқори технологияларни ривожланиши учун қулай шарт-шароитни яратиш, илмий, технологик ва инновацион тадбиркорликнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, кичик инновацион корхоналарни ташкил этиш, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош, юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

«Яшнобод» инновацион технопарки ўз резидентларига солиқ имтиёзлари, божхона имтиёзлари тақдим этади, шунингдек ишлаб чиқариш ва офис биноларини барча инфратузилмаси билан имтиёзли шартларда ижарага беради. Бундан ташқари, технопаркка резидентларга илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятининг барча соҳаларида ёрдам бериш, ички ва халқаро бозорларда барқарор алоқаларни ўрнатиш ҳуқуқлари берилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва технопарк раҳбарияти «Яшнобод» технопарки учун тақдим этилган ер майдонини ривожлантириш учун кенг кўламли ишларни амалга оширди. Барча зарур инфратузилмага эга ишлаб чиқариш ва офис хоналари қурилиб, улар технопарк резидентларига ижарага берилди. Ҳозирда тадбиркорлардан технопарк резиденти мақомини олиш учун аризалар қабул қилинмоқда.

Бугунги кунга қадар «Яшнобод» инновацион технопаркида 32 та лойиҳа резидент мақомини олган. Улар қуйидаги йўналишларда фаолият юритмоқда: кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ахборот коммуникация технологиялари ва бошқалар.

Резидентларнинг айримлари ўз инновацион ишланмаларини жорий этиш арафасида бўлсалар, айримлари ўзлари ишлаб чиқаришга тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга сотишни йўлга қўйганлар. Булар: 3D принтерларни ишлаб чиқарувчи «GREENCODE» МЧЖ ва «NOVAPRINT» МЧЖ, микропроцессор модулларни ишлаб чиқарувчи «VADES GROUP» МЧЖ, полимер аралашмалари ишлаб чиқарувчи «UzAutoCepla» ҚК ва «POLYMER PIGMENTS» МЧЖ , босма сиёҳлар ишлаб чиқарувчи «ARHAT inks», полиефир смола асосида автомобиль шпатлёвкаси ва елим ишлаб чиқарувчи «NOVOL ASIA» МЧЖ, юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар (Ўзбекистонда биринчи марта ИВЛ) ишлаб чиқарувчи «CHIRANAASIA» МЧЖ ва бошқалардир. Санаб ўтилган мазкур лойиҳалар янги ғоялар билан бойитилган бўлиб, дунёда ўхшаши йўқ ҳисобланади.

Умуман олганда, «Яшнобод» инновацион технопаркининг уч йиллик фаолияти таҳлили мазкур технопарк инновацион тадбиркорликни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича ишлар муваффақиятли амалга оширилиб, инновацион маҳсулотларнинг бозорда ўз ўрни топишига ёрдам бераётганини кўрсатди. «Яшнобод» технопарки ташаббускор инновацион тадбиркорларни ҳамкорликка таклиф этади!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?