«Яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ички туризмни амалга ошириш мумкин(ми?)

16:30 29 Май 2020 Welcome to uzbekistan
449 0

Белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлашлари белгиланди.

Бу ҳақда Президент​нинг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида тўлиқ маълумотлар бор.

Андижон вилоят туризм бошқармаси маълумотига кўра вилоятда бугунги кунда 16 та меҳмонхона (957 ўрин), 19 та оилавий меҳмон уйлари (188 ўрин), 30 та микроавтобуслар, 39 та туроператорлар, 3 та гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

2019 йил давомида хорижий ва маҳаллий туристлар учун 5 та туризм ахборот марказлари, 21 та намунавий санитария-гигиена шохобчалари, 15 та туристик объектларга олиб борувчи йўл кўрсатгич белгилари ва 11 та туризм объектларда Wi-Fi ҳудудлари ташкил қилинди.

Ўзбекистон – сайёҳлик соҳасида улкан салоҳият ва имкониятга эга мамлакат ҳисобланади. Ушбу соҳани жадал ривожлантириш, юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, ички ва экотуризм салмоғини кенгайтириш борасида сўнги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Фармонда фуқароларга Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхатини белгилаб олган ҳолда кириш туризми босқичма-босқич қайта тикланиши белгиланган.

Дарҳақиқат, сўнги йилларида мамлакатимизда туризм саноатини, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Миллий тикланиш» демократик партияси туризмни мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб билади. Чунки туризм соҳаси янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Туризмни, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Андижон вилоятида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятдаги «Ўлкашунослик», «Адабиёт ва санъат» музейлари, Андижон шаҳридаги Боғи Бобур, Булоқбоши туманидаги «Ширмонбулоқ», Хонободдаги «Хонтоғ» дам олиш масканлари, Андижон шаҳридаги «Мирпўстин ота», Жалақудуқ туманидаги «Қутайба ибн Муслим», Қўрғонтепа туманидаги «Бибисешанба», Хонободдаги «Фозилмонота», Хўжаобод туманидаги «Имомота», Балиқчи туманидаги «Уч булоқ», «Тузлуқмомо», Андижон туманидаги «Меҳмони Валий» зиёратгоҳлари, Жалақудуқ туманидаги «Сарвонтепа», «Чордона» Булоқбоши туманидаги «Тоштепа», Марҳамат туманидаги «Мингтепа» каби археологик ёдгорликлари айниқса, сайёҳлар билан гавжум бўладиган масканлардир.

Ана шу ва бошқа дам олиш масканлари ҳамда зиёратгоҳларда сайёҳлар ва дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Дам олувчиларга хизмат кўрсатиш даражаси ҳам тобора ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, кейинги йилларда аксарият зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида ободонлаштириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Масалан, «Хонтоғ» дам олиш масканидаги осма сим йўли тўла реконструкция қилинди, Балиқчи туманидаги «Уч булоқ», «Тузлуқ момо», Пахтаобод туманидаги «Ховаскон ота», Андижон шаҳридаги «Мирпўстин ота» зиёратгоҳларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, зиёратчилар учун зарур қулайликлар яратилди. Бу эса зиёратчилар сонини кескин ортишида муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, ана шу жойларда янги савдо, маиший хизмат шохобчаларининг барпо этилиши билан кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Андижоннинг қадим тарихидан сўзлагувчи вилоят Адабиёт ва санъат музейида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд бебаҳо осори-атиқалар, турли ҳужжатлар ва қўлёзмалар ўрин олган.

Андижоннинг кўрки ва фахрига айланган Боғи Бобур дам олиш масканида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди, болалар учун турли кўнгилочар ўйинлар, янги-янги аттракционлар ўрнатилди. Бу ерда дам олувчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Сайёҳлар ушбу маскандаги «Бобур ва жаҳон маданияти» музейида З. М. Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб экспонат ва маълумотлар билан танишишлари мумкин.

Вилоятда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, туристик объектлар ва уларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, йўллар бўйида жойлашган савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини халқаро андозалар даражасида ташкил этиш борасида ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, туризм соҳасида фаолият олиб борувчи етук мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги ўнга яқин маиший хизмат касб-ҳунар коллежларида туризм, меҳмонхона хизматини ташкил этиш йўналишларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Ички туризмни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда сервис хизматини янада яхшилаш мақсадида қўшимча туристик йўналишларни ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, Марҳамат ва Улуғнор туманларида экотуризм, Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалиги ҳудудида «Балиқ ови», Жалақудуқ туманида «Термал сув», Хўжаобод ва Шаҳрихон туманларидаги шифобахш қумларда «Соғломлаштириш туризми» йўналишларини очиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Мархамат туманидаги бир неча минг йиллик тарихдан сўзлагувчи Сарвонтепа, Мингтепа археологик ёдгорликлари хорижий экспертлар иштирокида тадқиқ этилмоқда.

Бугунги кунда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида туризмни, айниқса, ички туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, саёҳатчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз партия фаоллари ва депутатлар давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони ижросини таъминлашда фаол иштирок этамиз.

Ҳамиджон ОМОНОВ,

«Миллий тикланиш» демократик партияси Андижон

вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?