«Яшил иқтисодиёт»га ўтишнинг янги босқичи

08:50 06 Июнь 2018 Иқтисодиёт
281 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1972 йили Стокгольм шаҳрида ўтказилган конференцияда 5 июнь “Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган эди.

Сабаби, табиат ва унинг неъматларига нооқилона муносабат оқибатида кўплаб экологик муаммолар вужудга келаётганди. Ачинарлиси, бугунги кунда ҳам ушбу масаланинг долзарблиги ошса ошаяптики, асло пасаяётгани йўқ. Дунё миқёсида йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлланишга учраётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида эканлиги, аҳоли кўпайиши ҳамда янги ерлар ўзлаштирилиши ҳисобига сувга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётгани бунинг исботидир. Демак, юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш, саноатда энергия тежамкор технологияларни қўллаш, табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш, умуман, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳамжиҳатликда иш олиб бориш зарур.

Кеча Тошкент шаҳрида мазкур санага бағишлаб, Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуидаги Марказий Осиё халқаро экология форумидан кўзланган асосий мақсад ҳам экологик муаммоларни бартараф қилиш, унинг оқибатларини юмшатишга жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборатдир.

Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, мамлакатимизда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ушбу жабҳадаги ишларга катта аҳамият қаратилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда республикамизда чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш баробарида, табиий муҳит мониторинги тизими модернизация қилинмоқда. Экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш механизмларини татбиқ этиш, соҳа тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш, камчиқитли ҳамда чиқиндисиз технологияларни илгари суриш бўйича қатор мақсадли тадбирлар мавжуд. Биологик хилмахилликни асраш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, шу жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза этиш бўйича Миллий концепция устида иш олиб бориляпти.

— Шу ва бошқа вазифалар нафақат миллий, балки минтақавий ҳамда халқаро миқёсдаги манфаатдор томонларни жипслаштиришни талаб қилади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров. — Форум айни шунга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яъни унда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида атроф-муҳит масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб минтақавий масалалар ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш учун жаҳон ҳамжамияти, ривожланган давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама этилади.

Форумда Марказий Осиё ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси, Австрия, Латвия, Туркия, Жанубий Кореянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат идоралари раҳбарлари, БМТ, Бутунжаҳон сув кенгаши, Европа иттифоқи, АҚШ давлат департаменти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестицион банки каби халқаро ташкилотлар, йирик молия институтлари, илмий ҳамда жамоатчилик муассасаларининг 300 га яқин вакиллари қатнашмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда табиатни асраб-авайлаш, экологик ҳолатни яхшилаш энг муҳим юмушлардан бири саналади. Бу масала Марказий Осиё давлатлари учун, айниқса, ўта аҳамиятлидир. Минтақа аҳли азалдан қон-қардош, бир-бири билан баҳамжиҳат турмуш кечириб келмоқда. Тарихи, маданияти, савдо-сотиғи, табиати ўхшаш халқлар ўртасидаги муносабатлар, айниқса, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги босқичга кўтариляпти.

Жаҳон банки таҳлилига кўра, Марказий Осиё минтақасининг демографик ўсиши туфайли 2050 йилда 90 миллион нафаргача киши (қарийб 30 фоиз аҳоли) сув танқислигига дуч келиши, суғориш учун сарфланадиган обиҳаётга бўлган талаб эса 2020 йилга бориб 30 фоиз ошиши кутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Марказий Осиёда аграр секторда банд бўлган 55 миллиондан зиёд кишининг турмуш шароити тўғридан-тўғри сув билан таъминланганлик даражасига боғлиқ. Ушбу неъматдан оқилона фойдаланиш натижасида иқтисодий фойда минтақа ЯИМнинг 5 фоизини ёки 20 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.

Шу ўринда минтақанинг оғриқли муаммоси — Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш биргаликдаги амалий саъй-ҳаракатларни талаб этишини алоҳида таъкидлаш зарур. Негаки, экологик муаммолар ҳеч қачон бир халқ ёки бир давлатга тегишли бўлиб қолмайди. Қайсидир ҳудудда юзага келган вазият ён-атрофдаги мамлакатлар аҳолиси ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Иқлим ўзгариши, саҳроланиш жараёни, бир вақтлар мавжланиб, бутун минтақа табиатининг мувозанатини сақлаб турган Орол денгизи инқирози бунинг яққол тасдиғидир.

Бундан ташқари, башарият олдида турган энг жиддий муаммолардан яна бири атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиш даражаси ортиб бораётганидир. Шу боис Ўзбекистонда чиқиндилар масаласида ички сиёсатни тўлиқ қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳосил бўлишидан то утилизацияси ва қайта ишланишигача интеграциялашган ёндашувлар қўлланмоқда. Республикада маиший чиқиндиларни комплекс бошқаришга доир замонавий кластерлар шакллантириляпти.

Форум доирасида мамлакатимизда илк марта “Чиқиндиларни қайта ишлаш технологиялари. Атроф-муҳит муҳофазаси, энергия тежамкорлик ва энергия самарадорлик — Green Ecology Technologies Central Asia — GETCA — 2018” халқаро кўргазмаси ҳамда соҳада иш юритаётган илғор ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бизнес форуми уюштирилгани унинг янада ишчан руҳда ўтказилишини таъминламоқда. Негаки, унда Германия, Швейцария, Чехия, Франция, Венгрия, Дания, Россия, Жанубий Корея, Хитой ҳамда 40 га яқин маҳаллий корхоналар қатнашяпти. Улар томонидан таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматлар ниҳоятда ранг-барангдир.

7 июнга қадар давом этадиган кўргазмада чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, уларни саралаш ҳамда қайта ишлаш технологиялари, муқобил энергия, энергия тежовчи янги ишланмалар намойиш қилинади.

— Тежамкорлик жадал тараққиёт, иқтисодий фаровонликни таъминловчи муҳим омиллардан биридир, — дейди Хитойнинг Beston Group компанияси вакили Жанг Жиан Фенг. — Шу боис биз бир неча йиллардан буён ушбу йўналишда, яъни чиқиндилардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келамиз. Юртингизда бу борадаги ишлар жадаллашаётгани туфайли ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Навоий вилоятларида айнан шундай кичик корхоналар фаолиятини йўлга қўйдик. Айни пайтда уларда қоғоз чиқиндиларидан тухум ва полиз маҳсулотлари учун қутилар, фойдаланиб бўлинган шина ҳамда пластмассалардан эса бошқа зарур товарларни тайёрлаяпмиз.

Форум доирасида, шунингдек, чиқиндиларни бошқариш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, биологик хилмахилликни сақлаш масалаларига доир мажлислар ташкил этилиб, ҳар бир мавзу бўйича Марказий Осиё мамлакатларига дахлдор энг долзарб масалалар аниқланади.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган махсус сессиялар эса Марказий Осиё минтақасидаги бугунги куннинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ва уларнинг амалий ечими бўйича инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилади. Шунингдек, Оролбўйи минтақасида одамлар турмуш тарзини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш жамғармасини ташкил этиш, Швейцария ҳамкорликни ривожлантириш агентлигининг янги лойиҳалари тақдимотини ўтказиш кутилмоқда.

Умуман, тўрт кун бўладиган форумдан чиқиндиларни комплекс бошқариш, энергетика ҳамда биохилмахиллик бўйича ҳамкорликда бажариладиган қўшма тадбирларни ишлаб чиқиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан биргаликда ҳаётга татбиқ қилинадиган лойиҳалар бўйича келишувларга эришилиши кутилмоқда.

Халқаро экология форумининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н. Отажонов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар