«Яшил иқтисодиёт» тамойиллари электр энергияси рентабеллигини ошириш, таъминот барқарорлигига эришишга хизмат қилади

09:50 20 Июнь 2018 Иқтисодиёт
322 0

Кейинги ўн йилликда электр ҳамда иссиқлик энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётгани янги ва юқори самарали иссиқлик электр станция (ИЭС)лари қурилишини жадаллаштиришни тақозо этмоқда. Негаки, бу жараёнда ишлаб чиқариш харажатлари ҳам кўпайиб кетяпти. Айни пайтда ИЭСда қўлланилаётган ёқилғи таркибида табиий газ улуши 91 фоизни, кўмир 8 фоизни, мазут эса атиги 1 фоизни ташкил этаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Шу боис 2022 йилга қадар ИЭСнинг табиий газга бўлган боғлиқлигини камайтириб, кўмир билан барқарор энергия таъминотини ошириш бўйича махсус дастур ҳаётга татбиқ қилинаётир. Чунки ҳисоб-китобларга қараганда, юртимизда қаттиқ ёқилғи захиралари табиий газникидан уч баробар, нефтникидан эса беш баробар кўп экан.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 20 фоизи Янги Ангрен ва Ангрен ИЭС ҳиссасига тўғри келади. Улар 1950 — 1985 йиллар мобайнида қурилган бўлиб, Ангрен кўмир конидан қазиб олинаётган қўнғир кўмирнинг 85 фоизи ушбу станцияларга узлуксиз равишда етказиб берилади. Қўнғир кўмирнинг ўртача куллик даражаси 22 — 45 фоизни ташкил қилади. Йил фаслига қараб, ҳар кеча-кундузда мазкур ИЭСда 5 мингдан 15 минг тоннагача кўмир ёқилади. Бунинг натижасида ҳосил бўладиган тутун газлар ва кул ташланмалари ҳудуднинг экологик ҳолати, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.

Шунинг учун амалиётга “яшил иқтисодиёт” тамойилларини қўллаш, инновацион ишланмаларни татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Изланишларимиз маҳсули бўлган кўмирни интеграл газлаштириш технологияси ҳам ушбу мақсадга қаратилган. Яъни у ИЭСда қўлланилса, тутун газлар, кул ташланмаларини камайтириб, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси рентабеллигини ошириш, энерготаъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Айтайлик, агар оддий ИЭСнинг рентабеллиги 34 фоиз бўлиб, йилига 7767ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилса, кўмирни интеграл газлаштириш технологияси билан ишлайдиган ИЭСнинг рентабеллиги 48 фоизни ташкил этиб, йилига 10965 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Эътиборли жиҳати, ис газини 79,6 фоиз камайтириб, азот, олтингугурт ва кул ташланмалари 100 фоизгача ушлаб қолинади.

Шу йўсинда, янги технология ёрдамида йилига 11,5 миллион тонна суюлтирилган азот, 110 минг тонна олтингугуртни қайта ишлаб чиқаришимиз мумкин. Бундан ташқари, йилига 3,5 миллион тоннагача ушлаб қолинадиган ис газини ер остида қурилган махсус омборларга йиғиб, ундан синтетик ёқилғи ва синтетик газ ишлаб чиқариш мумкин. Мазкур арзон ёқилғи ресурсларни электр ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда қўллаш орқали эса ИЭСда умумий ёқилғи сарфини 46 фоизгача қисқартирса бўлади. Бошқача айтганда, ишлаб чиқаришга салкам 2 баробар камроқ ёқилғи сарфланиб, Ангрен кўмири, Бухоро табиий гази ҳамда Фарғона мазутини тежаш имконияти юзага келади.

Таъкидлаш керакки, иссиқлик электр станцияси эҳтиёжи ва қурилмаларни совитиш учун сув ресурси етишмаслиги ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир кўрсатади, албатта. Масалан, бизнинг электр станциямизда йилига 382,6 миллион тонна сув истеъмол қилинади. Кўмирни интеграл газлаштириш технологияси билан ишлаш тизимига ўтилса, сув сарфи уч баробар камаяди.

Инновацион ишланманинг яна бир афзаллиги шундаки, унинг шарофати билан шаҳар ичи ва ташқарисида тўпланиб қолган ёнувчи углеродли чиқиндилардан ҳам оқилона фойдаланиш мумкин. Чунки унинг иссиқлик даражаси кўмирникидан ҳам юқори — 3500 килокалорияни ташкил этади. Шу маънода, уни кўмир ва табиий газнинг маълум қисми ўрнига ёқилғи сифатида қўлланилиши электр энергияси таннархининг пасайиши, экологиянинг яхшиланишига олиб келади. Бу орқали қазилма бойликларимиз тежалиши баробарида, шаҳар атрофида чиқиндилар йиғилишининг ҳам олди олинади. Энг муҳими, зарарли газлар, токсик кимёвий моддалар ва оғир металл ташланмаларини камайтириб, чиқиндилар асосида қурилиш моллари, кимёвий, ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бу орқали ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш мумкин.

Кўриниб турибдики, кўмирни интеграл газлаштириш технологияси нафақат кўмир ва табиий газни иқтисод қилиш, балки синтетик газлар ишлаб чиқариб, аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғига бўлган талабини арзон ресурслар билан таъминлашда қўл келади. Амалиётга бу каби чиқитсиз технологиялар, “яшил иқтисодиёт” тамойилларининг жорий этилиши эса пировардида иқтисодий самарадорликка олиб келади.

Азиз РАҲМОНОВ,
«Yangi Angren IES» АЖ ишлаб чиқариш
техник бўлими бошлиғи ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар