Яшашга рухсат беринг!

17:56 04 Апрель 2019 Жамият
846 0

Фото: муаллиф олган сурат.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳақида матбуотда кўп ёзилади. Болаларнинг бу тоифаси ҳақида эшитибоқ, кўпчилигимизда ачиниш ҳисси пайдо бўлиши ҳам табиий ҳол. Бундай муассасалар тўлиқ давлат таъминотида, бундан ташқари, ҳомийлар, саховатпеша инсонлар ўз ёрдамини аямайдилар. Бугун деярли барча меҳрибонлик уйларида шундай яхши шароитлар мавжудки, гапнинг очиғи, кўпчилик ота-оналар бундай қулайликларни фарзандларига ўз уйида яратиб беролмайди.

Хўш, ушбу маскан тарбияланувчиларининг мустақил ҳаётга йўл олганидан кейинги тақдири қандай кечади? Уларнинг барчаси турмуш сўқмоқларида қоқилмай, жамиятда ўз ўрнини топиб кетяптими?

Тўғриси, ҳозирча бу савол хусусида мутасаддилар унчалик бош қотирмаётгандек кўринади. Ҳар ҳолда, Меҳрибонлик уйларининг айрим собиқ битирувчилари ҳаёти билан танишувимиз юқоридаги тўхтамга келишга ундади.

Лайло Жуманиёзова Хива шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да тарбияланди. Зеҳни ўткир ва абжир қизалоқ кичкиналигидан спортга ошно бўлди, йиллар ўтиб, муай-тай бўйича мамлакат чемпионига айланди. Коллежни тугатгач бир йигитни учратиб, севиб турмуш қурди. Пешона экан, оила қўрғони дарз кетди, Лайлонинг ўзи етимликда ўсгани етмаганидек, иккита фарзанди ҳам тақдирнинг шундай синовига рўбарў бўлди. Ёлғиз она ҳозир фарзандлари билан Урганч шаҳрида “Болалар шаҳарчаси”нинг битирувчилари учун ажратилган умумий ётоқхонада яшаяпти.

— Эмизикли чақалоғим билан бирон жойда ишлашга имконим йўқ, болалар боғчасига эса уни уч ёшга тўлмагунча қабул қилишмайди, — дейди Лайло. — Ёлғиз она сифатида бола парвариши учун нафақа пули ва моддий ёрдам ажратилишини сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига, шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдим. Қайси эшикка бош уриб бормай, рад жавобини олавердим. Сабаби, биз умумий ётоқхонада вақтинчалик рўйхатда турамиз. Нафақа ва моддий ёрдам фуқароларга доимий яшаш жойи бўйича тайинланар экан. Бизнинг доимий рўйхатда туришга уй-жойимиз бўлмаса, ҳеч қаерда ишламасам, фарзандларимни қандай боқаман? Бугун катта фарзандим икки ёшга тўлди. Туғилган кунида унга энг арзон ширинликни олиб беришга ҳам имконим йўқ. Ётоқхонамиз табиий газ тармоғидан ажратилган, электр печкада овқат тайёрлаймиз, хонани иситамиз. Қарздорлик ошиб кетгани учун мажбурий ижро бюросидан келиб, электр тармоғидан ажратиш тўғрисида огоҳлантириш бериб кетишди. Эртага чироқсиз, озиқ-овқатсиз, пулсиз ҳолимиз нима кечишини ўйлаб карахт аҳволдаман.

Тоҳиржон Ражабов ҳам Хивадаги “Болалар шаҳарчаси”да вояга етган. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам ишсиз. Ўз бизнесини йўлга қўйиш, пешона тери эвазига топган даромадига рўзғорини тебратишни мақсад қилиб Урганч шаҳар ҳокимлигига устахона қуриш учун ер участкаси ажратиш масаласида мурожаат этди. Мутасаддиларга коллежни тамомлагани, ишсиз эканлиги, уй-жойи йўқлиги, оилавий аҳволини тушунтирди. Анча сарф-харажат қилиб зарур ҳужжатларни ҳам тайёрлади. Аммо ҳокимлик биносидан чиройли ваъдалар билан чиққан Тоҳирнинг ниятлари ушалмади, муаммолари, йиллар ўтса-да, барҳам топмади. Ҳафсаласи пир бўлган йигит кўчада дуч келган мардикорлик ишларини қилиб юрибди.

— Оилам билан ётоқхонадаги 2 хонали секцияда яшаймиз, — дейди Тоҳиржон. — Ошхона, ювиниш хоналари ҳар бир қаватдагилар учун умумий. Биз ҳам доимий рўйхатда турмаганмиз учун бола парвариши бўйича нафақа ололмаймиз. Банкдан кредит олмоқчи бўлсак ҳам, “прописка” муаммоси кўндаланг туради. Наҳотки, мулкка эгалик ҳуқуқини бермаган ҳолда яшаб турган хонамизга доимий рўйхатга қўйишнинг иложи бўлмаса?

Бола парвариши учун нафақа олиш муаммоси “Болалар шаҳарчаси”нинг кўпчилик битирувчиларини йиллар мобайнида қийнаб келаётгани боис масалага ойдинлик киритиш мақсадида Урганч шаҳар молия бўлими мутасаддиларига мурожаат этдик. Маълум бўлишича, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ажратилади. Мазкур Низомнинг 12-бандида эса болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам, шунингдек, бола парвариши бўйича нафақа ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича тайинланиши белгиланган.

Хўп, ҳуқуқий жиҳатдан мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатлари тўғри, аммо инсонийлик нуқтаи назаридан ёндашсак, шундоқ ҳам кўнгли ўксик, оғир ижтимоий вазиятда қолган эҳтиёжманд оилалар тақдирига шунчалик бефарқ муносабатда бўлишни қандай оқлаш мумкин?! Нега депутатлар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа тегишли ташкилотларда доимий яшаш жойига эга бўлмаган кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу Низом талабларига ўзгартириш киритиш ташаббуси йўқ? Ахир ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзгармас хусусиятга эга эмас, унга тузатишлар киритиш мумкин-ку. Аслида уйма-уй юриб, халқ билан мулоқот қилишдан мақсад ҳам ана шундай муаммоларга ечим топиш эмасми? Давлатимиз раҳбари яқинда Бухоро вилояти фаоллари билан учрашувида қарсаклар, баландпарвоз гапларга чек қўйиб, ҳар бир хонадон, шахс билан манзилли, алоҳида-алоҳида ишлаш зарурлигини бежиз таъкидламагандир?!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 февралда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг дастлабки бадали Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу ташкилот зиммасига тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш ҳамда бу борада тизимли мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган.

Афсуски, Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши масъул раҳбарлари ушбу қарор моҳиятидан бехабар кўринади. Акс ҳолда, умид билан остонасига бош уриб борган, оғир ижтимоий аҳволда қолган ёлғиз онанинг қайта-қайта мурожаатларига қулоқ тутган, умумий ётоқхонадаги ёшлар муаммоларига “Ўзинг учун ўл етим” қабилида муносабатда бўлмаган бўларди. Ёшлар иттифоқининг асосий вазифаларидан бири мана шундай уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишдан иборат эмасми?!

Юқорида таъкидланган қарорда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг тураржой шароитларини яхшилаш мақсадида 2020 йилдан бошлаб арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва уларга имтиёзли ипотека кредити асосида бериш кўзда тутилган. Демак, Лайло, Тоҳиржон сингари ёшлар ўзлари орзу қилган қулай ва шинам уйларга эга бўладиган қувончли кунлар яқин. Ҳар қалай, шунга умид қиламиз...

Одилбек Одамбоев (Халқ сўзи).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019