Йил бошидан буён Ўзбекистонга олиб кирилаётган 70 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортга қайтарилди

18:41 25 Май 2018 Жамият
1453 0
Фото: "Ўздавкарантин/Газета.uz

2018 йил бошидан буён Ўзбекистонга олиб кирилаётган 70 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 17 хил турдаги xавфли зарарли организмлар аниқланиб, уларнинг мамлакат ҳудудига олиб кирилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (“Ўздавкарантин”) матбуот хизмати “Gazeta.uz”га хабар қилди.

Унга кўра, 2018 йил бошидан “Ўздавкарантин” инспекцияси мутахассислари томонидан экспортёр ҳудуднинг ўзида текширув ишларини олиб бориш йўлга қўйилган. Ана шу тажриба асосида, жумладан, қуйидаги ҳолатлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди:

  • Италиядан 60 минг дона ёнғоқ кўчати “бактерияли рак” касаллиги аниқлангани учун қайтарилди;
  • Россиядан “фитофтороз” билан касалланганлиги аниқлангани учун 1000 тонна уруғлик картошка қайтарилди;
  • Қозоғистондан “ҳалқали чириш” ва “фитофтороз” билан касаллангани ҳамда “картошка куяси” борлиги аниқлангани учун 3500 тонна уруғлик ва озуқабоп картошка қайтарилди;
  • Покистондан “картошка куяси” борлиги аниқлангани учун 30 000 тонна уруғлик картошка қайтарилди;
  • Миср ва Эрондан олиб кирилаётган 60 тонна цитрус мевалар зарарсизлантирилди;
  • Қозоғистондан олиб келинган 132 тонна уруғлик картошка “ҳалқали чириш” билан касаллангани ҳамда “картошка куяси” борлиги аниқлангани учун йўқ қилинди;
  • Покистондан олиб кирилаётган 24 тонна апельсин ва олма маҳсулотларидан “тут оқ қалқондори”, “сариқ померанц қалқондори” ва “цитрус оқ қаноти” карантин организмлари аниқлангани учун қайтариб юборилди;
  • Туркиядан олиб келинаётган 90 тонна чигит маҳсулотидан “ғўза куяси” аниқлангани учун орқага қайтaрилган. Ундан намуна учун олинган 80 кг чигит маҳсулоти ёқиб йўқ қилинди.
  • Грециядан олиб келинган 400 кг уруғлик чигитдан “ғўза куяси” аниқлангани учун ёқиш йўли билан йўқ қилинди.
  • Германиядан 300 тонна, Голландиядан 3500 тонна уруғлик картошка жойида бориб ўрганилганида фитосанитар носоғлом деб топилди.

“Бундан буён ҳам Ўзбекистон Республикасида фитосанитар тозаликни таъминлаш ва яxшилаш, республика ҳудудини ўсимликлар карантинидаги ва бошқа xавфли зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, уларнинг кириб келиб қолиш хавфини бартараф қилиш бўйича ички ва ташқи ўсимликлар карантини чора-тадбирларини амалга ошириш ишлари тизимли давом эттириш бўйича кўламли ишлар давом этмоқда”, — дейилади хабарда.

Хориждан олиб кирилаётган экиш материали республикага етиб келганидан сўнг, белгиланган тартиб асосида карантин кўриги ва лаборатория экспертизасидан ўтказилади. Текширувларда республика ўсимликлар олами учун хавфли бўлган карантиндаги ва бошқа зарарли организмлар аниқланса, зарарли организм лаборатория хулосаси асосида зарарсизлантирилади, йўқ қилинади ёки олиб келинган мамлакатга қайтарилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар