Япониялик кўнгиллилар сирдарёлик мактаб ўқувчиларига саховат ёрдами юборади

14:00 15 Сентябр 2020 Дунё
179 0

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўнгиллилари иштирокида мунтазам учрашув ва тадбирлар ўтказади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Мулоқот чоғида улар Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, мамлакатдаги муҳим ижтимоий ва сиёсий воқеалар, кенг кўламли ўзгаришлар билан таништирилади.

Яқинда мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида турли йилларда Ўзбекистонда ишлаган кўнгиллилар гуруҳи аъзолари - Мари Ишикава, Такуми Ито, Акихиро Кавано ва Томотака Аоки билан Ўзбекистонда турли йилларда ишлаган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида кўнгиллиларнинг Ўзбекистон – Япония муносабатларини ривожлантиришдаги ўрни муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, JICA кўнгиллилар дастури доирасида 20 йил давомида Япониянинг таълим, соғлиқни сақлаш, молия, бизнес, маданият ва спорт соҳасидаги 350 нафар мутахассиси мамлакатимизда бўлгани таъкидланди.

Япониялик кўнгиллиларнинг ватанга қайтиб, Ўзбекистон маданияти, санъати ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишдаги кўмаклари учун миннатдорлик билдирилди.

Таъкидлаш жоиз, JICA кўнгиллилари шу йилнинг май ойида Сардоба туманида юз берган фожиага бефарқ қараб турмади. Улар Япониядаги Ўзбек ёшлари ассоциациялари билан биргаликда хайрия тадбирлари ўтказди, Ўзбекистон ҳақидаги китоблар савдосини ва япон жамоатчилиги учун қатор онлайн семинарларни ташкил қилди. Ушбу тадбирлар доирасида жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида 223 минг ен (тахминан 2,2 минг АҚШ доллари) йиғилди.

Элчихонадаги учрашув давомида япон кўнгиллилари йиғилган маблағни Япониядаги Ўзбек ёшлари ассоциациясига топширди. Ушбу маблағлар ўқув қуроллари харид қилишга сарфланади ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда талафотдан зарар кўрган ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига юборилади.

Учрашув якунида япониялик кўнгиллилар элчихона билан яқин алоқаларни ўрнатишга ва турли қўшма тадбирларда қатнашишга, Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр эканликларини тасдиқлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?