Япония ҳукумати Марказий Осиёда чегара назорати соҳасидаги ҳамкорлик ташаббуси ва мобил гуруҳларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион АҚШ доллар ажратмоқда

18:19 27 Февраль 2020 Жамият
370 0

Бугун Тошкент шаҳрида Япония ҳукумати ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Марказий Осиёдаги Чегара алоқа бўлинмалари (ЧАБ) ва Ўзбекистондаги Идоралараро мобил гуруҳларнинг (ИМГ) салоҳиятини ошириш орқали чегаралараро ҳамкорликни такомиллаштириш йўли билан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган UNODC ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион АҚШ доллари миқдорида грант битимини имзоладилар. Бу ҳақида ЮНОДК матбуот хизмати хабар берди.

Алмашинув ноталари Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Ёшинори Фудзияма ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Чегара қўшинлари ва Бош прокуратура раҳбар вакиллари иштирокида имзоланди.

Элчи Ёшинори Фудзияма “Ушбу лойиҳа орқали биз Марказий Осиёдаги давлатлар ўртасида чегара назоратини янада такомиллаштириш орқали наркотик моддалар савдоси муаммосига қарши биргаликда курашиш учун янада кўпроқ чегаралараро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни кутиб қоламиз. Бу, бир томондан, гиёҳванд моддалар мусодарасининг ортишига ва чегаралараро уюшган жиноятларнинг камайишига олиб келиши кутилмоқда“ деб таъкидлаб ўтди.

“Ушбу янги ИМГ (Идоралараро мобил гуруҳлар) ва ЧАБ (Чегара алоқа бўлинмалари) ташаббуслари БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан амалга ошираётган муваффақиятли ҳамкорлигининг натижасидир, — деди Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг директори Олим Нарзуллаев.. — Мазкур ташаббуслар доирасида кўрсатиладиган амалий кўмак қонунчилик ва амалий-меъёрий базани ривожлантиришга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида қўлланиладиган ихтисослаштирилган замонавий жиҳозлар билан таъминлашга, шунингдек, ўқув курслари, амалий машғулотлар ўтказиш ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш борасидаги ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар ўтказиш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг салоҳиятини оширишга қаратилган.“-

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг халқаро дастурлар мувофиқлаштирувчиси жаноб Юсуф Қурбоновнинг сўзларига кўра, 4,5 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ маблағ Марказий Осиёда халқаро чегара пунктларининг янги чегара алоқалари бўлинмаларини ташкил этиш орқали кучайтириш, Ўзбекистонда Ситуацион марказ ташкил қилиш ва бошқа мамлакатлардаги бундай марказлар фаолиятини янада ривожлантириш орқали чегарада хизмат қилаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг таҳлил қилиш борасидаги салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Идоралараро мобил гуруҳларни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг ҳамкорликдаги ташаббусини амалга ошириш учун 2,3 миллион АҚШ доллари ажратилган. Янги Идоралараро мобил гуруҳларни ташкил қилиш бўйича лойиҳанинг фаолияти юзага келаётган нарковазиятдан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг гиёҳванд моддаларга қарши кураш борасидаги салоҳиятини янада кучайтиришга қаратилади. Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ташаббуснинг бенефициарлари бўлади. Бош Прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ҳам ноқонуний маблағларни легаллаштиришга қарши кураш борасида муҳим ишларда молиявий суриштирувларни олиб бориш орқали ушбу лойиҳада иштирок этади. Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Наманган, Навоий, Урганч шаҳарларида янги офислар ташкил этилади ва Тошкент, Самарқанд, Нукус, Термиз, Фарғона ва Сирдарё шаҳарларидаги мавжуд бўлган 6 та ИМГ янада такомиллаштирилади. Улар Тезкор тадбирларни мувофиқлаштириш гуруҳи томонидан тармоқли алоқа орқали ўзаро боғланади ва мувофиқлаштирилади.

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан амалга оширилаётган ҳамкорлик учун Япония халқига, шунингдек Марказий Осиё мамлакатларига миннатдорлик билдирар экан, Ашита Миттал хоним гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликнинг мамлакатларимиз, жамият, оилалар ва ёшларга кўрсатаётган катта салбий таъсиридан минтақавий хавфсизликни таъминлаш бизнинг умумий мажбуриятимиз дея таъкидлади. Олдинга ҳаракат қилишнинг ягона йўли – бу хавфсизлик, соғлиқни сақлаш ва муносиб ривожланишни кучайтириш зарурлиги борасида ҳамфикрлигимизга эришиш учун чегаралараро ва идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?