Японияда кузатилаётган табиий офат қурбонлари сони юздан ошиб кетди

09:53 10 Июль 2018 Дунё
251 0
Фото: EPA

Японияда кузатилаётган кучли ёмғир ва унинг оқибатида келиб чиққан тупроқ кўчкилари ҳамда сув тошқинлари оқибатида қурбонлар сони ортмоқда. Айни пайтга келиб уларнинг сони 100 кишидан ортиб кетди. Яна 50 киши бедарак йўқолган, деб хабар берди BBC News.

Мамлакатнинг ғарбий қисмида ўтган ҳафта бошланган сурункали ёғингарчилик эса ҳамон давом этяпти. Ёғин миқдори июль ойи меъёридан уч баробар кўпайиб кетган.

Киодо ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳаётдан кўз юмганларнинг кўпчилиги Хонсю ороли жануби-ғарбидаги Хиросима ва Сикоку оролидаги Эхимэ вилоятлари аҳолиси вакилларидир.

Ҳукумат икки миллиондан ортиқ аҳоли вакилига хавфсиз жойларга кўчишни буюрган.

Қутқарувчилар эса тирик қолганларни қидиришда давом этяпти.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатга ўтган ҳафта “Прапирун” тўфони ёпирилиб келиши оқибатида ана шундай табиий офатлар бошланди.

Маълумот учун, ушбу табиий офат муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазири Синдзо Абэга ҳамдардлик билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар