Янгиланишлар жараёнига кўтаринки руҳ, жўшқинлик бағишлайди

12:12 19 Май 2018 Сиёсат
545 0

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир”, деган сўзлари кўпчилик қатори биз, журналистларни ҳам тўқинлантириб юборди. У Шавкат Мирзиёевга таъриф берар экан, “Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир”, деди. Мана шу сўзларнинг ўзиёқ Америка ҳукумати Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга ҳар доим катта қизиқиш билан қараб келганидан далолатдир.

Шу маънода, Ўзбекистондаги сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришларни ҳам диққат билан кузатиб келаётгани аниқ. Вашингтондагиларнинг фикрича, ҳозир Ўзбекистонда том маънода янгиланиш даври кузатилмоқда. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатлардаги очиқлик сиёсати океанортида эътироф этилмоқда. Шу сабабли ҳам Трамп давлатимиз раҳбарига қарата “Жаноб Президент, сиз жуда ҳурматли инсонсиз. Раҳмат”, деди.

Президент Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига йўллаган мурожаатида “Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дея таъкидлади.

Авваллари АҚШ Президентлари бу каби гапларни жаҳоннинг бошқа мамлакатлари раҳбарлари шаънига ҳам айтган бўлишлари мумкин. Аммо бундай юксак эътироф Ўзбекистон Президенти, ўзбек халқига нисбатан илк бор айтилмоқда. Дунё мамлакатларининг етакчилари бу сингари сўзларни шунчаки айтишмайди. Мазкур юқори баҳо меҳнаткаш ўзбек халқи, Ўзбекистон ва давлатимиз раҳбарига нисбатан юксак эҳтиром белгисидир. Бундай эҳтиром эса халқимизга ғурур бағишлайди, десак, асло янглишмаймиз. Эътибор берган бўлсангиз, Шавкат Мирзиёев “Ҳақиқатан ҳам, бугунги учрашув бутун дунёдаги ўзбеклар учун жуда қимматли, таъсирлидир” деди. Мана шу иборанинг ўзиёқ Дональд Трампнинг ибораси бежиз айтилмаганига далил бўла олади.
Оқ уй раҳбарининг матбуот анжуманидаги “Улар бизга инвестиция келтирган, биз ҳам уларга инвестиция киритамиз”, деган сўзлари ташриф давомида имзоланган салкам 5 миллиард долларлик шартномада ўз аксини топди. Бу мамлакатимизнинг уларга қилган инвестицияси нақадар қадрли эканлигини айнглатади. Бу, Президентимиз таъкидлаганидек, “АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг янги босқичидир”.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги янгиланган ҳамкорлик Дональд Трамп таъбири билан айтганда, “Икки мамлакат олдидаги янада ёрқин келажакнинг бошланиши, холос”.
Президентимизнинг АҚШга амалга оширган унутилмас ташрифининг тарихий аҳамияти, қисқача айтганда, аввало, дунёда, минтақада Ўзбекистоннинг юксак нуфузидан дарак беради, айни пайтда янгиланаётган жамиятимизга, ислоҳотлар жараёнига янада кўтаринки руҳ, улкан жўшқинлик бағишлайди.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
«Ўзбекистон 24» телерадиоканали ходими,
сиёсий шарҳловчи.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар