Янгиланиш, тараққиёт ва истиқбол

14:16 09 Декабрь 2019 Жамият
244 0

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни Фарғонада катта тантана сифатида нишонланди.

Бу йилги байрам шукуҳи барча фарғоналикларга ўзгача хуш кайфият бахш этди. Фарғона шаҳрида Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройининг муҳташам майдонида баландлиги 67 метр, ҳажми 20 метрга 10 метр бўлган Давлат байроғи ўрнатилди.

Конституция байрами тантаналарига жамулжам бўлган ҳамюртларимиз Фарғона шаҳрининг марказий кўчалари, Театр-концерт саройи майдони бўйлаб ҳарбий оркестр садолари остида мамлакатимиз байроғини олиб ўтаётган ҳарбийларимизни гулдурос қарсаклар билан олқишладилар. Ҳарбийлар, машҳур спортчилар, вилоятимизнинг фаол ёшларининг саф тортиб ўтиши самоларда ҳилпираётган байроғимиз остидаги унутилмас тадбир билан давом этди.

Тантанали тадбирда вилоятимиздаги тўртта сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари раҳбарлари, зиёлилар, баркамол авлод вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимиз учун муносиб яшаш шароити яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир. Шу куни вилоят Театр-концерт саройида мумтоз мусиқаларимиз жаранг сочиб, Фарғона ва Қувасой шаҳрида истиқомат қилаётган 54 нафар кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор шахсга имтиёзли тарзда тақдим этилаётган янги уйлар сертификатлари ҳамда хонадон калитлари тантанали равишда топширилди.

– Президентимиз ташаббуси билан инсон қадр-қимматини эъзозлаш борасидаги эзгу саъй–ҳаракатлар вилоятимизда ҳам ўз аксини топмоқда, –деди вилоят раҳбари. – Давлатимизнинг бундай юксак эътибори ва рағбати ушбу оилалар аъзоларига олам-олам қувонч бахш этади. Ишонамизки, меҳр-эътиборга сазовор бу оилаларда жамият ривожига ҳисса қўшадиган яхши фарзандлар тарбияланади.

Қувасойлик Малика Иброҳимова имконияти чекланган бўлишига қарамай, гулдек ҳунари – чеварчилиги билан элда ҳурмат топган. У янги йилни ўз шаҳрида қуриб битказилган икки хонали янги уйда кутиб олиш бахтига муяссар бўлганидан беҳад мамнун. Вилоят ҳокими, тўртта сектор раҳбарларидан янги уйлар калитини қабул қилиб олган у каби барча ҳамюртларимиз Президентимизга чексиз миннатдорчиликларини изҳор этишди.

Шундан сўнг вилоят Театр-концерт саройи тантаналар залида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз фаоллари, сенатор ва депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тантанали байрам тадбирини вилоят раҳбари Ш. Ғаниев очиб, Бош қомусимиз бугунги бахтли ҳаёт ва нурли келажагимиз тимсоли, Ватан тараққиёти, юртимиздаги ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи муҳим ҳужжат эканлигини таъкидлади. Байрам тадбири қатнашчиларини қутлуғ сана билан муборакбод этди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова тадбир қатнашчиларини қўшалоқ байрамлар билан табриклади.Байрам шодиёнаси давомида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ фидойи ҳамюртларимизга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Илғор фермер”, “Намунали томорқачи”, “Фидойи кенгаш раиси” сингари кўкрак-нишонлари тантанали равишда тақдим этилди.

–Кластер тизими жуда катта самара бериб, туманимиз мамлакатимизда биринчилардан бўлиб пахта топшириш шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлди. Ёзёвоннинг бу ютуғи Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида алоҳида эътироф этилгани туман аҳлини жуда ҳам қувонтирди, –дейди “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак-нишони билан тақдирланган Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов. – Бугун тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, илғор фермерларимиз бундай мукофотларга сазовор бўлгани келгуси фаолиятимиз учун рағбатдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?