Янги xarid.uz электрон тизимининг афзалликлари нимада?

15:31 14 Май 2018 Иқтисодиёт
1078 0

Пойтахтимизда “Электрон давлат харидларининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашнинг янги механизми” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. 
“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти  томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда махсус ахборот порталида амалга ошириладиган электрон давлат харидлари тартиби ва механизми билан таништирилди.

Тадбирда биржанинг янги портали, яъни xarid.uz порталининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур ахборот портали орқали давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланади. Хусусан, порталда кутилаётган барча турдаги харидлар ҳақида батафсил маълумотлар чоп этилади, ҳамда давлат харидлари электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион шаклларида ўтказилади. Айни вақтда янги электрон тизимда 3 мингга яқин иштирокчилар аккредитациядан ўтган ва электрон дўконда эса 1,6 мингдан зиёд товарлар қўйилган.

— Электрон дўкон порталда талабгорларнинг буюртмачи номига юборилган таклифлари асосида шаклланади ҳамда ўз ичига махсус талаблар қўйилмаган товар (иш, хизмат)ларнинг барча турини қамраб олади, — дейди “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти  бўлим бошлиғи Жасур Юнусов. — Бюджет буюртмачилар учун товар харид қилиш чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробаридаги қийматга тенг, йилига эса энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробарига тенг қийматидан ошиб кетмаслиги керак. Корпоратив буюртмачилар учун давлат хариди қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 250 баробаридан ошмаслиги лозим. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар учун иш ёки хизматни харид қилиш қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробаридан ошмаслиги талаб этилади.

Мазкур электрон тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда нархлар сўрови қўлланилади. Яъни ушбу механизм қидирилаётган товарни нисбатан паст нархда аниқлаб беради. Мазкур жараён атиги 48 соат вақт олиши эвазига буюртмачилар харидни имкон қадар қисқа муддатда амалга оширишлари мумкин. Ўз навбатида, савдолар ғолиби электрон тизимга келиб тушган нарх таклифларини таққослаш асосида автоматик равишда аниқланади. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида тузилади.

— Янги механизмни ишлаб чиқиш чоғида асосий эътибор электрон давлат харидлари иштирокчилари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулайликлар яратишга қаратилди, — дейди “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти Ҳисоб-китоб клиринг палатаси бошлиғи ўринбосари Жалолиддин Қўшназаров. — Биринчидан, буюртмачилар ва етказиб берувчилар фақатгина солиқ органларининг электрон рақамли имзоси (ЭРИ) ёрдамида электрон харидларда иштирок этадилар. Бу эса қоғозбозлик, бюрократизм ва коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади. Иккинчидан, товарни харид қилиш ҳақидаги эълонни чоп этишдан бошлаб, буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартномани тузилгунга қадар бўлган барча босқичларни электрон шаклда олиб борилиши харидларни амалга ошириш жараёни ва уларнинг натижаларига таъсир этиши мумкин бўлган инсон омилини чеклайди.

Яна бир янгилик. “Xarid” электрон тизимига илк бор биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали битимлар ижросини кафолатлаш амалиёти киритилди. Буюртмачи ёки етказиб берувчилардан бири шартнома шартларини бажармаган тақдирда, аванс тўлови жабрланувчи фойдасига ўтказилади. Бундан ташқари, шартнома шартларини бузган етказиб берувчи инсофсиз етказиб берувчилар реестрига киритилади ва 3 йил давомида электрон харидларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлади. 
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар