"Янги уйғониш даври” кимга боғлиқ?

14:47 03 Сентябр 2020 Сиёсат
236 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллик байрамига бағишланган тадбирдаги нутқини тинглаб

Давлатимиз раҳбари ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган даъваткор ғоянинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди, мазмунини очиб бердилар. Менинг эса бу ҳақдаги тасаввурларим янада ойдинлашди.

Мустақиллик халқимизнинг миллий тикланишини таъминлаб берди, оммани бирлаштириб, халқ сифатида миллий истиқлол ғояси атрофида жипслаштирди. Миллий тикланиш одамларнинг бир тоифаси эмас, барча бирдек эркин яшашига, танлаш ҳуқуқига ва турмуши қулай бўлишига замин яратди.

Миллий юксалиш – улкан ҳаракатни талаб этади. Шу сабаб, 2017 йилда мамлакат тараққиёти учун Миллий юксалиш босқичига пойдевор қўйилган – Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган. Сўнгги йилларда эришган юксак марралар ушбу муҳим ислоҳотларнинг самараси деб биламан. Айниқса, ҳуқуқий ислоҳотлар мажмуини ҳосил қилган қонун ҳужжатларининг электрон умумхалқ муҳокамаси, раҳбарларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги, мурожаатлар билан ишлаш маданияти, замонавий онлайн хизматлар кенгайиши, турли хил бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш каби ҳаётимизни енгиллаштирувчи омиллар адолат билан татбиқ этилгани буни исботлайди. Адолат ва қонунийлик барқарор бўлган мамлакатда юксалиш кафолатли бўлади.

Аслида ҳам, Миллий юксалиш ғояси ислоҳотлар ким учун ва нима учунлигини, аҳамиятини очиб беради. Бундай тушунчага эга одамлар юксалиш йўлида бирлаша олади, ихтиёран завқ билан ишлайди, ҳаётидан рози бўлиб яшайди.

Айримлар «миллий ғоядан мақсад нима» деган саволга тутишларидан чўчийди, баҳсдан ўзини олиб қочади. Мен миллий ғоя моҳиятини агар битта сўз билан ифодалаш мумкин бўлса – «Розилик», агар икки сўзда акс эттириш керак дейилса – унга «Адолат» сўзини қўшган бўлардим. Аҳамият берилса, айнан бу сўзлар Президентнинг байрам нутқида такрор ва такрор таъкидланди, тушунтирилди. Янги Ренессанс даврига хос бўлган асослар аниқ далиллар билан кўрсатиб берилди.

Уйғониш ва юксалиш ҳар бир фуқаронинг ўзига ҳам боғлиқ. Бунинг учун ўзгаришни, уйғонишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Юксалиш учун «Менинг ҳиссам қандай бўлади?» деган саволни ўзимиз учун шиор қилсак бўлгани. Яъни, ҳар биримиз дахлдорлик ҳиссини унутмасдан, ислоҳотларга ҳисса қўшиш ҳаракатида бўлишимиз шарт. Шуни тушуниб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсаккина, мақсадга тезроқ эришамиз.

Умиджон ЖАББОРОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?