Янги тузилган жамоатчилик кенгаши сўз эркинлигини чеклайдими?

18:07 16 Сентябр 2019 Жамият
126 0

Бугун ҳар жабҳада бўлгани каби сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш йўналишида ҳам ўзгаришлар кўзга ташланиб, демократиянинг том маънодаги кўриниши ҳаётимизга кириб келди. Буни биргина давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг шаклланиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Булар, айниқса, оммавий ахборот воситалари ролининг кучайтирилиши, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикрларнинг, албатта, инобатга олинаётгани, қолаверса, журналистларнинг сўзи қатъийлашиши ҳамда блогерлик фаолиятининг ривожланишида кўзга ташланмоқда.

Бу жараёнда, табиийки, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини либераллаштириш ҳамда демократлаштириш талаб этилади. Дарвоқе, халқаро талаблар ҳам шундай.

Хўш, ахборот соҳасига оид долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантиришда жамоат ташкилотлари аҳамиятини ошириш, давлат органлари ва оммавий коммуникациялар субъектлари ўртасида мулоқот яратиш, шунингдек, ахборот соҳасини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш бўйича қилинаётган ишларимиз етарлими? Афсуски, йўқ.

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан Олий Мажлис ҳузурида Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича тузилган жамоатчилик кенгаши юқорида қўйилган саволга ижобий жавоб топишда амалий кўмакчи бўлади.

Яна бир масала. Одатда бундай кенгашлар ташкил этилганда, сўз эркинлигини чеклаш, ахборот олишда яна бир тўсиқ пайдо бўлибди-да, деган фикрлар ҳар кимнинг хаёлидан ўтиши табиий. Аммо бу кенгаш шу каби фикрларнинг мутлақо акси бўлган фаолият билан шуғулланади. Буни унинг зиммасига юклатилаётган вазифалардан ҳам кўриш мумкин.

Масалан, оммавий коммуникацияларни ривожлантириш ва ахборот соҳасини янада либераллаштириш ва демократлаштиришга, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга, аҳолининг ахборот маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирлар ўтказиш кенгаш фаолиятининг асосий мезонларидан бўлади. Шу билан бирга, кенгаш кўнгиллилар фаолиятини таклиф этиш ва уни ахборот соҳасига жалб қилиш, шунингдек, ахборот соҳаси субъектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш, уларга ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа жиҳатдан ёрдам кўрсатади, зарур маслаҳатлар билан кўмак беради.

Шу боис кенгаш таркибига барча муҳим тузилмалардан — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, нуфузли жамоат ташкилотлари вакиллари киритилган.

Бир сўз билан айтганда, янги тузилма чеклаш, тақиқ билан эмас, балки соҳани тараққий эттириш билан шуғулланади.

Эркин ХОЛБЎТАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019