Янги таҳрирдаги шаҳарсозлик кодекси: унда жамоатчилик омилига алоҳида эътибор қаратилмоқда

11:38 29 Июнь 2020 Сиёсат
310 0

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда муҳокама қилиняпти.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексида «аҳоли пункти», «шаҳар», «шаҳарча» ва «қишлоқ (овул)», объектлар турлари, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, «урбанизация» тушунчаси, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа шу каби ибораларга аниқ изоҳ берилмоқда. Қолаверса, лойиҳада юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлайдиган норма акс эттирилмоқда. Айтиш жоизки мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар бугунги кунда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида мавжуд бўлган ҳамда шу кунгача очиқ қолиб келаётган масалаларга ҳуқуқий ечим бўлади.

Қонун лойиҳасини пишиқ-пухта ҳолда тайёрлаш мақсадида хорижий тажриба ҳам ўрганилмоқда. Хусусан, Россия, Буюк Британия, Финляндия, Белорус, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатларда шаҳарсозлик соҳасида қабул қилинган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий актлар ўрганиб чиқилган ҳолда лойиҳага тегишли нормалар сифатида киритилди.

Масалан партиявий нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, қурилишга рухсат бериш бўйича Президент Фармон ва қарорлари ижроси юзасидан бу борадаги ишларни соддалаштириш, муддатларни қисқартириш, қурилишга рухсатнома олиш ўрнига хабарнома жўнатиш орқали қурилишни бошлаш ҳамда оферта шартномаси тузиш механизми жорий этилиши - тадбиркорлар (инвесторлар) томонидан инвестиция киритиш учун қулайлик яратилади. Ўз навбатида бу коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг кучга кириши шаҳарсозлик соҳасида мутахассисларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиради. Шунингдек, янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексида жамоатчилик омилига алоҳида эътибор қаратилаётгани катта янгиликлардан бири бўлди. Унга кўра, эндиликда, объектлар, лойиҳалар қурилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва уларнинг фикри, таклифлари асосида ишлаб чиқилади. Бу қуриладиган объектларнинг сифатини бевосита назорат қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси қурилиш тизимини электронлаштириш, унда энг замонавий, илғор технологиялар, энергия тежовчи қурилиш материалларини қўллаш, умуман соҳани замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қаҳрамон ЭРГАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?