Янги сайланган депутатларнинг фаолиятини халқ сезиши керак

17:38 28 Август 2020 Сиёсат
222 0

Давлатимиз раҳбари Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ депутатларни халқнинг ҳақиқий вакиллари, унинг хоҳиш-иродаси ва манфаатларининг том маънодаги ифодачиси сифатида эътироф этиб, улар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб келмоқда.

Бу ҳақда гапирганда 2017 йилнинг 12 июль куни Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари вакиллари билан бўлиб ўтган, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ғоят муҳимлиги билан тарихимиз саҳифаларидан ўрин олган учрашувини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимиз раҳбарининг мазкур учрашувдаги дастурий маърузасида парламентимиз ва ҳокимият вакиллик органлари учун янги сиёсий йўл белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси эса халқ хоҳиш-иродаси, эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яқин истиқболга мўлжалланган тараққиётни белгиловчи дастуриламал ҳужжат бўлди.

Негаки, мазкур ҳужжатда асосий эътибор «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепцияси қоидаларини мужассамлаштирган ҳолда давлат ва жамият қурилишини туб ўзгаришларга қаратилди ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги янгиланишлар парламент фаолиятини чуқур ислоҳ қилишдан бошланди.

Биринчи навбатда, парламент ва сиёсий партияларнинг роли янада кучайтирилганини таъкидлаш жоиз. Сенатор ва депутатларнинг қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, балки жойларга чиқиб, халқнинг турмуш даражасидан хабардор бўлиш, одамларни қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда бевосита қатнашиши белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда фуқароларни ташвишлантираётган муаммоларни, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш учун ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.

Коронавирус пандемияси туфайли киритилган қатор чекловлар даврида ҳам 53 нафардан иборат депутатларимиз ўз сайловчилари билан алоқани узмади. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг аҳамиятини аҳоли, айниқса, тадбиркорларга тушунтириш, мазкур ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш борасида жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда. Маҳаллий ва республика даражасидаги депутатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллар давомида ўз ечимини топмай келаётган кўплаб масалалар тезкор равишда ҳал этиляпти.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак. Шу сабабли фракциямиз аъзолари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган кўплаб қонун лойиҳаларининг такомилига етказишда ўзларининг амалий таклифлари билан фаол иштирок этмоқда. 4 та қонун лойиҳаси депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган бўлса, улардан биттаси фақат ЎзЛиДеП фракциясининг аъзолари ташаббуси билан, яна бири бошқа парламентарийлар билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Фракция томонидан парламент назоратининг барча шаклларидан фойдаланилган ҳолда, соҳавий вазирлик ва давлат қўмиталари фаолияти устидан самарали парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракциясининг ташаббуси билан ўтказилган «Ҳукумат соати»да Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси «Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб берди.

Фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатасининг мажлисида ташкил этилган парламент эшитувида эса, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаевнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти тингланди.

«Ёшлар парламенти» Олий Мажлис ва давлат ҳокимиятининг бошқа органларига катта ёрдам беради

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Биз эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизни янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Шу боисдан, кейинги йилларда Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар парламенти»нинг асосий мақсадлари ҳам ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш, ушбу жараёнда кечадиган янги ва устувор йўналишларни белгилашда ёшларнинг фаоллигини, уларнинг сиёсий билимларини ошириш ва ватанпарварлик руҳини кучайтиришдан иборатдир.

Ишончимиз комилки, Ёшлар парламенти таркибида ўз фаолиятини бошлаётган барча йигит-қизларимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш, қабул қилинган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда Олий Мажлисга ва давлат ҳокимиятининг бошқа органларига катта ёрдам беради.

"Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!"

Бугун кўпни кўрган халқимиз пандемия туфайли юзага келган оғир ва синовли кунларни матонат билан енгиб ўтиб, «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган эзгу ғоя атрофида янада жипслашмоқда.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан эълон қилинган ушбу шиор эришган ютуқларимиздан ғурурланиш билан бирга, мамлакатимиз равнақи учун масъулликни ошириш, юрт келажаги ва гуллаб-яшнаши учун бефарқ бўлмасликка ундайди.

Халқ розилиги, Ватан тараққиёти йўлида кейинги тўрт йилда чорак асрда ҳам амалга ошмаган, халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини тубдан ўзгартириб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини ошириб юборган юзлаб ислоҳотлар амалга оширилганини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Ички ва ташқи сиёсат, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қилинган ишларни бирма-бир санашга ҳожат йўқ. Зеро, ушбу ислоҳотлар натижаси кундалик ҳаётимизда ўз аксини топяпти.

Барчамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: — Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз. Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб-асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.

Негаки, инсон учун она Ватанидан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Чунки Ер юзида Ўзбекистонимиз — яккаю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак ҳам кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос беради.

Халқимиз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган қутлуғ сана – Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинган куннинг 29 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?