Янги Қонун билан қатор муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Бу суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар учун ҳам муҳим

16:49 11 Сентябр 2020 Сиёсат
255 0

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала – «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Президентнинг ушбу қарорига айрим қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида жами 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда.

Эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади. Бу билан фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Кодекснинг 6-моддаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарорлар қабул қилиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Яъни жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида коррупциявий ҳолатни келтириб чиқарувчи дискрецион ваколатга чек қўйилади.

Шунингдек, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 42, 98 ва 103-моддаларига киритилаётган ўзгартишларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишишни назарда тутадиган функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда. Натижада, сув ва сув объектларидан фойдаланиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эркин олиб бориш учун ортиқча бюрократик тўсиқ олиб ташланади.​

Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Кодекснинг 80-моддасидан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада фуқаролар томонидан меҳнат шартномаларини тузишда ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланиб, сансалорликларга чек қўйилади.

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимият органларининг атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш назарда тутувчи функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда. Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ўзига хос бўлмаган функция ва ваколатлари бекор бўлади ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини тўлақонли ташкил этилиши таъминланади.

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 34 ва 45-моддаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш бўйича функция ва вазифалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига ўтказилмоқда. Натижада ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви қисқартирилади.

Қолаверса, Уй-жой Кодексининг 111-моддасида мулкдор, ижарага олувчи, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосининг турар жойни алмаштириш тўғрисидаги аризасига илова қилиши лозим бўлган ҳужжатлардан турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 117-моддасидан фуқаролар томонидан сақлаш гувоҳномаси (бронь) бериш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар таснифидан ҳам яшаш жойидан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада турар жойларни алмаштириш ва сақлаш гувоҳномаси (бронь) беришда фуқаролардан яшаш жойидан маълумотнома талаб этилмайди.

«Ўрмон тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Бунинг оқибатида тадбиркорларнинг фаолиятига давлат ҳокимияти органлари томонидан аралашуви қисқартирилади.

«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс томонидан аризасига илова қилинадиган ҳужжатлардан яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органидан олинадиган маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Бунинг натижасида васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган фуқароларга қулайлик яратилади.

«Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси иккинчи қисмидан назорат остидаги шахснинг қаердалиги аниқланмаган тақдирда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги ҳужжатлардан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи томонидан бериладиган маълумотнома бекор қилинмоқда. Натижада ички ишлар органларининг иш юритувини соддалаштиришга имкон яратилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар томонидан «Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг, кучга киради. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?