Янги ўқув йилига нечта умумтаълим мактаби тайёр, нечтаси тайёр эмас?

16:12 07 Август 2018 Жамият
351 0
Архив фото

Республикамиздаги мавжуд 9628 та мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан режа-график ишлаб чиқилган бўлиб, 1 август ҳолатига кўра, мазкур таълим муассасаларининг 6828 таси янги ўқув йилига тайёр бўлса, 2800 таси эса тайёр эмаслиги аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази томонидан “Халқ сўзи”га тақдим этилган статистик рақамларда кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Фарғона, Навоий, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида мактабларнинг аксарияти янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилган. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Андижон, Қашқадарё вилоятларидаги мавжуд мактабларнинг ярмидагина ишлар амалга оширилган холос.

Мазкур тадбирларни ташкил этишда айрим ҳудудий ҳокимликлар ва буюртмачи ташкилотлар томонидан сусткашликка йўл қўйиляпти. Хусусан, бажарилган ишлар режага нисбатан Навоий вилоятида 33 фоиз, Сурхондарё вилоятида 36, Сирдарё вилоятида 38, Тошкент шаҳрида 44 фоиз бажарилган.

“Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёр ёки тайёр эмаслиги бўйича аҳолини, ота-оналарни хабардор қилиб бориш мақсадида махсус электрон табло ташкил қилиб, уларда онлайн тарзда ахборотларни киритиб бормоқчимиз. Қолаверса, бу ишларни баҳолашда ота-оналар бизга ёрдам беришлари керак бўлади. Яъни ҳудудлардаги мактабларнинг мавсумга тайёр дейилганидан сўнг ўзлари чиқиб сифатига баҳо беришлари керак. Шу орқали улар билан биргаликда баҳо беришни йўлга қўямиз” — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Умаров.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар