Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун тадбиркорларга қандай субсидиялар ажратилади?

17:39 28 Май 2019 Жамият
458 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Ушбу қарор тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхоналар қурилишини рағбатлантириш, туризм соҳасида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширилишини жадаллаштириш, таниқли ва нуфузли халқаро меҳмонхона брендларини мамлакатга фаол жалб этиш, республикадаги умумий меҳмонхона хоналари сонини оширишга қаратилган вазифаларни ҳуқуқий тартибга солади.

Хусусан, қарорда янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низом мувофиқ талабгорлар (тадбиркорлар) учун Давлат бюджетидан компенсация миқдори қуйидаги ҳажмларда ўрнатилган:

а) янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун келгуси йил Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда:

камида 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 млн. сўм;

камида 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 млн. сўм;

Бунда молиялаштириш республика бўйича умумий меҳмонхона хоналари сонини 50 мингга етгунига қадар амалга оширилади.

б) дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (“Brand Finance” рейтингидаги ТОП-50 га кирувчи меҳмонхона брендлари ёки Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида) фойдаланиш бўйича роялти франчайзинг шартномаси кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида қуйидаги ҳажмда Давлат бюджетидан молиялаштирилади:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Бунда роялти молиялаштирилишининг умумий ҳажми 10 миллион АҚШ долларига тенг.

Қарор билан тасдиқланган Низом асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак кўрсатиш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019