Янги маҳаллада янги турар-жойлар ҳашар йўли билан 35 кунда бунёд этилди

09:01 20 Июль 2018 Жамият
305 0
Фото: Хурсандбек Араббоев​​ / "Халқ сўзи"

Андижон вилоятида “Мустақилликнинг 27 йиллиги” деб номланган янги маҳаллада барпо қилинган тураржойларни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Хўжаобод тумани, “Хидирша” маҳалла фуқаролар йиғини, Қозоқ массивида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қурилган янги уй-жойлар калитлари ўз эгаларига тантанали равишда берилди.

Фото: Хурсандбек Араббоев​​ / "Халқ сўзи"

— Файзли, гўзал, киши кўрса ҳавас қиладиган маҳаллага кўчиб келганимиздан қувончим ичимга сиғмаяпти, — дейди бахтли оилалардан бирининг бекаси Муборакхон Абдуназарова. — Олдинги уйимиз ўтган асрнинг эллигинчи йилларида қурилган бўлиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Яшаш учун шароитлар чекланган жойда бир умр қолиб кетишдан қўрқиб яшардим. Шу кунларга етказганига шукр. Миннатдорман.

Фото: Хурсандбек Араббоев​​ / "Халқ сўзи"

“Обод қишлоқ” дастурига биноан, янгиланган лойиҳа асосида қурилган намунали уйлар 115 хонадонга мўлжалланган. Маросимда 80 дан зиёд уй соҳиблари шинам ва кўркам маҳаллада истиқомат қилишларидан ниҳоятда мамнун эканликларини билдиришди.

Фото: Хурсандбек Араббоев​​ / "Халқ сўзи"

Маҳалла тоза ичимлик суви билан таъминланган, тўлиқ газлаштирилган, кўчалар асфальтланган. Болалар ўйингоҳлари, спорт майдони қаторида 240 ўринли умумтаълим мактаби қад ростламоқда. Мустақилликнинг 27 йиллик байрами арафасида автомашиналар савдосига ихтисослаштирилган савдо мажмуаси ҳам ўз фаолиятини бошлайди.

Фото: Хурсандбек Араббоев​​ / "Халқ сўзи"

Яна бир ҳайратомуз далил: маҳалладаги тураржойлар ва бошқа иншоотлар 35 кунда ҳашар йўли билан қуриб битказилди. Аҳоли “Бунақаси бўлмаган, фақат юртимизда ана шундай ажойиб, бахтли воқеалар юз беради”, деб бир-бирларини чин дилдан муборакбод этмоқда.

Эндиликда мазкур маҳалла Андижон шаҳри таркибига киритилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар