Янги лойиҳадан қандай натижалар кутилаяпти?

17:06 17 Май 2018 Иқтисодиёт
375 0

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида тупроқ ресурсларининг учдан бир қисмидан ортиғи эрозия, шўрланиш, органик ва озуқа моддаларининг ювилиб кетиши, ифлосланиш ҳамда ер ресурсларини бошқаришнинг номақбул усуллари қўлланилиши натижасида таназзулга учрамоқда. Ёки умумий фойдаланилаётган ер майдонининг қарийб 40 фоизи турли даражада шўрланган. Бу эса ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, экологик барқарорликни сақлашга барча бирдек масъулият билан ёндашишини талаб қилади. 

Шу боис кейинги пайтда Ўзбекистонда мазкур глобал муаммонинг олдини олиш борасида кўплаб лойиҳалар татбиқ этилмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) томонидан амалга ошириладиган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланишга учраган қишлоқ хўжалиги ерларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси ана шулардан биридир.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Гидрометеорология хизмати маркази, ФАОнинг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мазкур лойиҳанинг мақсади, вазифалари, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар хусусида сўз борди.

Лойиҳа беш йилга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистоннинг тўртта —  Зарбдор, Қамаши, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Туркия давлатлари ҳудудларида татбиқ этилади. Мақсад қурғоқчил ҳамда шўрланган экин майдонларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ресурсларини тежаш, соҳага илғор технологияларни қўллаш каби муҳим масалаларни ҳал этишдан иборат.

— Умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларилик ушбу лойиҳа экин майдонлари ҳолатини яхшилашда муҳим роль ўйнайди, — дейди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. — Негаки, ўтган йилларда ҳам ана шу йўналишда иккита дастур ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қарийб 2,5 миллион гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорлик сезиларли даражада ошди. 
Лойиҳа доирасида шўрланишга қарши курашиш, қурғоқчилик хавф-хатарларини бошқариш бўйича халқаро тажрибалар ўрганилиб, амалиётга жорий этилади. Қолаверса, танлаб олинган ҳудудларда фермерлар дала мактаблари ташкил қилинади.

— 105 гектар лалмикор ер майдонида ғалла етиштирамиз, — дейди Қамаши туманидаги “Олтинбоев ери” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Олтинбоев. — Сир эмас, лалмикор ер учун ёғингарчилик кам бўлса, кутилганидек ҳосил олиш қийин. Шу боис бир гектар лалмикор ерда сувсизликка чидамли бўлган 300 туп бодом, қайрағоч ва тут кўчатларини экдик. Келгусида бодомзорларни кенгайтириб, ҳосилини экспорт қилмоқчимиз. Бунда бугунги лойиҳанинг ҳиссаси катта бўлади.

Лойиҳа ижроси доирасида танлаб олинган туманларда тажриба участкаларини ташкил этиш орқали иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва ер шўрланиши таъсирларини юмшатиш, деҳқончиликка инновацион ҳамда ресурс тежамкор усулларни қўллаб, йўқотишларнинг олдини олиш, шунингдек, мураккаб шароитда меҳнат қилаётган фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда зарур ускуналар харид қилишда кўмаклашиш кўзда тутилган. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар