Янги китоб: “Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир”

17:26 21 Август 2019 Маданият
857 0

Китоблар бор, ўқишни бошлаб беш олти... ўн... нари борса йигирма бетдан нари ўтолмайсиз. Китоблар бор, минг бир азобда ўқиб тугатасизу, кетган вақтингизга ачинасиз. Китоблар бор, ўқиб чиқиб, дилингиз яйрайди, маънавий озиқ оласиз. Китоблар бор, бир ўқишда бош кўтармасдан тугатасиз, қайта-қайта ўқийсиз, у бир умр иш столингиз, ёстиғингиз остида турувчи гавҳарга айланади.

Ушбу иқтисод фанлар доктори, профессор Муртазо Раҳматов, биология фанлари доктори, профессор, жаҳон физиологлар жамияти академияси(Стокгольм) академиги Бакридин Зарипов муаллифлигидаги мўъжазгина қўлланма ана шундай дурдона китоблар сарасига киришига умид қиламиз. Негаки, эндигина мустақилликка эришган қолоқ бир давлатни қисқа муддат ичида дунёнинг ривожланган давлатларидан бирига айлантира олган Ли Куан Юнинг “Сингапур мўъжизаси” сирларини билиш ҳар бир киши учун қизиқарли ва фойдали бўлиши шубҳасиз.

Кўнгилда Ватан туйғуси жўш урган, мамлакатини илғор давлатлар қаторида кўришни истайдиган ҳар бир миллатпарвар ва фидойи китобхон “Сингапур мўъжизаси”дан ўз юрти равнақи йўлида фойдаланишни дилига туюши табиий.

Кўпчилик мутахассислар азму шижоатда, ғайрату жасоратда, ақлу заковатда Ли Куан Ю, Ден Сяопинга қиёс этилаётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг кейинги уч йилда амалга оширган туб ислоҳотларининг моҳиятини тушуниб етиш, уларнинг истиқболига ишонч кўзи билан қараш ҳамда қўллаб-қувватлаш учун мазкур рисола ҳар бир раҳбар, ҳар бир тадбиркор, ҳар бир юртдошимизнинг кундалик қўлланмасига айланса не ажаб.

Илму фанга эътибор, жамиятда муаллимларнинг мақомини кўтариш, коррупцияга қарши беаёв курашиш, тадбиркор ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўтариш, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа кўплаб устувор вазифаларни амалга оширишда Сингапур тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлишини инобатга олганда рисоланинг қадр-қиммати янада яққолроқ намоён бўлади.

Китобча катта-кичик барча раҳбарлар, ишбилармонлар, олимлар, изланувчилар, хуллас, Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган кенг китобхонлар учун мўлжалланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019