“Янги Алпомишлар, янги Барчинойлар пайдо бўлади” — беш ташаббуснинг иккинчи йўналиши ҳаётга татбиқ этилмоқда

11:13 21 Февраль 2020 Спорт
375 0

Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Президентимиз илгари сурган 5 ташаббуснинг II йўналишида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Хусусан, “Қувноқ стартлар” мусобақаси доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқув дастур ишлаб чиқилиб, телевизион кўрсатувларда республика умумтаълим мактаб жамоалари ўртасида беллашувлар ўтказилаётгани қайд этилди. Ушбу мусобақанинг биринчи босқичи 2019 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ўтказилди. Унда 1 906 632 нафар ўқувчи иштирок этган. Шундан 953 316 нафарини қизлар ташкил этган. Иккинчи (туман/шаҳар) босқичи жорий йилнинг январь-февраль ойларида ташкил этилган бўлиб, учинчи босқич март ойида ўтказилиши маълум қилинди.

Таъкидланишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан февраль-март ойларида “5 ташаббус Наврўзда” фестивалини ўтказиш белгиланган. Мазкур фестиваль доирасида “Болалар спартакиадаси” миллий ва ҳаракатли спорт ўйинлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари соҳага доир амалий ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

“Вазирлигимиз томонидан ташкил этилаётган “Спорт доим ютади” мусобақаси чекиш, алкоголь маҳсулотлари ва гиёҳвандлик моддаларнинг истеъмол қилинишига қарши курашиш мақсадида спортнинг футбол, шахмат-шашка, баскетбол, стол тенниси, армрестлинг турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ўтказишга қаратилган, — деди бошқарма бошлиғи Умид Ражабов. — Лойиҳа доирасида 2019 йилнинг декабрь ойи ва 2020 йилнинг январь ойи давомида республикамиз миқёсида 3765 та спорт мусобақаси ва оммавий-спорт тадбирлари ўтказилиб, уларда 1 232 105 нафар иштирокчи қатнашди. Жумладан, 536 167 нафарини хотин-қизлар ташкил этди”.
 

Вазирлик вакили Жамшид Муҳаммадиев сўзларига кўра, “Машҳур спортчилар билан мактаб ўқувчиларининг учрашувларини ташкил этиш” лойиҳаси доирасида юқори натижаларга эришган спортчилар иштирокида маҳаллаларда 561 дан зиёд давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилган.

Умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларида ўқитувчилар томонидан 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида соат 16:00 дан 21:00 га қадар спорт тўгараклари (дарсдан ташқари) фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди.

Мутасаддилар аҳолини, айниқса, хотин-қизларни жисмоний тарбия

ва спортга жалб этиш мақсадида маҳалла, қишлоқ, истироҳат боғлар, корхона ҳамда муассасаларда эрталабки оммавий бадантарбия машқлари ўтказилаётганини айтиб ўтди. Ушбу бадантарбия машқларида республика бўйича аҳолининг 21 фоизи иштирок этаётгани эътироф этилди.

Матбуот анжумани якунида ушбу кенг кўламли ишлар, яратилаётган шароитлар натижасида мамлакатимизда ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол тимсоллар — янги Алпомишлар, янги Барчинойлар пайдо бўлишига умид билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?