Яна Оқтўбе йўллари. Ўнлаб ўзбекистонликлар музлаб қолган автобусдан қутқариб қолинди(видео)

12:36 16 Декабрь 2019 Жамият
531 0


Қозоғистонннинг Оқтўбе(Актюбинск) вилояти ҳудудидан ўтган Самара-Чимкент автомобиль йўлида хорижликларни олиб кетаётган автобус бузилиб қолган. Бу ҳақда вилоят полиция департаменти хабар берди.

Полиция маълумотларига кўра, автобусда орт илгаги(подвеска) ишдан чиққан. Оқибатда пайвандлаш ишларига эҳтиёж туғилган. Салонда эса 54 киши бўлган. Улардан 50 нафари Ўзбекистон, тўрт нафари Тожикистон фуқароларидир. 
Ушбу автобус Россиянинг Пермь шаҳрига кетаётгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, транспорт воситаси бузилиб қолиб, трассада бир неча соат қолиб кетган. Одамлар эса совуқ салонда музлай бошлаган.

Полициячилар барча йўловчиларни яқин орадаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига олиб борган. У ердаги кафетерийда жабрланганларга иссиқ чой берилган. Полициячилар шундан сўнг пайвандлаш қурилмасини топиб бериб, носозликни бартараф этишга ёрдамлашишган.
Тузатилган автобус бир неча километр юриб, яна, бу сафар Иргиз туманида бузилиб қолган. Бу гал эса полициячилар фавқулодда вазиятлар департаменти ходимлари билан ҳамкорликда автобусни йўловчилари билан бирга кемпингга олиб келишган. Шундан сўнг автобус қайта таъмирланиб, Қизилўрда вилояти чегарасигача кузатиб қўйилган.


 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?