Яна бир тайинлов: Янгийўл туманига ҳам янги ҳоким тайинланди

21:33 18 Февраль 2020 Жамият
281 0

Архив сурат

Тошкент вилоятининг яна бир туманида раҳбар ўзгарди. Янгийўл тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтабоев лавозимидан озод этилди.

Бугун, 18 февраль куни Халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.

Сессия ишида ташкилий масала кўрилган. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов сўзга чиқиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилди, туманда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато камчиликлар, ҳудуднинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича муаммоли ҳолатлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Музокаралардан сўнг вилоят ҳокимининг Янгийўл тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Абдусатторович Тўхтабоевни эгаллаб турган вазифасидан озод этиш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан тасдиқланди.

Асли прокуратура соҳаси вакили бўлган, 2015-2017 йилларда Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтабоев 2017 йилнинг июлида Янгийўл туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Улуғбек Усарович Ялгашев номзоди Янгийўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тавсия этилган ва у Янгийўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Улуғбек Ялгашев 1973 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. Миллати ўзбек. 1994 йилда Самарқанд давлат меъморчилик институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Молия вазирлигининг вилоятлардаги бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Ҳисоб палатасида турли вазифаларда ишлаган.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида бош инспектор сифатида фаолият юритган.

Бундан аввалроқ, Тошкент вилоятининг икки тумани — Бўка ва Бекобод туманларида ҳокимлар ўзгарганини хабар қилгандик.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019