Ян Хельфер: “Ўзбекистонда немис тилини ўрганувчилар бошқа мамлакатларга нисбатан анча кўп. Боиси...”

16:54 29 Май 2019 Жамият
359 0

Гёте деганда олмон тилининг гўзаллигини асарларида намоён этиб, жаҳон адабиётида улкан адабий хазина қолдирган улуғ ёзувчи гавдаланади кўз олдимизда. Унинг асарлари дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилинган. Бугун жаҳоннинг 90 та давлатида 150 та филиали мавжуд бўлган йирик немис тилини ўқитиш муассасанинг Гёте номи билан юритилиши ҳам бежизга эмас. Пойтахтимизда филиал эса 1998 йилдан буён фаолият кўрсатади. Бу даргоҳнинг асосий вазифаси немис тилини ўргатиш ва ушбу тил ўқитувчиларининг малакасини оширишдан иборат.

— Тошкентдаги Гёте институти бошқа филиалларга нисбатан кўп жиҳатдан фарқ қилади. — дейди муассасанинг Тошкент шаҳридаги бўлим раҳбари Ян ХЕЛЬФЕР. — Масалан, ташкилотимиздаги мультификсионал кутубхонада маданият, адабиёт ва тил соҳасида турли тадбирлар анъанавий тарзда ўтказилишини айтишимиз мумкин. Кутубхонадан фойдаланиш бепул ва бу учун фойдаланувчилар немис тилини билиши шарт эмас. Бу ерда турли тилларда адабиётлар мавжуд. Шунингдек, яқинда Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда Гёте номида боғ барпо этдик. Умуман олганда, Ўзбекистондаги немис тилини ўрганувчилар сони тўрт мингдан ошиқ бўлиб, саккиздан ўн саккиз ёшгача бўлган ёшлар уларнинг 75 фоизини ташкил этади ва курс қатнашчиларининг сони ва ёши жиҳатдан бошқа мамлакатларга қараганда юқори саналади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга сафари чоғида маданият соҳаси бўйича суҳбатларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлганман. Гёте институти юртингиздаги немис тили ва маданияти маркази сифатида ҳамкорлик муносабатларининг узвий бир қисми десак айни ҳақиқат. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатингиздаги 13 та мактаб билан амалий муносабатлар ўрнатганимиз ва шу орқали олти мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олганмиз. Институт ҳар йили йигирма беш нафар ўқувчи ва саксонта ўқитувчига стипендия ажратади.

Ёшлардаги лидерлик, баҳс-мунозарага киришувчанлик, қолаверса, тил борасидаги қобилиятларини ривожлантириш мақсадида барча давлатлардаги ҳамкор ўқув даргоҳларимиз ўртасида махсус лойиҳалар жорий қилганмиз. “Экологик мактаб” деб аталади ва унда ўқувчилар ўқитувчилари билан биргаликда мактаб ҳудуди ва атрофидаги экологик муаммоларнинг ечими тўғрисида хулосалар тайёрлайдилар. Тақдим этилган ишланмалар институт сайтида эълон қилинади ва ҳакамлар томонидан ғолиб деб топилган жамоа тақдирланади. Бу йил Урганчдаги 2-академик лицейи жамоаси муваффақият қозонди ва Германияда ўтказиладиган Халқаро экологик форумига йўлланмани қўлга киритди.

Бундан ташқари, “Мактаблар келажагимиз” лойиҳасини ҳам жорий этяпмиз. Унга кўра ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаши ва тилга қизиқишларини ошириш бўйича тренинглар ўтказилади.

Ҳозирги кунда ўқув даргоҳимизни янада ривожлантириш мақсадида бир неча янги ғоялар хусусида ўйламоқдамиз. Улардан бири — рақамли таълим. Яъни, математика ва информатика бўйича ҳам ёшларга таълим бериб, Германияда билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашишни кўзлаб турибмиз.

Муассасамиз орқали немис тили ва маданиятини дунёга ёйишда маълум қадар ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз. Бу ислоҳотлар келгусида икки давлатнинг маданий алоқалари, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланишига замин яратади.

Юлдуз ЎРМОНОВА суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019