Яхшилик еткур андоқким,тенгридин санга яхшилиқ етибдур

19:35 04 Февраль 2020 Маданият
267 0

Улуғ бобомиз Алишер Навоий фаолиятининг мазмунини тўлалигича энг юксак умумбашарий ғоя — инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, камолини тараннум этиш ташкил этади. Буюк шоир ўзи ўрганган барча эътиқодий, назарий ва амалий билимларни ана шу мақсад йўлида хизмат қилишига йўналтирди. Зеро, инсон Яратган томонидан мукаррам зот сифатида эътироф этилган ва унинг юксак мақоми белгилаб қўйилган. Бу сифат ва мақомни инсон бу оламда фақат ўз зотидан бўлган башарий жамият муносабати орқалигина идрок этади, ҳис қилади. Бу жамиятда юқори турганлар муносабат тарзи, йўсинини белгилаб беришини англаган шоир ёзади:

Жоҳнинг зебиғаким ҳусн тилаб, билдикким,

Зийнате келмади жоҳ аҳлиға эҳсон янглиғ.

Маълумки, жоҳ — юқори мартаба. Демак, юқори мартабага зеб бермоқ учун жоҳ аҳли учун эҳсондан ортиқ зийнат йўқ. Бу ерда эҳсон ҳозирги қўлланиш маъносидан бир оз фарқли. “Маҳбуб ул-қулуб”да эҳсон “амри азим”, яъни “улуғ буйруқ, вазифа” деб изоҳланади. Бунга далил қилиб улуғ каломдан “ул Ҳазрат мундоқ амр этибдурки, яхшилик еткур андоқким, тенгридин санга яхшилиқ етибдур” (“Аҳсин камо аҳсана аллоҳу илайка”), деган сўзлар келтирилади. Изоҳ давом эттирилиб, бир қитъа ёзилади:

Ажаб сифат эрур эҳсонки ҳар шариф сифат

Ки, келса жинси башардин анга эрур дохил.

Жавоҳир англа сифотони жавҳарий қафаси

Ки, бордур анда қаю бирни истасанг ҳосил.

“Эҳсон” сўзи араб тилида яхши, эзгу, севимли, гўзал бўлмоқ маъноларидаги “ҳасана” феълидан ясалади. “Ҳусн”, “ҳасана”, “муҳсин”, “таҳсин” ва “эҳсон” сўзлари ҳам шу ўзакдан, шундай маъноларга дахлдор. Бинобарин, инсон зоти томонидан намоён этиладиган ҳар қандай шарафли сифат эҳсон — яхшилик доирасига киради. Эҳсон эзгу амалларнинг мажмуи, умумий номи сифатида талқин қилинар экан, жамиятдан ҳам, ҳар бир инсондан ҳам ана шу доирада ҳаракатда бўлиш талаб этилади.

Баҳрдин қатраға таъзим ила таҳсин кўрдум,

Меҳрдин зарраға эъзоз ила эҳсон топтим.

Денгиз қатра, томчини эъзозлаб, унга эҳсон қилади, Қуёш ҳам заррага шундай муносабатда бўлади. Ана шу фазилатлари учун ҳам Денгиз ва Қуёш шараф топадилар, улуғлик даражасига чиқадилар, акс ҳолда бу мумкин эмас. Халқнинг буюклиги ҳам ўз аъзоларининг ҳар бирини қадрлаши ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши билан белгиланади. Ўз аъзоларини ҳимоя қила олмаган, юксалишига йўл очиб бера олмаган халқ, миллат буюк бўла олмайди. Бунда албатта, султонлар бош ролни ўйнайди. “Садди Искандарий” достонида Афлотундек улуғ ҳаким шогирди Искандарнинг Кашмирга шоҳ этиб тайинланган Ферузга ўз устозидан ўрганганларига таяниб: “Керак лутфу эҳсон шиор айласанг, Адолат йўлин ихтиёр айласанг”, деган насиҳатида ана шу ҳақиқатга ишора бор.

Лекин бирлик муқаррарлигининг муҳим шарти икки томонлама эзгу муносабатдир. Инсон Ҳақ, султон ва халқ меҳр-мурувватига ўзида фидойилик, вафо, садоқат каби чин инсоний фазилатлардан иборат эҳсонни ҳосил қилмагунча уларга муносиб бўла олмайди. Шунинг учун ҳам шоир дейди:

Тенгри эҳсониға шод ўлған қилур

Ўзни шоду меҳнатидин элни ҳам.

Айниқса, бу мавзудаги қуйидаги байт ниҳоятда гўзал топилма:

Мазраи даҳр аро соч лутф ила эҳсон тухми,

Ҳар не эксанг, они-ўқ чунки ўрарсен охир.

“Мазраи даҳр” — дунё экинзори, яъни умр. Барчамиз дунё экинзорида насиба, ҳосил ахтармаймизми, умид қилмаймизми? Бунинг учун тухм-уруғ топиб сочмамизми? Шу ҳақда сўз бормоқда. Инсон умри давомида бу экинзорда лутфу эҳсон уруғини сочиши лозим, чунки охирда (охиратда) нимани эккан бўлса, шуни ўриши таъкидланмоқда байтда.

Бу ғояни Навоийнинг барча асарларида исталганча топиш мумкин. Айниқса, “Арбаин”даги 40 та ҳадиснинг деярли ҳаммаси шу мавзуда. Яъни асар муаллифи мингаб ҳадислар орасидан айнан шу мавзудагиларини танлаб олади ва уларни ўз она тилидаги байтларида талқин қилади. Улар орасида “Хайру-н-наси ман янфаъули-н-наси” — “одамларнинг яхшиси бошқа одамларга кўпроқ нафъ етказганидир” дейилган ҳадис марказий ўринни эгаллайди.

Албатта, инсон феълида эзгулик, эҳсон билан ёнма-ён қабоҳат ва худбинлик ҳам туради. Шунинг учун ҳазрат Навоийнинг асарларида улар ҳақида, уларни тарк этиш борасида ҳам жуда кўп ўринда сўз боради. Аслида, бу ҳам “наҳйи мункар” — гуноҳ ишдан қайтариш, эҳсондир. Эҳсон — яхшилик мавзуси улуғ шоирнинг буюк маърифати қадрини яққол намоён этади.

 

Нафас ШОДМОНОВ,

Қарши давлат университети профессори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?