Яхши ният манманликка, исрофгарчиликка айланмасин!

14:01 06 Март 2018 Жамият
973 0
Фото: Интернет

“Ҳар кимки уч қизни вояга етказиб, турмушга узатиб ва кейин ҳам яхшилик қилишда давом этса, ул кимса жаннатийдир”. Бу ҳадиси шариф намунали таълим-тарбия бериш асносида фарзандларини вояга етказиб, уларни ҳаётга тайёрлаб бориш, тенги чиққанда узатиб, бахт-саодатини таъминлаш ота-она зиммасидаги муқаддас бурч эканлигини англатади.

Аммо ортиқча ҳою ҳавас, кибру ҳавога берилиш кучайган ҳозирги давримизда уч қизи бор хонадонга биров ҳавас кўзи билан қараши йилдан-йилга камёб воқеликка айланиб бормоқда.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Нега? Нима учун?
Бир умр йиғиб, бир кунда сочамиз...

Ота-она — бамисоли қўрғон. Шу боис фарзанд туғилганидан бошлаб сарпо-суруқ йиғишга киришилади. Бу — қадимий таомил, қолаверса, “тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, эртанги куннинг “ташвиши”ни енгиллаштиришга интилиш натижаси. Ўзи емай, киймай, лекин сандиғини зебу зийнатга тўлдирмаса, кўнгли тинчимайдиган ота-оналаримиз сафи камаймаётганлиги бугун ҳаммага маълум ҳолат. Бир қарашда бундан айб қидириш одобдан эмасдек туюлади. “Болаларим улғайгач, эл-юртга дастурхон ёзиб, тўю томошалар қиламан”, деган ниятнинг нимаси ёмон?! Аммо ёши бир жойга бориб қолган бобо-бувиларимиз, сал бош қашлаб, баъзан кинояли тарзда “Аввалгиларга ўхшамас”, деганларида жуда ҳам аччиқ ҳақиқат борлигини ҳис қиламиз. Чунки 30 — 40 йил олдинги маросимларимиз билан ҳозиргиларини таққосласангиз, ўртада ер билан осмонча фарқ борлигини кўриб, “Эҳ, аттанг...” деб юборишингиз аниқ.

Келинг, тўйларимизнинг ичига кириб кўрайлик-чи...
Даставвал интернетдаги эълонларга кўз югуртирсак. Тўй-маросимлар, базму жамшидларни дабдаба билан ўтказишга бел боғлаган фирмалар, “дастёр ишбилармонлар” рўйхати — сон мингта! Шулардан бири — манзили Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 39/7-уй, деб кўрсатилган ташкилот телефон рақамига қўнғироқ қиламиз.

— Ассалому алайкум, “JE TAIME” тўй либослари салони эшитади.
— Кечирасиз, сизларда келиннавкарлар учун ҳам ижарага кўйлаклар борми? — сўраймиз. — Нархини билмоқчи эдик.
— Албатта, бор, — дейди гўшакни кўтарган қиз. — Энг арзони 200 минг сўмдан бошланади. Ўртачароғи 50 доллар атрофида...
Билишимизча, бу бошқа салонлардагига нисбатан бирмунча арзон нарх. Аслида, айни шу хизматни кўрсатувчилар 300 — 400 долларгача нарх белгилашган экан.

Хўш, яқин-яқингача шундай “антиқа” урфлар бормиди? Тўйхонада 8 — 10 нафар қизнинг бир хил либос кийиб, бир хил тақинчоқ тақиб, бир хил пардозу андоз қилиб, келин атрофида гердайиб ўтириши қаердан пайдо бўлди?!
— Яқинда бир курсдошимиз уйланди, — дейди пойтахтда яшовчи Сардорбек Сафаров. — Биласиз, ҳозир келин-куёвнинг никоҳ базми якунида худди чет эл фильмларидагидек вальсга тушиши одат тусини олган. Лекин бу рақсга тушишни ҳамма ҳам билавермайди. Шу сабабли тўйдан аввал икки ёш махсус рақс мактабида сабоқ олаяпти. Ҳар бир машғулот камида 100 минг сўмдан экан. Дўстимиз бир миллион сўмнинг баҳридан ўтиб, у ерда 10 та дарс олди...
Изоҳга ҳожат йўқ.

Тошкент шаҳрида келинлар учун мўлжалланган кўйлаклар нархи ўртача 1000 доллар, машиналар кортежи 300 — 400 доллар, баъзида маросимлар авж олган пайтларда 2000 доллардан зиёд, фото ва видео хизматлари 1000 доллар атрофида, тўйхонани безатиш 2000 долларгача, ресторан хизматлари киши бошига 100 — 150 минг сўмдан (400 нафар меҳмон учун 40 — 45 миллион сўм!), икки ёш танишувини ифодаловчи қисқа фильм (“Love story”) тайёрлаш 1000 доллар... Куёв сарполари, карнай-сурнай, бошловчи, қўшиқчи, тўйдан олдинги ҳамда кейинги кўпдан-кўп маросимларни қўшиб ҳисоблаганда, пойтахтда бир кунлик базм учун 100 — 150 миллион сўм атрофида чиқим қилишингизга тўғри келади.

Ойига ўртача 2 миллион сўм даромад топиб, 1 миллион сўмини орттириб қўйиш қурбига эга ўртаҳол оила ҳам 3 нафар фарзандини уйлантириш ёхуд узатиш ташвишининг ўзи учун 40 йил давомида тер тўкиб меҳнат қилиши лозим! 40 йил зўр-базўр тўпланган сармоясини бир кунда кўкка совуриш ақлданми? Бунга имконияти етмаганлар-чи? Улар нима қилишсин?!

“Кичик маросим”нинг катта ташвиши
Самарқанд шаҳрида ҳам икки ёшнинг бошини қовуштириш сарф-харажатлари пойтахтдагидан ортса ортадики, асло кам эмас. Кўҳна ва навқирон кентда тўй дегани ўндан зиёд маросимларни ўз ичига олади.
Биргина фотиҳа тадбирининг ҳашамати баъзи жойлардаги никоҳ оқшомларидан бир неча карра зиёд.

— Биз томонларда фотиҳа учун 500 нафарга яқин меҳмонлар чақирилади, — дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Шаҳодат Фармонова. — Пулдорлар ўйлаб чиқарган одат-да бу! Яна денг, дастурхонга бошқа ноз-неъматларга қўшиб 12 хил таом, 12 хил салат тортилмаса, ҳисобмас. Айтсам, ишонмассиз, бунга кўр-кўрона эргашаётганлар кўпайиб бораяпти. Бунисини ҳам қўя туринг, шодиёнага қуда томондан 150 нафарми, 200 нафарми, қанча одам келса, ҳаммасига кетар чоғи турли совға-саломлар, ширинликлар солинган пакету тугунлар тортиқ этилмаса, уят ҳисобланади.

Хоразмда ҳам ҳар бир қишлоқда 800 — 1000 кишига мўлжалланган тўйхоналар бор. Негаки, ушбу хизмат тури энг даромадли бизнесга айланди. Илгари бундай жойларда, асосан, никоҳ базмлари ўтказилган бўлса, эндиликда маҳаллий шевада “Хина ёқар”, “Қиз йиғин” деб аталадиган, келиннинг 
15 — 20 нафар дугонаси билан ўтказиладиган тадбирлар ҳам 400 — 500 кишилик дастурхон атрофига кўчаяпти. Меҳмонлар сони тўй соҳибининг обрў-эътиборини белгиловчи мезонга айланган чоғи, қўшни маҳаллаларнинг таниш-нотаниш аҳлини шодиёнага чорлаш одат тусига кирди. “Элдан чиқмаслик” таомилига риоя қилишга мажбур бўлган оддий оилалар учун бу урф-одатлар жуда қимматга тушаяпти. У ҳолда битта тўй ўтказиш учун йиллаб “қора қозон”ни сувга ташлаб қўйиш керакми!

“Мазар”нинг мазаси қурсин...
Фарғона водийсида тўйдан сўнг қиз узатган хонадон куёвникига 40 кунгача турли егуликлар юбориши анъанага айланган. Мазкур удум Андижонда “Мазар” номи билан машҳур.

— Ҳозирги пайтга келиб, “мазар” юбориш одати тўйдан аввал бошланаяпти, — дейди Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи 75 ёшли Тожибархон ая Жўраева. — Бунда келин томон йигитникига дастлаб ўртача 20 та саватда турли ширинликлар, таомлар ва совға-саломлар жўнатади. Улар қаторида торт (ўртача нархи 70 — 80 минг сўм), сут билан тўйинтириб пиширилган қўй ўпкаси (ўртача нархи 50 — 60 минг сўм), куёв учун сарпо (ўртача нархи 500 минг сўм), куёвжўралар учун совға-салом (унинг таркибида гиламча, тамаки маҳсулотлари, пойабзал тозаловчи воситалар, тухум, рўмолча, тишковлагич, ўт олдиргич (зажигалка), шоколад кабилар) бўлиши даркор. Шу тариқа “Кичик мазар” учун келин томон ўртача 2 миллион сўм сарфлайди. Бу — ҳали ҳолваси. Тўйдан саноқли кунлар аввал уюштириладиган “Катта мазар” маросимида эса келин томон аввалгисидан икки баробар ортиқ харажат қилмаса, ҳисобмас. Ниҳоят тўйдан кейинги “мазар” юборишлар ҳақиқий бош оғриғига айланади. Никоҳ базмининг иккинчи кунидан бошланадиган ана шу жўнатмалар таркиби ҳам хилма-хил. Кунига уч маҳал егуликлар! Эрталабкиси таркибида кофе, иссиқ нон, қаймоқ ва бошқа ширинликлар бўлса, тушликка сихли кабоб, товуқ гўштидан қилинган тансиқ таомлар юборилади. Кечки овқат палов, сомса, манти, димлама, қовурдоқ каби қуюқ егуликлардан иборат бўлиши керак. Буларнинг ҳаммаси кунига ўртача 200 — 300 минг сўмдан, 40 кунда 8 — 12 миллион сўмга етади.

“Вой-бўўўўў...” дейишга шошилманг! Тожибархон аянинг айтишича, қуда холанинг ҳаракат ва харажатлари шу билан тугамайди. Тўйдан кейин куёв жўраларига “гап” беради. 30 нафар атрофидаги йигитлар учун уюштириладиган ушбу базмнинг ҳамма харажати келин томон зиммасида. Яна ўша ҳол: егуликлар, совға-саломлар, куёв сарполар... Орзуманд онахонларимиз томонидан яна бир “Мазар юбориш” удуми кашф этилдики, бунда куёвболанинг онаси дугоналари учун уюштирган “гап” маросими учун камида 5 та саватда патир, пишириқ, тансиқ таом ҳамда қуданинг дугоналари учун совға-салом юбориши даркор. Умуман олганда, қуда томонидан уюштириладиган ҳар бир маросим учун келиннинг онаси каттагина харажат қилиши лозим.
Тўғри, икки томон ўзаро келишиб, “бор товоғим — кел товоғим” ақидаларига нуқта қўйиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Бироқ бу ўнта оиладан биттасига тўғри келишини инобатга олсак, иллат илдиз отса отаяптики, асло камайгани йўқ.

Тўйларни “бирров”чилар бузаяптими ёки аксинча?
Санъаткор — аслида маънавият, одоб-ахлоқ тарғиботчиси. Одамлар ҳамиша уларнинг маънавий қиёфасидан ўрнак олишга интилишади. Бироқ кейинги пайтларда “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ниҳол” мукофоти совриндори”, “Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи” деган унвону эътирофлар фақат тўйларда уларнинг нархини ошириш омили бўлиб қолаётгандек таассурот уйғотади. Ана шундай казо-казо санъат вакиллари билан бир даврада қўшиқ айтаётган “ёш юлдуз”лар ҳам улардан кам бўлмаслик учун 
2 минг доллардан 10 минг долларгача маблағ сарфлаб олинган клипларини ойнаи жаҳон орқали “айлантириш”га зўр беришаётир.

Мақсад — халқ ўртасида тезроқ танилиш. Сарфланган маблағни қопловчи манба эса — тўйларимиз. Шу сабабли базм-маросимларга келишида нарх қўйиларкан, артистларнинг ўзлари ҳам буни иддао этишдан ийманмасликлари, “Мен фалон-пистон унвону мукофотлар олганман”, дейишгача боришлари ачинарли ҳолдир. “Бирров”чи артистларнинг 10 — 15 дақиқа ичида камида 400 — 500 долларни чўнтакка жойлаб кетиши эса одамларимиз учун жабр.
— Бир қатор санъаткорлар учун тўй ўта даромадли тижоратга айланиб бўлган, — дейди Зангиота туманидаги Обод турмуш маҳалласи фаоли Бахтиёр Маъмуржонов — Аслида, бунга ўзимиз айбдормиз! Чунки “Тўйимга фалончи-фалончи артистлар келди”, деб ўзимизни кўз-кўзлашга одатланиб қолдик. Энди қўли калтароқ оила ҳам “Атрофдагилардан қолмай” дея, 8 — 10 миллион сўм пулни хонандалар учун сарфлаб, кейин бели букилиб қолаяпти. Яна денг, қулоқни қоматга келтирувчи мусиқа шовқини остида бир соат ўтириб, юрагимизни ҳовучлаб чиқиб кетаяпмиз. Ҳатто ош базмларида ҳам овозкучайтиргичнинг товуши қулоқни тешиб юборай дейди. Ёнингиздa ўтиргaн кишининг сўзини эшитиш aмримaҳoл. Ўрни келганда, яқинда ўзим гувоҳ бўлган бир ибратли тўйни айтиб берай. Танишимиз ош дастурхони ёзди. Мумтоз ашулалар паст овозда, магнитофон орқали қўйиб берилди. Ҳамма мириқиб ўтирди. Мана, бўларкан-ку ахир!

Яна бир масала. Ахборот технологиялари ривожланиши билан дабдабали тўйлар тасвирлари туширилган дискларни кўпайтириб тарқатиш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳолатлари тобора урчимоқда. Уларда тасвирланган бойлик ва ҳашаматни кўз-кўзлаш оддий одамларнинг, тирикчилиги бундайроқ оилаларнинг ғашини ҳам келтиради. Бинобарин, бунга кўр-кўрона эргашувчилар, тақлид қилувчилар ҳам топилади. Тузукроқ сўраб-суриштириб келинса, юқоридаги сингари “урф”ларни оммалаштираётганлар пулдорлар, санъаткорлар бўлиб чиқади.

— Яқинда номдор бир санъаткорнинг оиласидаги тўй шодиёнасидан ёзиб олиниб, сотувга чиқарилган диск қўлимга тушиб қолди, — дейди Урганч шаҳридаги 37-маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳабибулла Ситметов. — Тўйдаги дабдаба кишини лол қолдиради. Аслида, бундай қувончли кунлар оила даврасида томоша қилиш учун тасвирга олиниши керак эмасми? Шу маънода, аввало, санъаткорларимиз тўйларини ихчам, маданиятли қилиб ўтказиш борасида бошқаларга намуна бўлсалар, жуда ажойиб иш бўларди.

Ҳабибулла аканинг самимият билан айтган бу гапида жон бор. Аммо қурган уйини, туғилган кунини дискларда сотувга чиқариб, шоҳона ҳаётини тарғиб қилаётган шу “бирров”чилардан бирортаси бир қўли калта инсоннинг даволаниши учун етмаган пулини тўлаб бергани, муҳтож қўни-қўшнининг дардига дармон бўлганини эшитдингизми?!

Ақл билан иш тутиш пайти келди
18 январь куни Қозоғистон Республикасининг Актюбинск вилоятида юз берган фожиада ҳалок бўлган юртдошларимизнинг 11 нафари Тўрақўрғон туманининг Катта Қурама маҳалласидан. Ҳудуднинг Янгиобод кўчасида яшаган Олимжон Сулаймонов ёнғинда қолганларнинг энг катта ёшлиси эди. Ҳайдов трактори минганидан топгани билан рўзғорини бинойидай тебратиб келган оила бошлиғи йигирма кунча аввал тўнғич қизини узатиб, тўй харажатларидан бирмунча қарздор бўлиб қолган экан. Россияга бориб ишлаб келишга қарор қилиб, 15 январь куни йўлга чиққан Олимжон ака қадрдон гўшаси ва яқинларини бутунлай тарк этаётганини билганида эди... Бугун бевалик қисматини бевақт қабул қилган аёли, айниқса, келинлик либослари тахи бузилмай отасидан айрилган қизининг оҳи кўкка ўрлаяпти...

Афсуски, бундай мисоллар кўп. Тўй қилиш ташвишида ўзини хавф-хатарга қўйиб, не-не машаққатларни бошидан кечираётган, катта миқдорда қарзга ботиб, турли фожиаларга дучор бўлаётганлар тақдири нега бошқалар учун ибрат бўлмаяпти?

Ваҳолонки, тўй-маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатлар ҳақида жамоатчилик вакиллари тинмай бонг ураётган бўлса... Бу ҳақда республикамиз оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Халқ сўзи” газетасида ҳам қатор таҳлилий мақолалар эълон қилиниб, амалий саъй-ҳаракатлар кўриш учун тегишли мутасадди ташкилотларга жўнатилган эди. Аммо, афсуски, лоқайдлик, бепарволик, “Сен менга гапирма, мен сенга айтмай” қабилидаги муносабатлар туфайли ҳанузгача тайинли жавоб олингани йўқ.

Яқинда ана шундай ҳолатларга қарши кураш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаати эълон қилинди. Унда юртимиз жамоатчилиги юқоридаги каби иллатларни бартараф этишда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга чақирилган.

— “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар”, деган Қуръон оятини кўпчилик яхши билади, — дейди Термиз шаҳридаги 12-мактаб директори Мусурмон Хуррамов. — Лекин амалга келганда ноль! Сохта обрў орттириш илинжида тўю маъракаларимиз дастурхонларига қўйилаётган ноз-неъматларнинг ярмидан кўпи чиқитга чиқиб кетаяпти. Бунинг уволи тутмайдими бизни?! Яқинда газетада ўқиб қолдим. Бир йилда мамлакатимизда 
31 минг оилавий ажралиш кузатилибди. Қолаверса, катта ҳашамат билан қилинган тўйларимиздан сўнг бўйнигача қарзга ботиб, соғлиғини йўқотаётган, бевақт оламдан ўтаётганлар қисмати ҳам шунинг касофати эмасми?! Ахир ана шу ортиқча дабдабабозликка сарфланаётган маблағлар хайрли ишларга йўналтирилса, қандай соз бўларди! Шундай экан, мамлакатимиз жамоат ташкилотлари фаолларининг мурожаатига қулоқ тутиш, амал қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, қалб амримиздир.
Фаррух БЎТАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар