Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик агентлиги тузилади

16:11 02 Август 2018 Иқтисодиёт
242 0

Молия вазирлигида Ўзбекистон Республикасида давлат ва хусусий сектор ўртасида шериклик истиқболлари бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Тадбирда молия, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш, Автомобиль йўллари давлат қўмиталари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари иштирок этди.

Унда ЕТТБ ва ҳукуматимизнинг мамлакатда давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантиришга қаратилган амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Анжуманда сўзга чиққан ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия давлатлари бўйича бошқарув директори Наталья Ханженкова Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ДХШни йўлга қўйишда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб ўтди.

Тадбирда мавзуга доир тақдимотлар ҳам ташкил этилди. Шу аснода давлат-хусусий шерикликнинг асосий вазифалари, лойиҳаларга молиявий манбаларни жалб қилиш, уларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Маълумот учун, давлат-хусусий шериклик тизими (ДХШ) – бирор мамлакатга ёки ушбу мамлакат томонидан берилган кўрсатмалар асосида хизмат кўрсатувчи хусусий сектор учун узоқ муддатли шартномадир.

Хусусий сектор ўзининг молиявий, техник ва бошқарув ресурсларидан фойдаланиш орқали лойиҳани илгари сурувчи куч ҳисобланади.

Давлат сектори эса асосий лойиҳа активлари (мисол учун, ер участкалари)ни тақдим этади ва юридик ҳамда шартнома асосида узоқ муддатли ўзаро муносабатларни ўрнатади, лойиҳага тайёргарликни молиялаштиради.

Бинобарин, хусусий сектор ва давлат инвестицион мажбуриятлар, рисклар, масъулият ва тушумларни ажратган ҳолда биргаликда фаолият юритади.

- Тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишнинг замонавий ва энг самарали йўналишларидан бири бу давлат-хусусий шериклик йўналишидир, - деди Молия вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Б. Аҳмедов. – Мазкур йўналиш узоқ муддатли, самарали ва икки томон учун ҳам фойдалидир. Бундай механизм асосан ижтимоий, яъни мактабгача таълим, умумий ва олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳалари, уй-жой коммунал хўжалиги, автомобиль йўллари қурилиши ва электр таъминоти тармоқларидаги инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқаришда кенг қўлланилади. Айни пайтда юртимизда мактабгача таълим жабҳасида давлат-хусусий шериклик асосида сармоядорларни жалб этиш ишлари ўз самараларини бераётганини кўриб турибмиз.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги томонидан жаҳоннинг йирик компанияларидан бири Veolia билан ҳамкорлик ишларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ушбу францез бренди билан Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти ва Тошкент шаҳрида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланган.

Тадбирда ЕТТБ вакиллари томонидан давлат-хусусий шериклик йўналиши билан шуғулланувчи агентлик тузилиши ҳақида таклиф ўртага ташланди. Халқаро банк мутасаддилари томонидан қатор ривожланган мамлакатлар, жумладан, Туркияда ҳам шу каби агентликлар муваффақиятли фаолият олиб бораётгани ҳақида мисоллар келтириб ўтилди.

Бундай агентликлар эса одатда молия вазирлиги тизимида ташкил этилади. Қолаверса, яқин кунлар ичида ЕТТБ ДХШ бўйича қонунчилик базасини яраташ ҳамда дастлабки лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида вазирликка халқаро консультант-маслаҳатчи ажратиб беради.

Бу борадаги дастлабки лойиҳалар бир-икки йил мобайнида тайёрланиб, очиқ танловга қўйилиши ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар