XIX асрда Бухоро амирлигида тарқалган вабо қандай бартараф этилганди?

18:04 14 Апрель 2020 Маданият
1629 0

Архив сурат

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти қаторида Ўзбекистон ҳам коронавирусга қарши жиддий курашмоқда. Шу ўринда, тарихда кечган бу каби офатларни енгиш амалиёти барчамиз учун қизиқ ва муҳимдир.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган, Бухоро амирлигининг XIX аср охирига оид ҳужжатларидан маълум бўлишича, юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг тўғри ва самарали йўли бу — давлат томонидан жамоавий тадбирларни ўтказишни вақтинчалик чеклаш (чилла), одамлар билан кенг доирадаги ижтимоий мулоқотларни камайтириш (ўзини ўзи яккалаш), саранжом-саришталик, тозалик қоидаларига риоя қилиш ва ўз вақтида шифокорларга мурожаат этиш бўлган.

Ҳужжатлардан бирида келтирилишича, Бухоро амирлиги билан қизғин савдо алоқалари йўлга қўйилган Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида, Афғонистоннинг Ҳирот, Кобул шаҳарлари ва Қандаҳор вилоятида вабо кенг тарқалиб кетгани маълум бўлади. Ушбу ҳолатни эътиборга олиб, Бухоро ҳукмдори бир қатор чораларни кўришни амр этади. Жумладан, унинг фармонига кўра, Амударё ва Панж дарёлари атрофида жойлашган бандарларга кириб келган кемалар назоратга олиниб, улардан тушадиган одамларни тиббий текширувдан ўтказиш учун чегараларга шифокорлар билан бирга махсус қоровуллар қўйилган.

Бошқа бир ҳужжат — Бухоро амири номига Фозилбекдан келган мактубда Келиф қўрғонидаги (ҳозирги Туркманистон) кемачилар жамоаси орасида вабо тарқалгани ва кунига 1-2 киши вафот этаётгани тўғрисида маълумот берилган. Шу сабабдан, кемаларда кириб келаётган маҳсулот ва одамларни қатъий назоратга олишга изн сўралган. Тез орада, амирнинг фармонига кўра, кемалар тўхташ жойида махсус қоровуллар қўйилган ва келган одамларни чиллада ушлаб туриш амалиёти жорий этилган.

Яна бир ҳужжатга кўра, Алихон қоровулбеги Бухоро амирига ҳисобот юбориб, унда Тифлис вилоятидан Кармана поезд бекатига келган одамларни чиллада ушлаб туриш ва тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига ёрдам бериш мақсадида 65 аскардан иборат қоровуллар жалб этилгани, улар уч қисмга бўлиниб, ҳар уч кунда навбат алмашиб ишлаётгани маълум қилинган. Бироқ олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, 1892 йилнинг ёзида Бухоро амирлиги ҳудудида вабо барибир тарқаган. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат хазинасидан 6 минг танга ажратилиб, шундан 900 тангаси тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга берилиши, қолган қисми эса дори-дармон сотиб олиш ва тозалаш тадбирлари (дезинфекция) ишларига сарфланиши тўғрисида фармон имзоланган.

Касаллик билан курашишда табиблар фаол ишлар олиб борганлар. Улар қишлоқларда юриб, аҳолига беминнат тиббий ёрдам кўрсатганлар. Жумладан, Мулло Абдурасулхўжа, Мулло Исматулла, Қори Мулла Раҳматулла ва Мулла Султон Муҳаммад каби табибларнинг Бухоронинг шарқий қисмида олиб борган фаолияти давлат томонидан кенг рағбатлантирилган. Табибларга хизмат ҳақи тўлаш билан бирга, турли совғалар ҳам туҳфа қилинган.

Вабога қарши курашишда маҳаллий табиблар билан бирга, малакали рус шифокорларини жалб этиш учун 3500 танга ажратилган. Шундай фелдшерлардан бири Станислав Сталевский бўлган. У амирнинг таклифига кўра, 1892 йил 5 июлда Бухорога вабога қарши курашиш учун хизмат сафарига юборилган. Фелдшер ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан амалга оширганлигини Бухоро амири юксак баҳолаб, 1893 йил 18 августда уни катта олтин медаль билан тақдирлаган.

Шифокорлар аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида жойларда ҳар хил тадбирлар олиб борганлар. Шунингдек, амирликда тарқалган вабо ҳақида ёзма эълонлар тарқатилиб, уларда шифокорларнинг аҳолига эпидемияга қарши курашиш бўйича тавсиялари, беморларга биринчи тез ёрдам кўрсатиш тартиби, шахсий тозалик қоидалари, беморлар билан яқин мулоқотни чеклаш ҳамда уларнинг буюм ва идишларидан фойдаланмаслик бўйича маълумотлар берилган.

Бундан ташқари, вабонинг белгилари, тарқалиши ва унга қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида рисола шаклида махсус йўриқнома ҳам чоп этилган. Рисолада касалликни даволаш усуллари, аҳоли турар жойлари ва жамоат жойларни зарарсизлантириш (дезинфекция қилиш), беморларга тавсия этилган дори-дармон турлари ва касаллик билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам батафсил баён қилинган.

Ўз навбатида, аҳолининг бой қатлами эҳтиёжманд инсонларга беғараз моддий ёрдам кўрсатиш, хайр-эҳсон қилиш ва закот тўлаш ишларини ҳам олиб борганлигини қайд этиш жоиз. Умуман олганда, оммавий тарқалган касалликларга қарши курашишда, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини оширишдан бошлаб, тегишли тозалик тартиб-қоидаларини жорий этиш, малакали шифокорларни кенг кўламда жалб этиш ва уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш ишлари ўз самарасини берган.

Демак, юз ўттиз йилча бурун, ҳали илм-фан бугунчалик тараққий этмаган пайтларда ҳам аждодларимиз ўзларини сақлаш учун шунча ҳаракат қилган эканлар, бугуни авлод — XXI кишилари бўла туриб, “тожли оғу”га қарши давлатимиз олиб бораётган барча чора-тадбирда фаол қатнашиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Президентимиз ўз мурожаатида таъкидлаганидек, шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.

Муҳайё ИСОҚОВА, ЎзРФА Тарих институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?