Адҳам Холиқов: Тошкентга меҳрим ўзгача

18:29 06 Сентябр 2018 Маданият
351 0

Давлатимиз раҳбарининг “Тожикистон Республикасининг бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари, маданият, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида икки қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, муштарак тарихий мерос, маънавий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш ва бойитиш борасидаги фаол ва самарали фаолияти, мамлакатларимиз орасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва кўп томонлама стратегик шерикчиликни ривожлантиришдаги хизматлари учун бир гуруҳ тожикистонлик давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, адабиёт-санъат намояндалари орденлар ва фахрий унвонлар билан мукофотлангани хушхабари халқларимиз томонидан катта шодиёналик билан кутиб олинди. Улар орасида дунёга машҳур опера хонандаси Адҳам Холиқовни шу муносабат билан қизғин муборакбод этдик.

С. Айний номидаги опера ва балет академик театри давлат муассасаси бадиий раҳбари Адҳам Холиқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвони билан мукофотланди.

— Адҳам Қурбонович, Сизни юксак мукофот билан ўзбекистонлик мухлисларингиз номидан чин қалбдан табриклаймиз.
— Раҳмат. Икки қардош, жондош халқларнинг азалий муносабатлари яна тикланиб, кўнгиллар яйраб-яшнаб турган шу кунларда, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинганига йигирма етти йил тўлаётган мўтаъбар лаҳзаларда бундай юксак мукофотга сазовор бўлганим қалбимда чуқур ҳаяжон уйғотди.

— Ўзбекистонни, айниқса, Тошкентни жуда қадрлашингиз ҳақида кўп эшитганмиз.
— Албатта, мухлислар беҳуда айтишмайди. Мен Тошкент театрларида маҳорат оширдим, шу ерда санъатга, мусиқага қалбимда муҳаббат янаям чуқур илдиз отди. Улардан ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди. Бу шаҳарда ўзига хос маънавий муҳит мавжудки, санъатга ошно қалбни албатта парвозга ундаб туради. Менимча, бунинг сабаби буқутлуғ масканда қадим-қадимдан адабиёт-санъат, маданият ривожланиб, ўзига хос маънавий-руҳий муҳит шаклланганида бўлса керак. Тошкентнинг ҳам, Душанбенинг ҳам суви бир-бирига ўхшаб жуда ширинлигини кўп гапиришади. Нафақат сувимиз, табиатимиз, қалбимиз яқин, дилимиз бир. Шу сабабли бизнинг алоқаларимиз фақат бир-биримизни бойитишга хизмат қилади. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу нарсанинг аҳамияти беқиёс. Давлатларимиз раҳбарларининг мазкур жараёнда бугунги олиб бораётган сиёсатлари бугунги кунга қандай хизмат қилаётганини ёруғ чеҳралардан, бир-биримизнинг маданиятимиздан баҳраманд бўлишимиздан кўриб турибмиз. Қалбларга ҳаяжон сиғмайди, меҳр-муҳаббатнинг чеки йўқ, еримиз, сувимиз, табиий бойликларимиз халқларимиз учун хизмат қилади, дўстлик-қадрдонлик бу неъматларнинг файз-баракасини ҳам ошириб юборади.

— Акангиз Ботир Холиқов ҳам Ўзбекистон телевидениесида режиссёр сифатида самарали меҳнат қилган эди.
— Ҳа, тўғри айтдингиз, жойлари жаннатда бўлсин, акам бу қувончли лаҳзаларда ҳаёт бўлганларида қандай аҳволга тушишларини сўз билан ифодалаш қийин. У кишининг дўстлари менинг дўстларим, яқинлари менинг яқинларим эди. Шу боис, мен ҳамиша уларнинг муваффақиятларидан, амалга ошираётган ишларидан хабардор бўлиб турардим. Бизнинг бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз ҳамиша улуғ бўлган.

— Сиз дунёнинг машҳур театрларида, жумладан, Италия опера театрларида ҳам чиқишлар қилгансиз, “Италия бизни унутмайди, аммо Ватан биз учун Ватандир” деган сўзларингизни кўп эслашади.
—Ватан туйғуси жуда муқаддас. Шу маънода, биз тожигу ўзбеклар бир заминда яшаб, юртдош, ватандош халқлар сифатида ҳам бир-биримизга яқинмиз. Ўтган йили октябрь ойида Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта академик театрида чиқиш қилиш бахтига муяссар бўлдим. Бу менинг юксак орзуим эди. Бу театр Марказий Осиёда энг улуғ, мазкур санъатга тамал тошини қўйган қутлуғ даргоҳдир. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан анжуманлар саройида, жорий йилнинг 17 август куни қилган чиқишим ҳам катта олқишлар билан кутиб олинди. Бу мен учун улуғ шараф. Шундай эзгу ниятга, улуғ ишга ўз санъатимиз билан ҳисса қўшаётганимизнинг савобини сўз билан таърифлаш қийин.

— “Ўзбекистон халқ артисти” унвони олганингиз Сизга қандай таъсир қилди?
— Мен табиатан ўзимни ҳамиша ёш ҳис этиб юраман. Қалбим шундай. Бу унвон мени яна ҳам ёшартириб юборди. Санъатимиз халқларимиз дўстлигига хизмат қилсин дейман. Ҳаётимиз шу тариқа мазмунли бўлсин дейман. Халқларимиз бахтли-саодатли, бир-бирига елкадош бўлиб юришининг ўзи биз учун катта саодатдир!
— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!
Шойим БЎТАЕВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар