Дунё бўйича ташқи қарздорлик рекорди янгиланди

18:26 13 Июль 2018 Иқтисодиёт
574 0
Иллюстратив фото

Дунё бўйича умумий ташқи қарздорлик 2018 йилнинг биринчи чорагида 8 триллион АҚШ долларга ўсиб, 247,2 триллион доллар ёки глобал ЯИМнинг 318 фоизига етди. Шундай қилиб бу борадаги рекорд янгиланди, деб хабар берди РБК Халқаро молия институти(ХМИ) маълумотига асосланиб.

Мазкур тадқиқотда дунёдаги қарийб 70 давлат ва ҳудуд қамраб олинган. Дунё қарзларининг асосий қисми(178,3 трлн. доллари) ривожланган иқтисодиётлар ҳисобига тўғри келса, қолгани(68,9 трлн.и) ривожланаётган давлатларга тегишлидир.

Ушбу рақамлар ХМИ томонидан ҳар чоракда янгиланади ва унда ҳукуматлар, банклар, номолиявий корпорациялар ва уй хўжаликлари қарзлари ҳисоблаб чиқилади.

Хусусан, ривожланаётган мамлакатларнинг номинал хориж валютасидаги қарзи(банклар мажбуриятларини инобатга олган ҳолда) биринчи чоракда энг юқори даража – 5,5 трлн. долларга етган. Уларнинг катта қисми(78 фоизи) корпорацияларга тааллуқлидир. Валюта қарзларига энг кўп боғланиб қолган давлатлар сифатида Аргентина, Венгрия, Туркия, Польша ва Чили кўрсатиб ўтилди. Ўз навбатида тараққий топаётган мамлакатлар банк секторидаги валюта қарзлари ҳисобот даврида 785 млрд. долларни ташкил этган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2010 йил биринчи чорагидаги 110 млрд. доллар эди. Таҳлилчилар фикрича, мазкур тренд юань тебранишлари олдида ХХР молия сектори заифлиги ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.

Айни чоғда жаҳонда ўсиш кўрсаткичлари секинлашуви, унинг географик жиҳатдан турлича эканлиги кузатиляпти. Шунингдек, кредит хатарларидан хавотирланиш борлиги учун АҚШда ставкалар кутилганидан тезроқ муддатда оширилди. Натижада Канада, Франция, Швейцария каби илғор давлатларда корпорациялар ва уй хўжаликлари қарзлари тарихий максимуми янгиланди. ЯИМга нисбатан қарз АҚШ, Австралия, Швейцария, Данияда кўпайган бўлса, Германияда, аксинча, сезиларли даражада пасайди.

Халқаро қарз бозорида долларда қарз олган мамлакатлар энг катта хатарга дуч келиши мумкин. Албатта, АҚШдан ташқари. Сабаби Федераль захира тизими(ФЗТ) ставкаларининг кўтарилиши Америка валютасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Айни пайтда тараққий топган давлатларда халқаро облигацияларнинг 30 фоизи долларда бўлса, 2019 йил биринчи чорагига келиб улар бўйича олинган умумий қиймати 900 млрд. долларлик қарз ёпилиши керак.

Ривожланаётган мамлакатлар эса 2019 йил якунига келиб 2,7 трлн. долларлик облигациялар ва синдикат кредитлари бўйича мажбуриятларини узиши лозим. Шуларнинг учдан бир қисми долларда тўланиши жоиз. Долларда олинган қарзларни қайтариб бериш бўйича энг катта хатарга дуч келадиган давлатлар сифатида Аргентина, Колумбия, Миср, Нигерия(ҳар бирининг олган ташқи қарзидан 75 фоизи долларда), Мексика(62 фоиз), ЖАР(57 фоиз), Бразилия(50 фоиз) ва Туркия(47 фоиз) кўрсатиб ўтилган. Россиянинг бу борадаги кўрсаткичи 20 фоиздан зиёд бўлса, энг кам миқдор Индонезия, Саудия Арабистони, Таиланд, Ҳиндистон ва Хитойга тегишли бўлиб турибди.

Яқинда Жаҳон банки ижрочи директори Кристалина Георгиева Bloomberg TVга берган интервьюсида фоиз ставкалари оширилаётган шароитда қарзнинг қабул қилиш мумкин бўлган даражаси масаласига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтганди. У Марказий банклар кутилгандан ҳам тезроқ ставкаларни оширган ФЗТдан намуна олишига тўғри келишини қайд этганди. Бу эса шаклланаётган ва ривожланаётган бозорларга таъсир этмасдан қолмаслигини ҳам таъкидлаган ЖБ ижрочи директори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар