ЖЧ-2018. Англия ва Бельгия мағлубият учун курашадими?

17:28 28 Июнь 2018 Спорт
1061 0
Twitter / @BelRedDevils

Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи ҳам ниҳоясига етиб қолди. Бугун сўнгги икки гуруҳда охирги тур ўйинлари бўлиб ўтади ва нимчорак финалнинг барча 16 жамоаси номи аниқ бўлади.

G гуруҳида йўлланма эгалари аниқланиб улгурган бўлсада, ғалати вазият юзага келган. Яъни ҳали Англия ва Бельгия гуруҳда ким биринчи ўринни эгаллаши масаласига ойдинлик киритмаган. Лекин бошқа гуруҳлардан фарқли равишда бу ерда гуруҳни пешқадам бўлиб якунлашдан кўра, иккинчи бўлиш маъқулроқдек кўринмоқда. Нега? Сабаби оддий гуруҳ ғолиби нимчорак финалда у қадар жиддий рақибга дуч келмаслиги мумкин. Лекин чорак финалда Бразилия ва Мексика учрашуви ғолиби (катта эҳтимол билан Бразилия дейлик). Мабодо шундай қийин йўлни босиб ўтиб, ярим финалга чиққан тақдирда ҳам у ерда Уругвай, Португалия, Франция ва Аргентина тўртлиги ичидан энг кучлиси бўлиб ёриб чиққан жамоага қарши майдонга тушади. Даҳшат-а, тўғрими? Иккинчи ўринни эгаллаган жамоа эса ярим финалгача, ўйнаса бўладиган жамоаларга дуч келади. Уёғига эса энг кўпи билан Испания ёки Хорватия (ўйинига қараб тахминан айтилаётган фикр) дуч келиб қолиши ҳам мумкин.

Шу боисдан бу учрашувда икки гуруҳ етакчиси мағлубият учун ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Қизиқ томони, дуранг бўлган тақдирда барча кўрсаткичлар тенг бўлиб қолади. Ҳаттоки киритилган ва ўтказиб юборилган голлар сони бўйича ҳам. Бундай вазият сариқ ва қизил карточкалар ҳисобга олинади. Ким кўп карточка олиш, кураши буёғи...

Албатта бу шунчаки бизнинг фаразларимиз. Ҳақиқий профессионал футболчилар, умуман бундай ҳисоб-китобларга эътибор қилмасдан, борини бериб ғалаба учун ҳам ўйнаши мумкин. Буни фақатгина ўйин давомида кўришимиз мумкин бўлади.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувига ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз. Мусобақага қуръа ташланганданоқ бу ўйинга бўлган қизиқиш паст бўлишини айтиб, ҳазиллар тўқилганди. Ҳозирча бу ўйинга мусобақадаги энг кам мухлис киришини тахмин қилиш мумкин, холос.

H гуруҳида эса икки йўлланма учун учта жамоа кураш олиб бормоқда. Нисбатан осонроқ вазият Японияда дейишимиз мумкин. Осиё вакиллари мусобақа билан хайрлашган Польша терма жамоасига қарши майдонга тушади ва бу учрашувдаги дуранг ҳам Японияни плей-оффга олиб чиқади.

Сенегал ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги учрашув эса ҳақиқий ҳаёт-мамот жанг бўлиши табиий. Бу учрашувда ҳам Сенегални дуранг қаноатлантиради. Колумбия эса йўлланмани қўлга киритиши учун фақатгина ғалаба қозониши керак. Энг муҳими бу ерда барчаси жамоаларнинг ўз қўлларида қолган.

ЖЧ-2018
H гуруҳи. 3-тур

19:00 Сенегал - Колумбия
Самара. “Космос Арена”
Бош ҳакам:
 Милорад Мажич (Сербия)

19:00 Япония - Польша
Волгоград. “Волгоград Арена”
Бош ҳакам:
 Янни Сиказве (Замбия)

G гуруҳи. 3-тур
23:00 Англия - Бельгия
Калининград. “Калининград“ стадиони
Бош ҳакам: 
Дамир Скомина (Словения)

23:00 Панама - Тунис
Саранск. “Мордовия Арена”
Бош ҳакам:
 Наваф Шукралла (Баҳрайн)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар