ЖЧ-2018. Финалга икки қадам қолди. Бугунги супер тўқнашувлар

15:19 06 Июль 2018 Спорт
587 0
Фото: Sky Sports

Бугун жаҳон чемпионатининг 1/4 финал ўйинлари бошланади. Унда 4 терма жамоа ярим финал йўлланмаси учун майдонга чиқади.

Чорак финалнинг дастлабки ўйини нимчорак финалда Португалия ва Аргентинани қолдириб кетган Уругвай ҳамда Франция жуфтлиги ўртасида кечади. Ўйинни аргентиналик Нестор Питана бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.

Бу икки терма жамоа жаҳон чемпионатларида ўзаро уч маротаба тўқнаш келишган. Битта ўйинда Уругвай терма жамоаси ғалаба (1966 йил, 2:1). Қолган икки учрашувда ҳисоб очилмаган. Иккала дуранг ҳам янги асрдаги мундиаллар (2002, 2010) гуруҳ босқичида қайд этилган. Бундан ташқари улар 3 марта ўртоқлик учрашувида майдонга тушган бўлиб, унда ҳам устунлик Уругвай томонда. 1 ғалаба, 2 дуранг. Иккала дуранг ҳам 0:0.

Бир сўз билан айтганда Франция ҳеч қачон енга олмаган термаси — Уругвайга қарши майдонга тушади ва ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Иккинчи учрашув эса 1/8 финалда Мексикадан устун келган Бразилия ва Японияга қарши драматик учрашувда охирги дақиқаларда ғалабага эришган Бельгия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Ўйинни сербиялик Милорад Мажич бошчилигидаги ҳакамлар бошқаради.

Бу терма жамоаларнинг ўзаро иккинчи ўйини бўлади. Ҳозирча ягона бўлиб турган олдинги ўйин 2002 йилги ЖЧ 1/8 финали доирасида бўлиб ўтганди. Ривалдонинг дубли бўлажак жаҳон чемпионларига ғалаба тақдим этган. Бошқа бу икки жамоанинг йўллари кесишмаган.

ЖЧ-2018

1/4 финал

19:00 Уругвай – Франция
Нижний Новгород. “Нижний Новгород” стадиони
Бош ҳакам: 
Нестор Питана (Аргентина).

23:00 Бразилия – Бельгия
Қозон. “Қозон Арена”
Бош ҳакам:
 Милорад Мажич (Сербия).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар