“Wanderlust”: “Ўзбекистон – туризм соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакат”

16:27 08 Февраль 2019 Маданият
334 0

Лондондаги “Olympia” номли энг йирик кўргазма марказларидан бирида Буюк Британиянинг “Wanderlust” нашри томонидан “Wanderlust World Guide Awards” мукофотини тантанали топшириш маросими ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Маълумот учун, туризм индустриясидаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослаштирилган мазкур журнал жаҳон сайёҳлари ичида жуда нуфузли саналади.

Нашр танлов ғолибларини ўқувчилари ўртасида саҳифалари орқали “Ташриф буюриш учун энг машҳур мамлакат”, “Туризм йўналишида энг тез ривожланаётган мамлакат”, “Туристлар учун дунёдаги энг машҳур шаҳар”, “Энг яхши авиакомпания”, “Энг яхши туроператор” каби номинациялар бўйича сўров ўтказиш йўли билан аниқлади.

Қувонарлиси, Ўзбекистон “Туризм йўналишида энг тез ривожланаётган мамлакат” деб топилди. Нуфузли мукофотни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси А.Шайхов қабул қилиб олди.

Давлатимиз дипломатик миссияси раҳбари ўз чиқишида тадбир иштирокчилари, журнал таҳририяти ва ўқувчиларига Ўзбекистонга алоҳида қизиқиш билдиришгани, шунингдек, мана шундай юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди.

Тадбир иштирокчилари овоз бериш чоғида Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой маданий мероси, қолаверса, давлат раҳбарияти томонидан мамлакатда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар шарофати билан Ўзбекистон бу борада ўтган йилги ғолиб Эронни ортда қолдириб кетишга эришганини таъкидладилар.

Журнал мутахассислари Буюк Британия фуқаролари учун визанинг бекор қилингани ва машҳур британ теле-сайёҳи Жоанна Ламлининг Буюк ипак йўли ҳақидаги ҳужжатли фильми катта муваффақият қозонгани туфайли келгуси йили Ўзбекистон ташриф буюриш учун энг машҳур мамлакат номинациясига ҳам даъвогарлик қилишига шубҳа билдиришмаяпти.

Жорий йилда танлов ғолиблари орасидан, шунингдек, Япония, Янги Зеландия, Сингапур, Буюк Британия, БАА, Испания, Эрон, Лаос ва Намибия жой олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019