Вояга етмаганларга судда даъвогар бўлиш ҳуқуқи берилиши мумкин

10:13 10 Январь 2020 Жамият
153 0

Президентимизнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида устувор мақсадлар кўзда тутилган. Уларга эришиш учун фуқаролик, оилавий, уй-жойга доир ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади. Бу, ўз навбатида, айрим қонунлардаги болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлашни назарда тутади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси юзасидан ­Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юборишни тақиқлашга доир норма киритилмоқда.

Шунингдек, Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган тураржойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги қоида киритилмоқда. Бундан ташқари, Солиқ кодексига болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоидани киритиш кўзда тути­ляпти.

Фуқаролик процессуал кодексига вояга етмаган болаларнинг судга қилган бевосита мурожаатларини бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан кўрмасдан қолдиришнинг тақиқланиши, шунингдек, 14 ёшга тўлган вояга етмаганларга судда даъвогар бўлиш ҳуқуқининг берилиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда. Эътиборли жиҳати, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишнинг кафолатланиши назарда тутиляпти. Бунда бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги ҳуқуқи тўғрисидаги қоида акс этмоқда.

Айни пайтда парламент қуйи палатасида ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ҳужжатни янада такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Алия ЮНУСОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019