Вояга етмаганлар ўртасида номусга тегиш, босқинчилик ва гиёҳвандлик жиноятлари кўпайган

17:29 25 Июль 2019 Жамият
273 0

Иллюстратив фото

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар аввалги йилларга нисбатан камайган бўлишига қарамай айнан тартибсизлик, ўғирлик каби турли ҳуқуқбузарликларнинг кўпайиб бориши кенг жамоатчилик вакилларини сергакликка чақирмоқда. Тарбиядаги энг кичик эътиборсизликдан бугун айрим ёшлар жиноят тўрига ўлжа бўлмоқда. Бировнинг мулкига эгалик қилиш майлидан жиноят тубсизлигига кириб жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг адашишига оилавий носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик сабаб бўлган. Гарчи фарзанд ота-онасининг кўзгудаги акси бўлиб улғаяди.

Ҳозирда вояга етмаган ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда сонга эмас, балки сифатга таянилмоқда. Ёшлар иттифоқи ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида ҳудудларда “Барчаси ўз қўлингда” тарғибот декадасини ўтказиб келмоқда. Унда тарбияси оғир, жиноят содир этган ёшлар намунали фуқароларга бириктирилмоқда.

Ўтган вақт мобайнида бажарилган ишларни танқидий таҳлил этиш, келгусидаги вазифаларни белгилаш, ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини, сайловлардаги ролини ошириш мақсадида Жиззах вилояти Зомин туманида “Барчаси ўз қўлингда!” тарғибот декадасининг 2019 йил 1-ярим йиллик сарҳисоби ва ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинарда Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш ва ҳуқуқий тарғибот бўлимлари мудирлари, бош мутахассислари, Жиззах вилоятидаги олий таълим муассасалари бошланғич ташкилотлари етакчилари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, бош мутахассислари, бошланғич ташкилотлари етакчилари ҳамда соҳа билан боғлиқ ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

— Тарғибот декадаси доирасида туман ва шаҳарларда 10 нафардан ёшлар етакчилари, ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар, ҳуқуқшунос мутахассис иштирокида “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари шакллантирилди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Бегмат Очилов. — Гуруҳлар 4 минг 210 та таълим муассасаси, 980 та корхона, 970 та ҳарбий қисм, 3 минг 784 та маҳалла ва чекка овулларда “Жиноятни жиловлаш лозим”, “Ёшлар жиноятчилик оламига қарши”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар”, “Биз коррупцияга қаршимиз” каби мавзуларда 1 миллион 450 минг нафар ёш иштирокида 8 минг 324 та тарғибот тадбирлари ўтказди. Ички ишлар идоралари ва Миллий гвардиянинг 1 минг 750 нафар ходими ҳамда 7 минг 600 нафар кўнгилли ёшлардан иборат “Фидокор ёшлар” патруль гуруҳлари иштирокида 10 минг 314 марта тунги рейд тадбирлари, таълим муассасаларида 3 минг 889 маротаба “Ўқувчи”, “Тиғ” профилактик тадбирлари ўтказилди. 3 минг 283 нафар вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди, 890 нафар ўғил-қиз таълимга қайтарилди.

Семинарда республика миқёсидаги жами 58 та жазони ижро этиш муассасасига тегишли ташкилот раҳбарлари, маданият ходимлари ва турли соҳа вакилларининг ташрифлари ташкил этилиб, муассасалар кутубхоналарига 830 та китоб совға қилингани таъкидланди.

Жорий йил юртимизда 2 миллион ёш сайловларда илк бор иштирок этади. Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Марказий сайлов комиссияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида “Сайлов — менинг ҳуқуқим”, “Мен сайловга тайёрман” каби мавзуларда 35 марта ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил этилган.

Шунингдек, илк бор ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, назоратда турган ёшлар муаммоларини ҳал этиш мақсадида “Синовдан юксалишга қатъий қадам” мавзусида 22 марта очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирларда 269 та мурожаат билдирилган бўлса, шундан 162 та муаммо, 48 нафар ёшнинг бандлик масаласи ҳал этилди, 55 нафар ёш касб-ҳунар ва чет тиллари тўгаракларига жалб этилган. Аммо йўналишдаги амалий ишлар айрим жойларда кутилган натижани бермади. Жумладан, республика миқёсида вояга етмаганлар жиноятлари таҳлил этилганда, номусга тегиш 1 тадан 5 тага, босқинчилик 4 тадан 8 тага, гиёҳвандлик 2 тадан 4 тага кўпайгани маълум бўлди. Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги ишлар қониқарсиз баҳоланди. Тошкент вилоятида ўтган йилга нисбатан бу йил қотиллик жинояти 2 тага, безорилик 2 тага ошган бўлса, номусга тегиш ва ўғрилик ҳолатлари 1 тага кўпайган. Фарғона вилоятида номусга тегиш 3 тага, босқинчилик 2 тага, гиёҳвандлик 2 тага, ўғрилик 1 тага ошган.

Фарғона вилоятида синов тариқасида жиноятчиликка мойил, ички ишлар органлари рўйхатида турувчи ёшларнинг электрон базаси шакллантирилиб, уларнинг хатти-ҳаракати билан онлайн шуғулланиш ва назорат олиб боришнинг инновацион тизими яратилди.

Ўқув-семинар якунида 2019 йил якунига қадар ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019