Волонтёрлар Давлат хизматларини тарғиб қилади

10:04 16 Октябр 2020 Жамият
172 0

Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда ДХА Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад — ёш авлоднинг мамлакатни янада демократлаштириш ва янгилаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларидаги кенг иштирокини таъминлаш, ёшларда электрон давлат хизматларидан фойдаланишга доир амалий кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Меморандумга асосан Давлат хизматлари марказларида Кўнгилли ёшлар гуруҳларини (волонтёрлар) ташкил этиш белгиланган. Ушбу гуруҳлар томонидан аҳолининг, айниқса, ёшларнинг давлат хизматларидан фойдаланишга доир маданияти, шунингдек уларда my.gov.uz портали орқали электрон хизматларни олиш бўйича амалий кўникмалари шакллантирилади, давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади ҳамда ёшларнинг бу соҳадаги ижтимоий кайфиятини тадқиқ этиш бўйича социологик тадқиқот, ижтимоий сўровлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, кўнгилли гуруҳ аъзоларидан Давлат хизматлари марказлари ҳамда Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлимларига кадрлар захираси шакллантирилади.

— Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги бошқарма тасарруфидаги шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари ҳамда Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлимларида 130 нафарга яқин ёш ходимлар меҳнат қилмоқда, — дейди бошқарма ёшлар етакчиси Умиджон Мамарасулов. – Уларнинг таклиф ва ташаббуси билан жорий йилнинг январь ойида бошқармада Ёшлар бошланғич ташкилотини тузганмиз. Бошқарма бошлиғи томонидан тизимда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан 2020 йилга мўлжалланган Чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Шу кунга қадар ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг ишчанлик қобилиятини ошириш билан боғлиқ бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, бошланғич ташкилот томонидан Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ижобий ташаббус ижроси доирасида ходимлар ўртасида спорт мусобақалари ва турли кўрик-танловлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Тадбир сўнггида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этаётган ёшларнинг бир гуруҳи ташаккурномалар билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?