Сурхондарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қуввати 1000 мегаватт бўлган қуёш электр станциялари қурилади

19:10 24 Май 2018 Иқтисодиёт
539 0
Фото: Review.uz

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 26 майдаги “2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, 42 та янги гидроэлектр станция қуриш ва ишлаб турган 32 та гидроэлектр станцияни модернизация қилиш кўзда тутилган. Шуларнинг ҳисобига 2025 йилга қадар Ўзбекистонга экологик тоза энергия ишлаб чиқариш қувватларини 1,7 баробар ошириш кўзда тутилган.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Акмал Аббосовнинг "Халқ сўзи" мухбирига айтишича, жорий йилда Канаданинг “Sky Power” компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1000 мегаваттга тенг бўлган қуёш электр станцияларни қуриш, шунингдек, Германиянинг “Siemens” компанияси билан биргаликда қуввати 100 мегаваттни ташкил этадиган шамол электр станциясини ишга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Туркиянинг “Iltekno” компанияси ҳам муқобил энергия воситаларининг инновацион ускуналари билан Ўзбекистонга кириб келишини режа қилган. Компания электр энергиясини 40-50 фоизгача тежайдиган махсус инновацион ускуналаримизни таклиф қилмоқда.

"Юртингизда энергия самарадорлигини таъминлаш, муқобил энергияни ривожлантириш бўйича катта қадамлар ташланган. Бугунги тадбирда электр энергиясини 40-50 фоизгача тежайдиган махсус инновацион ускуналаримизни Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларида қўллашни таклиф этяпмиз. Албатта, бу ҳамкорлигимизнинг дастлабки босқичи бўлади. Келгусида ана шундай янги лойиҳаларни жорий этиш ниятидамиз", — дейди компания лойиҳа координатори Шабнам Маммадова.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар