Водий вилоятларида смарт карта шаклидаги кадастр паспорти берилиши бошланди

14:19 20 Май 2020 Иқтисодиёт
398 0

Бугунги кунда ҳар қандай соҳада технология ўз сўзини айтмоқда. Энди кадастр соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Соҳада замонавий инновацион ечимлар истеъмолга жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрь куни “Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 987-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ариза берувчига давлат хизматлари марказлари орқали Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг пластик шаклда тайёрланадиган янги намунадаги кадастр паспорти берилиши назарда тутилган.

Махсус НФС технологияли микрочипга эга ақлли карта шаклидаги кадастр паспорти электрон кўринишга эга бўлиб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларга эга.

— Янги намунадаги кадастр ҳужжатлари — кўчмас мулк хариди вақтида ишонч комил бўлиши учун энг хавфсиз ва замонавий ечим, — дейди ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Содиржон Ибрагимов. – Унинг афзаллиги шундаки, аввало, барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади. Ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизлиги юқори савияда ташкил қилинган бўлиб нотариал идораларда уй-жойни расмийлаштириш вақтида ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни кескин равишда енгиллашади. Смарт карта йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган вазиятларда эса масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя. Эътиборли жиҳати шундаки, тез фурсатларда уй-жой билан узвий боғлиқ бўлган коммунал, солиқ, ипотека ва суғурта хизматларини смарт карта орқали ишлатишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали мулкдорлар вокалатли ташкилотларга мурожаат этмасдан туриб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтларида “QR scanner” мобиль иловаси орқали олишлари мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?