Владимир ТЮРДЕНЕВ: «Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида муҳим воқеага айланади»

11:54 17 Октябр 2018 Сиёсат
448 0

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда янада юқори босқичга кўтарилди. Мухбирларимиз ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда йирик инвестициявий лойиҳалар ҳақида Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир ТЮРДЕНЕВ билан суҳбатлашди.

— Элчи жаноблари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар суръатини қандай баҳолайсиз, улар нималарда намоён бўлмоқда?
— Россия — Ўзбекистон муносабатларининг изчил ривожланишига мамлакатларимиз раҳбарлари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро алоқалар ва ишончли мулоқот катта туртки беряпти. Зеро, улар турли халқаро саммитлар доирасида учрашувлар ўтказиб, муҳим масалаларда мунтазам равишда телефон орқали мулоқот қилишмоқда.
Дарҳақиқат, вазирликлар ва идоралар йўналишлари бўйича ҳам ҳамкорлик фаоллашди. Биргина 2018 йилнинг бошидан буён Россиядан Ўзбекистонга 30 дан зиёд делегациялар ташриф буюргани бунинг тасдиғидир.

Минтақалараро алоқалар ҳам жадал ривожланяпти. Хусусан, 2017-2018 йилларда Россия минтақалари раҳбариятлари даражасида, жумладан, Чеченистон Республикаси ва Татаристон раҳбарлари, Санкт-Петербург, Челябинск, Ивановск ва Оренбург вилоятлари губернаторлари билан 20 дан ортиқ икки томонлама ташрифлар амалга оширилди. Олтой ўлкаси, Новосибирск ва Свердловск вилоятлари раҳбарлари ўринбосарлари даражасида делегациялар ташриф буюрди. Яқин кунларда Тошкентда икки давлат Президентлари иштирокида “Ўзбекистон — Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади. Бу Россия Федерацияси субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот учун доимий майдонга айланиши, шубҳасиз.

Россия — Ўзбекистон муносабатларининг ҳолати ва истиқболларини баҳолаганда, икки томонлама иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратиш ўринлидир. 2018 йилнинг январь — август ойларида Ўзбекистон ташқи савдосида Россиянинг улуши 18,3 фоизни ташкил этди. Бинобарин, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги бўлиб қолмоқда. Ўзаро товар айирбошлашнинг ижобий динамикасини инобатга олган ҳолда, 2018 йил якунида кўрсаткичларни беш миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилаётир. Бунда 2017 йилда йўлга қўйилган “яшил йўлак” — соддалаштирилган божхона ва фитосанитар назорати муҳим ўринга эга бўлиши керак. Зеро, шу орқали Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди.

Атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликнинг фаоллашуви ўзаро алоқалар учун катта воқеадир. Ўзбекистонда Россия технологиялари бўйича АЭС қуриш бу борадаги энг муҳим лойиҳа ҳисобланади. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарлари томонидан мазкур қурилишга рамзий старт берилади.

Мутахассисларимиз ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бюджетни прогнозлаштириш, божхона ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш жабҳаларида энг яхши амалиётларни алмашиб келишмоқда.

Таълим соҳасидаги ўзаро алоқалар ҳам катта истиқболга эга. Ўзбекистон Россия олий ўқув юртларида талабаларнинг таҳсил олиш кўрсаткичлари бўйича етакчилар қаторида туради. 2017 йилда ўзбекистонлик 5500 дан зиёд абитуриентлар Россия олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Уларнинг 170 нафари Россия ҳукумати томонидан ажратиладиган таълим квоталари бўйичадир. 2018 йилда мазкур квота 203 ўрингача кўпайтирилди. Ўз навбатида, ўзбекистонликлар учун, жумладан, ижодий йўналишлар бўйича ҳам бюджет квоталарини келгусида янада кўпайтиришга доир келишув мавжуд.

Юртингизда самарали фаолият юритаётган М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ҳамда И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети қаторига жорий йилнинг сентябрь ойидан Олмалиқда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг Миллий технологик тадқиқотлар университети филиали ҳам қўшилди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Москва муҳандислик-физика институти филиалларини очиш режалаштириляпти. Шунингдек, Ўзбекистон томони республика ҳудудларида А. Пушкин номидаги Рус тили давлат институти филиаллари ҳамда ОТМ базаларида “рус тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича таълим олиб борадиган рус тили марказларини очишга ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Яна бир янгилик. Тошкентда мамлакатларимиз тарихида илк бор Таълим форуми бўлиб ўтади. Унда Россиядаги 80 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари вакиллари қатнашади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга амалга оширган давлат ташрифи чоғида қиймати 16 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланган эди. Унда кўзда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни қандай кетмоқда?
— Тасдиқланган лойиҳаларнинг кўпчилиги саноат ва энергетика секторида рўёбга чиқариляпти. Хусусан, 2018 йил апрель ойида Бухоро вилоятида Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг йирик сармоядори — “Лукойл” компанияси иштирокидаги навбатдаги йирик лойиҳа. Унинг умумий қиймати 3,4 миллиард доллардан ортиқ. Корхона йилига 8,1 миллиард кубометр газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эга.

Россиянинг бошқа бир энергетика гиганти — “Газпром” компанияси ҳам Ўзбекистонда фаол иш олиб бормоқда. У ўзбек газини сотиб олиш ва геология-қидирув ишларида иштирок этаётир. Маҳсулотни тақсимлашга доир келишувга асосан, “Шохпахта” газ конини ўзлаштириш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш давом эттириляпти.

Телекоммуникация соҳасида “ВымпелКом” компаниясининг “Юнител” МЧЖ шуъба компанияси Ўзбекистон бозорида 2006 йилдан буён фаолият олиб боряпти. Бугунги кунга келиб, унинг умумий инвестициялари ҳажми 1,15 миллиард доллардан зиёд. Компаниянинг алоқа бозоридаги улуши — қарийб 50 фоиз (10 миллион абонент)га тенг.

Россиянинг “Евроцемент” холдинги таркибидаги “Оҳангаронцемент” ОАЖ Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш қуввати бўйича иккинчи ўринда туради. Ҳозирги кунда холдинг томонидан Тошкент вилоятида “қуруқ усул” билан цемент ишлаб чиқариладиган янги заводни барпо этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ базасида “Ростсельмаш” заводи иштирокида комбайнлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

— Шу кунларда юртимизга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан келади. Юқори даражадаги учрашувлардан нималар кутилмоқда?
— Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида муҳим воқеага айланади. У нафақат 2017 йил апрель ойида Москвада эришилган келишувларни амалга ошириш натижаларини кўриб чиқиш, балки Россия — Ўзбекистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш, икки мамлакат халқларини бир-бирига янада яқинлаштиришда янги туташ нуқталарни излаш имконини беради.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
«Халқ сўзи» мухбирлари 
Омонулла ФАЙЗИЕВ ва Саиджон МАХСУМОВ
суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар