Вирус йўқ бўлиб кетмагунча шундай шароитда яшашга, ишлашга мажбурмиз​​ — А.Қодиров

22:29 29 Август 2020 Жамият
199 0

Жиззах вилоятида халқ депутатлари  Пахтакор тумани Кенгашининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирок этди ва сўзга чиқиб, дунёни ташвишга солаётган пандемия Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаганини, ҳукуматимиз томонидан халқимизни вирусдан ҳимоя қилиш, муҳтож аҳоли қатламини моддий қўллаб-қувватлаш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

— Карантинда аҳолини давлатнинг ўзи қатъий назоратга олган бўлса, энди одамларнинг ўзларига шахсий масъулият юкланяпти, — деди у. — Ўзимиз, яқинларимиз соғлигини ўйласак, уйда, кўча-кўйда ва ишда белгиланган масофани сақлаб, ниқоб тақиш, озодаликка қатъий риоя қилишни янада кучайтиришимиз лозим. Энди бу вирус ҳаётимиздан бутунлай йўқ бўлиб кетмагунча шундай шароитда яшашга, ишлашга мажбурмиз.

Маҳаллий кенгаш депутатлари бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириб, бугун энг муҳим масала сифатида белгиланган ишсизлар бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни тугатиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ишларида фаол иштирок этмоғи лозим.

Сессияда эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилиб қайтганларни ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 18 та мактабда пандемия шароитида ўқув жараёнларини бошлаш юзасидан ота-оналар билан ўтказилган сўровнома якунлари кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?