Видеолавҳадан сўнг асосий таянч деворлари захлаган, сувоқлари кўчиб тушаётган юқумли касалликлар бўлими қайта таъмирланади

17:26 19 Август 2019 Жамият
152 0

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимининг антисанитария ҳолати, бинонининг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ҳамда бу ерда беморларнинг даволаниши учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди ва қуйидагилар аниқланди.

Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими биноси 2012 йилда инвестиция дастури асосида қурилган. Бино тоза ичимлик суви, сув иситгич қурилмалари ёрдамида иссиқ сув ҳамда канализация тизими билан таъминланган. Ичимлик суви ва канализация қувурлари девор ва пол қисмидаги туз миқдори ҳисобига занглаган. Ҳозирда ушбу қувурлардан сув сизиб чиқиши натижасида бинонинг асосий таянч деворлари захлаган, сувоқлари кўчиб тушмоқда. Шунга қарамасдан бинонинг девор сувоқлари, сув ва канализация тизимида бир неча бор жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Жорий йил бошида мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида тегишли соҳа мутахассислар иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижаларга кўра, бинонинг пойдевор қисми атрофини очиш, уни захлашдан ҳимоялаш бўйича таклифлар берилди. 

Жумладан, Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун бинони капитал таъмирлаш ҳисобига унинг пойдевор қисмини ер ости сувидан ҳимоялаш, изоляция қилиш, ичимлик суви тизимидаги барча қувурларни алмаштириш, канализация тизимини марказий шифохонанинг марказлашган канализация тизимига улаш, деворларнинг кўчиб тушаётган сувоқларини тушириш, уларни захдан ҳимоя қиладиган махсус воситалар билан таъминлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция дастури доирасида 13,7 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Яқин вақт оралиғида мазкур бинонинг қайтадан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади. 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада мазкур бинонинг ишламай турган қисми акс этган. Туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази бош шифокори Ш. Бобоеванинг хулосасига кўра, бинонинг ҳозирги ҳолати аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳамда шифохона ичи инфекциялари юқтирилиши ва тарқатилишига асос бўлмайди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019