“Вестник Кавказа”: Туркия Президенти ўз аждодлари юртига келаяпти

15:59 27 Апрель 2018 Сиёсат
1422 0
Фото: Вестник Кавказа

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 29 апрель — 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифи жаҳоннинг кўплаб ОАВ ахборот воситалари эътиборида бўлиб турибди. Жумладан, Россиянинг таниқли “Независимая газета”си шарҳловчиси Виктория Панфилова ҳам “Вестник Кавказа” интернет нашри учун Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ушбу ташриф ҳақида мақола билан чиқиш қилди. Қуйида мақолани жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель — 1 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Шу ердан Жанубий Кореяга жўнаб кетади. Тошкентдаги музокаралар давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади. Ўзбекистон иқтисодиётида Туркия инвестицияси масаласи бу борада асосий йўналишлардан бири бўлади. Зеро, томонлар қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг битимлар имзолаши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Шарқда 1990-йилларда йўқотган алоқалари ва позициясини ишонч билан тиклаяпти. Туркиялик экспертлар Анқара Европа Иттифоқига кириш истиқболларини ортиқча баҳолаб, хатога йўл қўйди. Ўшанда турк ташқи сиёсати ўз диққатини айнан шу режани амалга оширишга қаратган эди. Анқара Европа деворларини муваффақиятсиз тақиллатишда давом этаётган бир пайтда унинг деярли эътиборсиз қолдирилган Марказий Осиёдаги таъсири тўхтовсиз кучсизланиб борди. Бинобарин, бугун у мусулмон оламида ўрин олиш учун Эрон ва Саудия Арабистони билан геосиёсий рақобатга киришиб, ўз позициясини қайтариб олишга ҳаракат қилаётир.

Экспертлар Режеп Таййип Эрдўғоннинг Тошкентга 2016 йил ноябрь ойида қилган илк сафарига турк-ўзбек муносабатларидаги “қайта юкланиш” дея баҳо берганди. Туркия Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёдаги иккита асосий давлат эканлигини яхши англайди. Остона билан Туркия ўртасида иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги алоқалар аллақачон йўлга қўйилган бўлса, Тошкентда бу борадаги муносабатлар энди-энди қурилаяпти. 2018 йил февраль ойидан бошлаб икки давлат ўртасида визасиз тизим жорий этилгани бунга бир мисолдир.

“Ўзбекистон ва Туркия яқин маданият, тил, урф-одатлар ва дин билан боғланган икки қардош халқлар юртидир. Турклар Ўзбекистоннинг бугунги ҳудудини “отатурк”, яъни оталар, аждодлар замини деб атайди. Ўз навбатида, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат ҳисобланади. Тошкентда очилган хорижий мамлакатларнинг биринчи дипломатик ваколатхонаси ҳам айнан Туркияникидир”, — дейди эксперт Абу-Али Ниёзматов.

Республика раҳбарлигига Президент Шавкат Мирзиёевнинг келиши билан Туркияга нисбатан муносабат бўйича вазият тубдан ўзгарди. 2017 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалга оширган давлат ташрифи билан борди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикасининг Буюк Миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳ тузилди. Уни Ўзбекистон Сенати (парламент юқори палатаси) раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бошқариб келмоқда.

“Туркия ҳамиша Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо шериги ҳисобланиб келинади. Бу борада у Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейинги тўртинчи ўринда туради. 2017 йил якунларига кўра, Ўзбекистон — Туркия ўртасидаги товар айланмаси 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Ўйлашимча, истиқболда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари либераллаштирилиши уйғунлигида жадал ривожланиб боради”, — дея фикрини давом эттиради Абу-Али Ниёзматов. 

Унинг сўзларига кўра, Туркия Президентининг Тошкентга қиладиган давлат ташрифи давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва маданият жабҳаларида қатор ўзаро ҳужжатлар имзоланиши назарда тутилаяпти.
Пировардида Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри йўналтириладиган турк сармояси ҳажми ҳам ортади. Мухтасар айтганда, Туркия Президентининг Тошкентга амалга оширадиган сафаридан кўп нарса кутилаяпти.  
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019