Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларига вертолёт орқали сайр қилиш имконияти яратилди

15:05 24 Июнь 2018 Welcome to uzbekistan
757 0
Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» қошидаги «Maxсус авиация ишлари» авиакомпанияси туроператорлар, агентликлар ва барча хоҳловчиларга Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларига вертолётда сайр қилиш хизматидан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда МАК матбуот хизмати маълум қилди.

Саёҳат учун 16 ўриндиқли VIP-класс ва 22 ўриндиққа эга бўлган эконом-класс Ми-8 вертолётларидан фойдаланилади. Вертолётда сайр қилишнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у етиб бориш қийин бўлган жойларга ҳам учиб бориш ва қўниш имконини беради.

«Биз Тошкент вилоятининг сўлим гўшалари бўлган Пскем водийси, Майдонтол, Ихначсой, Испайсой ва қайноқ сув отилиб чиқадиган булоқлари билан машҳур Ангрен ясси тоғлари, Каптаркумуш дараси, Пўлатхон ясси тоғлари, Чимён чўққисига вертолётда сайр қилишни таклиф этамиз. Йилнинг иссиқ кунларида Тошкентдан бу ерга бир кунлик вертолёт орқали табиат қўйнига сайрлар ташкил қилиш мумкин.

Самарқанддан Зарафшон тоғ тизмаларига, Ғилон, Зармас қишлоғига, Темур гўрига, Тешиктошга бир кунлик саёҳатга нима дейсиз? Қоядан туриб атрофни кузатишни севасизми? Унда Сурхон тоғ тизмаларидаги Бойсун, водород сулфид манбасига эга Хўжаи Пок сизга мунтазир. Бухородан Учқудуққа қараб учишда қайноқ сув чиқиб турадиган чашмаларга ташриф буюриш, ҳақиқий Шарқ эртакларидаги улкан қумтепалар ва бепоён қумликларни томоша қилишингиз мумкин. Нукусдан, Мўйноқдан, Қўнғиротдан Орол денгизи томонга қараб йўлга чиқинг ва Хоразм вилояти бўйлаб чўзилган қадимий қалъаларни кўриб баҳра олинг.

Бошни айлантирадиган баландликдан туриб чанғида ёки сноубордда учишни истайсизми? Чимённинг энг баланд нуқтасидан пастга тушмоқчимисиз? Биз сизнинг орзуларингизни рўёбга чиқарамиз!

Ёзги мавсумнинг энг иссиқ палласи — чиллада вертолётни Чимён метеостанцияси вертолёт майдончасида, Чорвоқ оромгоҳи дам олиш зонасида қўндириш ва шу ернинг ўзида қисқа муддатли парвозларни бажаришингиз мумкин», дейилади хабарда.

Хизматлар жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилади. Хабарда сайр қилишнинг нархи борасида маълумотлар берилмаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

“Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталари таҳририяти ишга таклиф қилади

“Халқ сўзи”-“Народное слово” газеталари таҳририяти таржимон-журналистларни ишга таклиф қилади.

30 Май 2018